Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

So`ngi habarlar:
Biz tarmoqlarda:

Ҳокимлар газета ўқи(ма)йди, вазирлар-чи?!

Ҳокимлар газета ўқи(ма)йди, вазирлар-чи?!

            Очиғини айтиш керак, кейинги пайтда аксарият раҳбарларнинг “кўз-қулоғи” телевидениедаги айрим оммабопроқ информацион дастур ва кўрсатувлар ҳамда асосан уч-тўртта веб-сайтлар бўлиб қолди. Нега десангиз, ана шуларда бирор “бошоғриқ” материал чиқиб қолса борми, бир кунда ҳамма ёқда шов-шув тарқалади (вилоят ёки туман ҳокимлари билан кечган можаролар, қайсидир раҳбарнинг ишдан кетиши ёки кимнингдир узоқ йиллик “танаффус”дан сўнг озодликка чиққани-ю ва ҳоказо).

          Энг қизиғи, кундалик ёки ҳафталик нашрларда ҳар қанча “тишли-тирноқли” мавзу кўтарилмасин, яқин ўртада ҳеч ким “сен-мен”га борганини эслолмаймиз. Бунинг сабаби нимада, дейишга шошилманг.

          Аввало, бугун ахборот майдонидаги рақобатга ҳар қандай оммавий ахборот воситаси (матбуот бўладими, теле-радиоми ёки интернет нашрларими, барибир) тенглашиши, чидаши осон кечмаяпти. Воқеалар, янгиликлар, турли туман шов-шувларни исталган жойда исталган дақиқада кузатиш имконияти катта ва бунга табиий ҳолат деб қараш мумкин. Лекин аксарият ҳолларда асосли, холисона ёритилган чиқиш­ларга муносабат ҳамон эскича,  яъни, мен сенга тегмай, сен менга тегма, қабилида давом этаётир.

      Норасмий бўлса-да “тўртинчи ҳокимият” деб аталадиган оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган танқидий мақолаларга расмийлар, мутасаддилар, ваколатли идоралар томонидан жўяли жавоб қайтариш умуман кун тартибидан чиқиб кетган, десак ишонаверинг.

      Узоққа бормаймиз, бевосита ўз ижодий фаолиятимиз мисолида тўхталадиган бўлсак, ўтган йили газетамиз саҳифаларида чоп этилган 20 дан ортиқ танқидий мақолага бирорта тайинли муносабат билдирилмаганини қандай изоҳлашга ҳайронмиз.

       Эътибор беринг, “Нақдми, пластик” (19 январь, 2017 йил),  “Бухоро вилояти: ҚВПлардан кўнгил тўляптими?”(26 январь), “Чироқчида чироқсиз мактаб бор...” (8 март), “Фарғонада “жиноят қуроли”, Самарқанд ва Қашқадарёда “далилий ашё”ми? (6 апрель), “Ўйин”дан ташқари ҳолатлар” (27 апрель), “Эгилган ҳақиқатлар” (22 июнь), “Тўғаноқ” (20 июль), “Бензин муаммоси: ким жавобгар? (27 июль), “СУСТКАШЛИК ёхуд Янгиер кичик саноат зонаси фаолиятида кўзга ташланаётган камчиликлар хусусида” (12 октябрь), “Кўчаларнинг эгаси бор...ми?” (26 октябрь), “Тилимизга номуносиб муносабат маҳсуллари” (16 ноябр) ва ҳоказо...

      Янги йилнинг ҳам учинчи ойи ўтиб бораяпти. Шу орада ҳам газетамиз саҳифаларида “Фурсат ғаниматдир...” (1 январь), “Ўзбекистон Республикаси Олий Суди диққатига” рукни остида “Машина машмашасининг охири борми?”,  “Кассада йўқ, киссада бор” ва пойтахтимиз кўчаларидаги беўхшов ёзув, “қўлбола” рекламаларга оид “Фототанқид” (11 январь, 15 февраль), “Шокиртўқай кимга қарайди?” (18 январь), “Ўзимизнинг “боғбон” трактор” (2 февраль) , “Нурободнинг ўркач-ўркач йўллари” (8 февраль) каби танқидий мақолалар эълон қилинди. Яна жимлик, сукунат давом этаётир. Гўёки қор ёғиб, излар босилиб кетгандек. Газетада кўтарилган масалалар ечими эса ҳамон очиқлигича турибди.

