Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ҳисоботдан кўпчилик қониқмади

Ҳисоботдан  кўпчилик қониқмади

      Ургутда кимёвий оқовалар муаммога айланмоқда

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида маҳаллий ижроия органлари фаолияти кескин танқид қилинди.

                 Чуқур ва ҳар томонлама асосланган таҳлилий маълумотлар сабабли кутилган йиғилиш кутилмаган натижа билан якун топди. Бугунги куннинг долзарб масалалари юзасидан Самарқанд вилоят инвестиция бошқармаси, айниқса, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутасаддилари томонидан тақдим этилган ахборот ва ҳисоботлар партиямиздан сайланган депутатларни қониқтирмади. Ҳар икки масъул раҳбарнинг ҳисоботини вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиш ҳақида якдил қарор қабул қилинди. Бундай қарор O‘zLiDePнинг қуйи тузилмалари, хусусан, Ургут туманидаги бош­ланғич партия ташкилотлари етакчилари томонидан астойдил қўллаб-қувватланди.

                Йиғилиш тафсилотлари ва унда тилга олинган рақамларга ўтишдан аввал Самарқанд вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Ш.Сафаровнинг биринчи бор эмас, иккинчи маротаба депутатларимизга ҳисобот беришга вақт топа олмаганини алоҳида таъкидлашни истардик. Унинг ўрнини босиш вазифаси юклатилган мазкур бошқарма бўлим бошлиғи М. Ҳусановнинг жиддий тадбирга етарлича тайёргарлик кўрмасдан “ташриф буюргани” эса нафақат O‘zLiDeP фаоллари, балки амалдаги қонунларга ҳам ҳурматсизлик деб баҳоланди.

              Тадбирда вилоят инвестиция бошқармаси бошлиғи Ж.Мусаев Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги  “Самарқанд вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси ҳамда ҳудудга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда ташқи бозорда талаб юқори бўлган, импорт ўрнини босувчи ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган замонавий корхоналарни барпо этиш борасидаги фаолият хусусида ахборот берди.

             Қуйидаги далил ва рақамлар унинг маърузасидан ёзиб олинган:

             – Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги фармони билан ташкил этилган “Ургут” эркин иқтисодий зонаси учун Ургут туманининг Мерганча ва Сариқтепа, Пастдарғом туманининг Дўстлик, Нуробод туманининг Сазағон мавзеларида жами 816 гектар ер майдони ажратиш белгиланган эди. Бугунги кунгача вилоят маъмурий кенгаши томонидан “Ургут” ЭИЗда жойлаштириш учун умумий қиймати 196,2 миллион АҚШ долларига тенг 60 та лойиҳа маъқулланган. Мазкур лойиҳалар амалга оширилгач, 4185 та янги иш ўрни яратилиши, 514,2 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот ишлаб чиқарилиши ҳамда 108,0 миллион долларлик экспорт қилиниши режалаштирилган. Дастлабки натижаларни кузатадиган бўлсак, Мерганчада 13 та лойиҳа учун 18 гектар, Сариқтепада 40 та лойиҳа учун 55 гектар, Сазағонда 3 та лойиҳа учун 13 гектар, Дўстликда 4 та лойиҳа учун 9 гектар ер майдони ажратилиб, тадбиркорлар ишларни бошлаб юборганини кўришимиз мумкин. Аниқроқ айтганда, 34 та лойиҳа ташаббускорлари томонидан қурилиш-таъмирлаш, қолганларида эса лойи­ҳа-смета ишлари ҳамда бошқа тегишли тадбирлар олиб борилмоқда. Йил якунигача 13 та лойиҳа тўлиқ ишга тушиши туфайли 66,2 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилади ва 1200 га яқин янги иш ўрни яратилади.

               Президентимиз қарорига асосан Самарқанд вилоятида 14 та кичик саноат зонаси ташкил этилган. Бунинг учун 49,9 гектар ер майдони ва 39,5 минг квадрат метр бино-иншоотлар жойлашган ҳудуд туман ва шаҳар ҳокимликлари балансига ўтказилди. Мазкур ҳудудда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун Тараққиёт ва тикланиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 50 миллион доллар миқдорида кредит ажратилган. Шунингдек, 2018 йилнинг биринчи чораги давомида Самарқанд вилоятида хорижий инвестиция иштирокида жами 295 та корхона рўйхатга олингани қайд этилди.

              Депутатлик эшитуви давомида Ж.Мусаев вилоятнинг Нуробод, Қўшработ, Пахтачи каби туманларида инвестиция жалб қилиш масаласи суст бораётганини ҳам очиқ-ойдин айтиб ўтди.

           Депутатлар эшитувга қўйилган масалаларнинг нақадар долзарблигидан келиб чиққан ҳолда мавжуд муаммолар ечимига жуда катта масъулият билан ёндашиш зарурлигига урғу беришди. Чунончи, депутат Бахтиёр Хўжаёров кичик саноат зоналарининг инфраструктурасини замон талабларига мослаштириш, хусусан, кўп жойларда канализация масаласи ҳали-ҳануз муаммолигича қолиб кетаётганини алоҳида таъкидлаб, фикрини тасдиқлаш учун аниқ мисол ҳам келтирди:

           – Ургут туманидаги гилам ишлаб чиқарувчилар фойдаланган сув, кимёвий оқовалар қаерга ташланяпти? Унинг тупроқ ва ҳавога таъсири қандай? Яқин тўрт-беш йилда маҳаллий аҳоли орасида турли хил юқумли касалликлар келиб чиқмаслигига ким кафолат беради? Президентимиз Ургутда коммуникациялар соҳасидаги жиддий муаммоларни қисқа фурсатда бартараф этиш юзасидан  аниқ топшириқ берган эдилар. Лекин, афсуски... 

          Йиғилишдаги муҳокамалардан қониқмаган депутатлар вилоят Кенгаши сессиясига қадар “Ургут” ЭИЗ ҳамда 14 та кичик саноат зоналарида мавжуд автотранспорт йўллари, электр энергияси ва газ тармоқларининг ҳолати, коммуникациялар соҳасидаги мавжуд камчиликлар, уларни келтириб чиқарган сабабларни янада чуқур ўрганишга киришдилар.

Муҳаббат РАВШАНОВА,

“XXI asr” мухбири