Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ҳоким ҳукмдор эмас!

Ҳоким ҳукмдор эмас!

Ўзбекистонда ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатидаги мақоми бекор қилиниши узоқ кутилган ўзгаришларга йўл очиб берадими, йўқми?

 

Ҳокимларнинг ҳам ижро ҳокимиятига, ҳам вакиллик ҳокимиятига яккабошчилик қилиши тўғри бўлмаслиги ҳақида шу вақтга қадар кўп гапирилган, катта-кичик давраларда фикрлар билдирилган, таклифлар берилган. Лекин бу масала негадир йиллар давомида орқага суриб келинаверди. Халқ вакилларидан сайланадиган депутатларга ишонч билдирилмади гўё. Бошқарув ва назоратни ўта марказлашган ҳолатда сақлаб қолишга уриниш сезилиб турди. Бунинг оқибати яхшиликка олиб келмади.

2017 йил сентябрь ойида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги Президент фармонида кўрсатиб ўтилган 11 камчиликнинг аксарияти ижро ҳокимияти фаолияти билан боғлиқ бўлди.

Хусусан, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини ташкил этиш асослари ҳудудларни ривожлантириш суръатларини пасайтирувчи хусусиятга эга экани, жойлардаги муаммолар ўз вақтида ҳал этилмаётгани, давлатнинг ортиқча тартибга солиши ислоҳотларга салбий таъсир кўрсатаётгани, ижро ҳокимияти фаолиятини баҳолаш механизмлари фақат ҳолатларни қайд этиш ва статистик маълумотларни жорий тўплашдан иборат бўлиб қолаётгани таъкидланди.

Қолаверса, жойларда ижро ҳокимияти органларининг ўзаро таъсирчан механизмлари мавжуд эмаслиги, давлат ваколатларининг ҳаддан ташқари марказлашгани маҳаллий ижро ҳокимияти ролининг пасайишига олиб келаётгани қайд этилди. Ижро ҳокимияти фаолиятининг етарли даражада очиқ ва шаффоф эмаслиги, жамоатчилик назоратининг кучсизлиги ҳаддан ташқари бюрократия ва коррупцияга олиб келаётгани афсусланарли, ачинарли ҳолатдир.

Юқорида келтириб ўтилган камчиликларнинг асосий сабабларидан бирини халқ вакиллари — депутатларнинг ҳудудларда таъсир кучига эга эмаслиги билан изоҳлаш мумкин.

Депутатлар фаолиятига баҳо берилганда аксарият ҳолларда «улар асосан маъқуллаш, қўл кўтаришдан бошқасини билмайди», деган мазмундаги чуқур ўйланмаган хулосалар билан чекланилади. Аҳвол шу даражагача бориб етдики, депутат деганда кўпчилик оқ кўйлак кийиб, бўйинбоғ тақиб, йиғилишдан йиғилишга юрадиган кишиларни тушунадиган бўлиб қолди. Депутатларга нисбатан ёппасига ишончсизлик кайфиятида муносабатда бўлиш йиллар давомида жиддий саволларни кўздан панада тутиб келди. Гўё аксарият муаммоларимизга депутатлар айбдордек ғалати таассурот уйғонди.

Маҳаллий Кенгаш депутатлари нега кўпинча маъқуллаш ва қўл кўтаришдан у ёғига ўтмайди?.. Қонунларга асосланиб жавоб излайдиган бўлсак, аслида депутатларда ижро ҳокимиятини назорат қилувчи тузукроқ ваколатнинг ўзи йўқлиги кўриниб қолади. Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонунни диққат билан ўқиб чиққан киши бунга амин бўлади. Ҳар ҳолда, мен шундай ўйлайман.

Шу Қонуннинг 24-моддасида халқ депутатлари Кенгашининг ваколатлари белгилаб берилган. Унга кўра, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини, туман, шаҳарнинг бош режаси ва уни қуриш қоидаларини тасдиқлайди; маҳаллий бюджетларни кўриб чиқади ва қабул қилади, маҳаллий бюджетларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди, ҳокимнинг ўринбосарларини лавозимга тасдиқлайди, ҳокимлик структурасини, унинг ходимлари штатлари ва иш ҳақи фондини тасдиқлайди. Ана шу ишларнинг ҳаммасини халқ депутатлари Кенгашлари, яъни депутатлар ҳокимнинг тақдимига асосан «истаса-истамаса амалга оширади». Аниқ ёзиб қўйилган: депутатлар кўриб чиқади ва тасдиқлайди. Булар ваколат эмас, кўпроқ мажбуриятни эслатади. Депутатлар тасдиқламаса нима бўлиши, қандай ҳуқуқий оқибат келиб чиқиши ҳақида қонунда ҳеч нарса дейилмаган.