        Таъкидлаймиз, ушбу мақолаларда кўтарилган мавзулар ниҳоятда долзарблиги ва айрим юртдошларимизни йиллар давомида қийнаб келаётгани билан аҳамиятли эди. Энг қизиғи, уларнинг аксарияти Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Давлат солиқ қўмитаси, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар вазирликлари, Тошкент шаҳар, Бухоро, Қашқадарё, Тошкент, Самарқанд, Андижон, Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари, Олий Суд, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Сирдарё электр тармоқлари” АЖ, “Сирдарёгаз” АЖ, “Сувоқова” ДУК каби ўнлаб мутасадди идораларга ўрганиш, кўриб чиқиш, қонуний чоралар белгилаш учун юборилган ҳам эди. Афсуски, “Мен не дейман, қўбизим на дейди” қабилида номигагина юборилган икки-уч жавобни эълон қилишнинг ўзи кулгили.

        Қамровни кенгроқ оладиган бўлсак, “Ишонч”, “Ҳуррият”, “Жамият”, “Оила даврасида”, “Даракчи” каби жонли, ҳаётга яқин газеталаримизда ҳам қанчадан-қанча муаммолар кўтарилмоқдаки, уларга ўз вақтида барҳам беришдан фақат ва фақат жамиятимиз ютади, минглаб юртдошларимизнинг оғири енгил бўлади. Ахир тажрибали, жонкуяр ҳамкасбларимиз шунчаки қоғознинг юзини қорайтириш учун ёки нашр саҳифаларини тўлдириш учун қўлига қалам олмайди-ку! Халқимга, Ватанимга нафим тегсин, деган фидойи ва жонсарак журналистгина “ғалвали” мавзуларга қўл уради. Шундай бош муҳарриргина “бошоғриқ” мақолаларни газетасида чоп этади. “Ўлдирсанг ўлдир, қорнимга тепма” шиори билан яшайдиганлар эса бир тош нарида юради.

         Сиз ваколатингиз доирасида мавзуни ёритдингиз, ўша муаммо қай даражада ечим топади, бу ёғи мутасаддиларга тан; нега мақолага жавоб бермаяпсиз, муносабат билдирмаяпсиз, деб уларнинг ёқасидан олишга қонун йўл қўймайди, дея совуққон муносабат билдирганлар ҳам учради. Агар чини билан шундай бўлса, демак, жамият фойдасига ишламаётган ўша қонунларни ўзгартириш керак. Ўзи танингизга ўйлаб кўринг, қай бир идоралар эшигида сарғайиб, охир оқибат ҳечқурса журналистлар аралашса, мени қийнаётган муаммо ижобий ҳал этилар, деган не умидларда эшигимизни чертган оддий одамлар-чи, уларга нима деб жавоб берамиз? Порталга бор, деймизми? Кунда бўлмаса-да, кунора юртимизнинг турли бурчакларидан таҳририятимизга шикоят хатлари, электрон мурожаатлар келиб турибди. Телефон қўнғироқлари бўлади. Ёки жуда жонидан ўтиб кетган юртдошларимиз ҳеч бир хабарчи воситадан кўнгли тўлмай, жонкуяр журналистлар билан юзма-юз кўришайин, деб эринмай йўлга чиқишади. Уларга имкон қадар кўмак беришга ҳаракат қилаяпмиз. Бироқ, юқорида келтирилгани каби, айнан газета саҳифаларида ёритилган мақолаларнинг жавоби... қумга сингган сувдек изсиз кетаверса, матбуотга бўлган ИШОНЧ қаерда қолади? Шу пайтгача дунёда фуқаролар мурожаати билан ишлаш, коррупцияга қарши курашишнинг минг бир йўли ўйлаб топилган, амалиётда синаб кўрилган. Лекин жаҳон тажрибаси кўрсатмоқдаки, ҳозирча мустақил оммавий ахборот воситаларидан кўра самарадор ва демократик қурол йўқ бошқа. Эркин матбуот ўзининг очиқлиги, шаффофлиги ва оммавийлиги билан халқнинг шикоятлари билан ишлайдиган турли тузилмалардан афзаллигини сақлаб қолаверади. Керак бўлса, суд, прокуратура, адлия каби адолат масканларида айрим “енг ичида ҳал қилиб юборилган ишлар” ҳам газета, теле-радио, интернетга чиққач, чинакамига эл эътиборига, назоратига тушади. Ахир, демократия халқ ҳокимияти дегани эмасми?! Матбуоти эркин бўлмаган жамиятда нималар рўй бериши мумкинлигини яқин тарихимиздаги аччиқ тажрибаларимиз исботлаб турибди. Матбуот эркин бўлса-ю, ўзига ўзи саннаб ётаверса, биров отинг нима демаса, бунинг ҳам қудуққа ташланган тошдан фарқи қолмаслигини бугунги жараёнлар кўрсатмоқда.

      Аламли саволларга энди ўзимиз жавоб топгандек бўляпмиз: демак, оммавий ахборот воситалари, айниқса, босма нашрларни аксарият раҳбарлар, вазиру ҳокимлар, ҳатто матбуот хизмати ходимлари ҳам ЎҚИШМАЯПТИ!

