Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ҳоким ўринбосари “имтиҳон” топширди

Ҳоким ўринбосари “имтиҳон” топширди Халқ депутатлари Урганч туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президентимизнинг 2017 йил 25 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари П. Мадраимовнинг ҳисоботи эшитилди.

Таъбир жоиз бўлса, ижроия ҳокимияти мутасаддиси қилаётган ишлари юзасидан маҳаллий кенгаш депутатларига ўзига хос “имтиҳон” топширди.

– Собиқ пиво заводининг бўш турган объектлари негизида ташкил қилиниши белгиланган кичик саноат зонаси юртбошимизнинг 2018 йил 6 февралдаги “Хоразм вилоятида давлат мулки объектларини тадбиркорлик субъектларига сотиш ва кичик саноат зоналарини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилмоқда, ­– деди
П. Мадраимов. – Ҳудудларнинг чегаралари аниқланиб, лойи­ҳаларни жойлаштириш юзасидан хариталар ишлаб чиқилди. 22 объект алоҳида лотларга ажратилди. Таъкидлаш жоизки, мазкур кичик саноат зонаси ҳудудида сут ва сут маҳсулотлари, ун ва ун маҳсулотлари, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва қуритиш лойиҳаларини ишга тушириш режалаштирилган. Икки марта ўтказилган танлов савдоларида ғолиб бўлган 22 та тадбиркорлик субъекти томонидан жами 21 миллиард 960 миллион 500 минг сўм миқдорида инвестиция киритиш орқали 355 та иш ўрни яратиш белгиланган.

Йиғилишда O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши раиси Ш. Сафарбаев инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ишга туширишга тўсқинлик қилаётган сабабларни аниқлаш, юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриш, лойиҳаларнинг бажарилиши ва иштирокчилар фаолияти самарадорлиги устидан доимий мониторинг олиб бориш тўғрисида сўз юритди.

“Хоразм ичимлиги” МЧЖ раҳбари Руслан Отажанов ўз тадбиркорлигини бошлаш мақсадида
“Микрокредитбанк”дан 7 фоизли имтиёзли кредит олишда муаммолар юзага келаётгани, “Лайло Хива” хусусий корхонаси раҳбари Гайрат Давлетов буйруқбозлик тўсиқлари учраётгани, “Султон Сарой” оилавий корхонаси раҳбари Равшанбек Зарипов ташкил қилган иссиқхонаси бўйича кадастр ҳужжатларида камчиликлар мавжудлиги туфайли рўйхатга қўя олмаётганини айтди. Тилга олинган масалаларнинг тезроқ ҳал этилишини туман Кенгаши депутатлари назоратга олишди.

Ҳоким ўринбосари “имтиҳон”ни қандай баҳога топширганини эса вақт кўрсатади.

Абдулла РЎЗМЕТОВ,
O‘zLiDeP Урганч туман
Кенгаши раиси, халқ депутатлари
Урганч туман Кенгаши депутати