Кўриб чиқиладиган масала бўйича тайёрланган қарор лойиҳаси тасдиқланиши сессия бошланишидан олдин маълум бўлса, баҳс-мунозарага киришишдан, вақтни беҳуда чўзишдан нима фойда? Тўғри, фикрлар айтилиши, таклифлар берилиши мумкин, лекин уларнинг қабул қилиниш-қилинмаслигини ҳокимнинг якка ўзи ҳал этади. Шундай бўлгандан кейин депутатлар фаоллик кўрсатишига асос жуда камайиб кетмайдими?..

2014 йил апрель ойида Конституциямизнинг 103-моддасига вилоят, туман ва шаҳар ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгашига ҳисоботлар тақдим этади, улар бўйича халқ депутатлари Кенгаши томонидан тегишли қарорлар қабул қилинади, деган мазмунда қўшимча киритилган эди. Ўшанда бу янгилик демократик нуқтаи назардан жуда улкан воқеа бўлгани ҳақида ОАВ орқали катта шов-шув кўтарилган, «Кимсан ҳоким жаноблари депутатларга ҳисобот берадиган бўлди, мана сизга демократиянинг ёрқин кўриниши», дегандек фикрлар билдирилган эди. Лекин айрим саволлар эътиборсиз қолдирилган эди.

Савол шундай эдики, қонунда ҳоким вилоят, туман ва шаҳарнинг олий мансабдор шахси бўлиб, айни бир вақтда тегишли ҳудуддаги вакиллик ва ижроия ҳокимиятини бошқаради, деган қоида бўлса, ҳоким ўзи раҳбар бўлган ташкилотга ўзи ҳисобот берадими? Бу ғайритабиий ҳолат эмасми?..

Эҳтимол, шунинг учун Бош қонунга 5 йил аввал киритилган меъёрнинг самаралари ҳаётда сезилмаяпти. Йиғилишлар кўпайди, семиз ҳисоботлар кўпроқ ёзиладиган бўлдию, ҳудудларда вазият ўша-ўша. Ана шундай номига «ишлайдиган» меъёрлар халқ хоҳиш-иродаси ва жамоатчилик назорати сингари улуғвор тушунчаларнинг қадрини пасайтиради. Ҳолбуки, ер юзидаги фаровон жамиятлар асосини ана шу қадриятлар ташкил этади.

Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашига раислик мақомини бекор қилиш бўйича вазифа жорий йилга мўлжалланган Давлат дастурида алоҳида белгилаб қўйилган. Керак бўладиган ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш юзасидан парламентда ишчи гуруҳи тузилган. Ишчи гуруҳнинг иккита йиғилиши ўтказилгани ҳақида Қонунчилик палатаси расмий сайтида маълум қилинди. Гарчи ташкилий жараён бироз чўзилаётган бўлса-да, йил охиригача ишлар якунланиб қолса керак. Қонунларни ўзгартириш, қўшимчалар киритиш унчалик қийин эмас. «Қонун ўзгаргани билан ҳокимлар барибир депутатларга гапини ўтказаверади» деган эски қараш қачон ўзгариши долзарб масала. Бизнинг тарихий-ижтимоий шароитда бу анча жиддий савол.

Шунинг учун ҳокимнинг Кенгаш раиси мақомини бекор қилиш жараёнига чуқур ёндашиш талаб этилади. «Ҳар йили ўнлаб, баъзида юзлаб қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади, бу ҳам шунга ўхшаш воқеалардан бири бўлади», деган ўта хотиржам муносабат ярамайди. Ҳокимият, давлат олдида халқ вакилларининг обрўси, таъсир кучи ошиши одатий жараёнлардан эмас. Бу бир-иккита эмас, бир нечта қонун ҳужжатларига ҳар томонлама пухта таклифлар тайёрланиши кераклигини аглатади. «Ҳоким бундан буён депутатларга раислик қилмайди», деган мазмунда жўн меъёрни қонунларга «қистириб» қўйиш билан вазият ўзгармайди. Бу масаладаги ўзгартиришлар шу вақтга қадар онгимизга ўрнашиб қолган «ҳоким» ва «депутат» ҳақидаги тушунчаларни янгилаши керак. Ишчи гуруҳ ана шу мезонга мос таклифлар тайёрлайдими, йўқми, буни вақт кўрсатади.

Қонунларга тайёрланадиган таклифлар «ҳудуд тақдири бир кун келиб, бошқа куни кетадиган ҳокимларга эмас, аввало шу ердаги одамларнинг талабчанлиги, ҳаракатчанлигига боғлиқ» деган муносабатга куч, далда бериши керак.