      Танқиднинг тоши оғир. “Бетга айтганнинг заҳри йўқ”, деганимиз билан, ҳамма ҳам қандай усулда бўлмасин, аччиқ ҳақиқатни тўғри қабул қилавермайди. Муҳтарам раҳбарларимиз матбуотга тирноқ тагидан кир қидирадиган душман деб эмас, ачитиб гапирадиган чин дўст деб қабул қилишни ўрганишлари керак. Масалан, Халқ таълими вазирлиги бутун республика бўйлаб ўн мингдан ортиқ ўқув муассасаларини, ярим миллионга яқин тизим ходимларини, беш миллион атрофидаги ўқувчиларни тизгинда ушлаб туриши осон эмаслиги кундай равшан. Аммо қайси бир чекка қишлоқ мактабидаги безори бир бола қўшнисининг товуғиними, ёки ҳозирги замонавий урфга кўра, қимматбаҳо телефониними, ўғирлаб қўйса, вазир жанобларидан жавоб талаб қилиниши ҳам табиий, ҳам мантиққа зид. Яқинда Самарқандда рўй берган мудҳиш ҳодиса – “Диана фожиаси” мисолида бунинг исботини кўрдик. Агар жамоатчилик чақириқларига қўл силтанмасдан, ўз вақтида қулоқ тутилганида, муаммо тизимли равишда бартараф этилганида, ушбу қайғули воқеа содир бўлмаган бўлармиди?! Мутасаддилар иш столи устидаги сохта ҳисоботларни сал четга суриб қўйиб, жиддий даврий нашрларга ҳам озгина жой ажратишса, газеталарни бир қур варақлаб чиқишга озгина фурсат топишса, реал ҳаётга янаям яқинлашармидилар?!

      Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган долзарб вазифалар, қолаверса, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтган йилнинг 12 июлида ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузасини, айниқса, парламентга йўллаган Мурожаатномасини телеэкран, радио орқали кўрган, эшитган, матбуотда ўқиган ҳар бир юртдошимизнинг ҳайрат ва ҳаяжонга тушгани рост. Боиси, ана шу ошкора, самимий нутқларда неча ўн йиллар давомида халқимизнинг кўнглида, юрагининг туб-тубида ётган ўй-фикрлар, мулоҳазалар, муболағасиз айтиш мумкинки, бор ҳақиқат очиқчасига танқидий таҳлил этиб берилди. Бир сўз билан айтганда, юртимизда  сиёсий, маънавий, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларнинг ўзига хос янгича босқичи бошланди. Демак, журналистлар ҳам, таъбир жоиз бўлса, ушбу “инқилобий жараён”нинг билвосита ва бевосита фаол иштирокчисига айланганини инобатга оладиган бўлсак, бу бизнинг зиммамизга янада жиддий масъулият юклайди.

      Ҳақли савол туғилади: хўш, оммавий ахборот воситаларида баҳоли қудрат ёритилаётган танқидий чиқишларга МУНОСАБАТ қачон ўзгаради? Томошабинлик қилиб ўтираверсак, вазият ўз-ўзидан ўзгариб қоладими? Йўқ, албатта. Бирор йил илгари Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳузурида мониторинг гуруҳи тузилиб, матбуотда чиқаётган муаммоли материаллар таҳлилини юритиш йўлга қўйилган, ўша вақтда бундай мақолаларни топиш ҳам осон бўлмаган эди. Мана, энди мониторинг фаолиятини кучайтириб, оммавий ахборот воситаларидаги танқидий чиқишларни шунчаки қайд этиш эмас, балки кўтарилган муаммоларнинг изини қувадиган, ҳал этилган-этилмаганлигини суриштирадиган ва охирида шахсан Президентга, Олий Мажлисга ҳисоб бериладиган механизмга айлантиришни замоннинг ўзи талаб қилмоқда. Бунга Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳузуридаги мониторинг марказининг имконият ва салоҳияти сафарбар этилса, нур устига нур бўларди. Жойлардаги Халқ қабулхоналари зиммасига даврий нашрларда ҳудуд билан боғлиқ муаммоли чиқишларнинг мониторингини юритиш вазифасини ҳам юклаш, шунингдек, жамоатчилик назоратининг барча таъсирчан усулларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Оммавий ахборот воситаларини чинакамига тўртинчи ҳокимиятга айлантириш йўлида жаҳон тажрибасини ўрганиш, қонунчиликка жўяли ўзгартишлар киритишни эса депутатларимизнинг ташаббускорлигига ҳавола қиламиз.

     Президентимиз биз юқорида тилга олган ва, айтиш мумкинки, ҳар бир юртдошимиз учун ўзига хос дастуриламал вазифасини ўтовчи тарихий маърузасида алоҳида таъкидлаганидек, “...замон талабини ҳис этмасдан, эскича ишлашга энди ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ”!

 

Норқобил ЖАЛИЛОВ