Биласиз, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ишида ижро ҳокимиятидан тубдан фарқ қиладиган асосий битта омил бор. Ҳоким якка иродаси билан қарор қабул қилади ва ушбу қарори учун керак бўлса, жавобгар бўлади. Лекин халқ депутатлари Кенгашида қарор раис бўлган ҳоким томонидан эмас, депутатларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Яъни, депутатларда Кенгаш қарорига таъсир этиш имконияти бор. Бироқ бу ҳудудларда кам кузатиладиган ҳодиса. Нега шундай бўлади?

Бу масалада биз суҳбатлашган, кўпни кўрган депутатлар қуйидагича фикр билдиришди:

Қонунларга бир қоидани киритар эканмиз, унинг тўлиқ амалга ошишига монеълик қилиши мумкин бўлган бошқа қоидалар ҳам бекор қилиниши керак. Акс ҳолда, баландпарвоз гаплар, оворагарчиликлар ҳавога учиб кетаверади, эски хатолар такрорланаверади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонуннинг 10-моддасида ер муносабатларини тартибга солиш йўриғи акс этган. Унга кўра, вилоят, туман, шаҳар ҳокими ташкилотлар ва фуқароларга ер беришга, бу ҳуқуқни тўхтатиб қўйишга, шунингдек, ерларни олиб қўйишга ҳақли экани қайд этилган. Қизиғи, бу ҳақда ҳоким қабул қилган қарорлар халқ депутатлари Кенгаши томонидан (ортиқча муҳокамаларсиз) тасдиқланиши белгиланган.

Ерни истаган кишисига бериш ва олиб қўйишда ҳокимга тақдим этилган кенг ваколат вақт ўтган сари катта муаммоларни келтириб чиқарди. Ўзини ўйлайдиган ҳокимларнинг ўз билганича чиқарган қарорлари туфайли қанча тадбиркорлар, яна қанча фермерлар мулкидан, неча йиллик меҳнати сингган ерларидан ажралиб қоляпти. 5 йил аввал бир ҳоким қарор чиқариб берган ер майдонини кеча келган янги ҳоким қарор билан олиб қўйиб, ернинг тилини тушунмайдиган бошқа одамга бериб юбораётган ҳолатлар кам эмас. Нимага, деб савол берсангиз, ҳоким ҳақ, у ҳудудда мутлақ ваколатлар соҳиби.

Яқинда Адлия вазири ер олди-бердиси масаласида ҳокимларга ҳаддан ортиқ ваколатлар бериб юборилгани, бу масала бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритиш кутилаётгани ҳақида гапирди. Умуман, маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тубдан қайта кўриб чиқиш керакка ўхшайди.

Мамлакатдаги шунча ислоҳот, шунча даъватга қарамай, нега аксарият депутатларнинг тўпиғига сув чиқмайди? Бу жавоби кўп савол. 2017 йил июль ойида Олий Мажлисда парламент ва сиёсий партиялар вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти нега таъсирчан эмаслиги ҳақида бир муҳим фикр айтилган эди. Бу фикр ҳокимларнинг ҳудудлардаги сайлов натижасига таъсир кўрсатиши масаласи билан боғлиқ: айрим ҳокимлар ўз ҳудудида ўтадиган сайловнинг «об-ҳавоси»ни олдиндан белгилайди, ким депутат бўлишига «йўлланма» беради, ўз атрофига қўлловчилар, «хўпбўладичилар команда»сини йиғиб олади, баъзи ҳудудларда сайловга умуман алоқаси бўлмаган бошқа идоралар ҳам жараёнга зимдан аралашиб туради. Бу ўта аянчли масала.

Ҳокимнинг халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилиш масаласи кун тартибига қўйилаётган экан, кейинги жиддий савол қаршимиздан чиқади. Жорий йил охирида ўтадиган сайловга муносабат қандай бўлади? Ҳудудларда қандайдир сирли рўйхатлар пайдо бўладими, йўқми? Бу саволларга жавоб ҳолати сиёсий партиялар ва номзодларнинг, энг асосийси, халқимизнинг кайфиятини, сайловга, демократияга ишонч даражасини белгилаб беради.

Хулоса ўрнидаги фикр шундай. Халқимиз тақдир тақозоси билан ҳар хил даврлар, турли синовларни бошидан ўтказган, лекин ҳар доим билиб турган, яхшидан ёмонни, оқдан қорани ажрата олган. Мустақиллик замонида, қарийб ўттиз йил ичида сайловчиларнинг янги, етук авлоди етишди, улар бу йилги сайловга катта умид боғлашган. Сайлов ҳаққоний бўлса, маҳаллий Кенгашларда, парламентда чинакам депутатлик фазилатига эга инсонлар кўпаяди. Шунда ҳокимларнинг Кенгаш раислиги мақоми бекор қилиниши воқеасининг ҳикмати ортади, эзгу ташаббуснинг мақсади, маъноси чуқурлашади.

 

Тўлқин Тўрахонов