Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

...ҲОСИЛНИ ЙИҒ, АҚРАБГАЧА ҚОЛДИРМА

...ҲОСИЛНИ ЙИҒ, АҚРАБГАЧА ҚОЛДИРМА
“Мезон кирди, нақдинг қўлдан олдирма, ҳосилни йиғ, ақрабгача қолдирма”, деб бежиз айтишмаган. Ана шу пурмаъно нақлга амал қиладиган фермерларимиз бу йилги пахта ҳосилидан яхшигина даромадни кўзлашаётгани сир эмас. Албатта, йиғим-теримнинг уюшқоқлик билан ўтиши, чаноқлардаги лўппи-лўппи момиқларни ёғингарчиликка қолдирмасдан, сифати заха емасдан йиғиштириб олишда жамоатчилик ҳам ҳашар йўли билан ҳисса қўшиши элимизга хос фазилат.
 
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг бу хайрли ишдаги иштирокини эътироф этмоқ жоиз. Хусусан, O‘zLiDeP ҳузурида ташкил этилган ишчи гуруҳ аъзолари пахтазорларда бўлиб, намунали фермер, ҳашарчи ва теримчиларни маънавий ва моддий рағбатлантириш мақсадида учрашувлар ташкил этиб, шу аснода аҳолининг сиёсий саводхонлигини ошириш, жойларда партия ғояларини кенг тарғиб-ташвиқ қилишга бел боғлашган.
Чунончи, маҳаллий кенгаш депутатлари ва партия фаолларидан ташкил топган гуруҳнинг Бухоро ва Навоий вилоятидаги пахта далаларида меҳнат қилаётган теримчи ва ҳашарчилар билан учрашиши хайрли ишларга муқаддима бўлди. Тадбирда илғор фермер хўжаликлари раҳбарлари, ишчи ва ҳашарчиларнинг, бу муҳим жараёнга раҳбарлик қилаётган туман мутасаддиларининг меҳнатини қадрлаб, уларни рағбатлантириб бориш партиянинг шу кунлардаги асосий вазифаларидан бирига айлангани яна бир бор таъкидланди.
– Гарчи мавсум яримлаб қолган бўлса-да, кунига 100 килограммдан ошириб пахта тераётган бухоролик ва навоийлик чаққон теримчиларнинг ҳали ҳам шашти баланд, – дейди ишчи гуруҳ раҳбари, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири Насимжон Алимов. – Дала ишларида эрта баҳордан кеч кузгача банд бўладиган 70 яшар фидойи механизатор Тошпўлат ота Зокиров ҳам шижоат бобида ёшларга ўрнак бўлмоқда.
“Бу йил Қашқадарё далаларига барака ёғди, ҳосилнинг чўғи ҳар йилгидан баланд”, дейишмоқда тажрибали пахтакорлар. Айни пайтда бободеҳқон чеҳрасида мамнунлик жилва қилаётир. Бугунги кунда мингга яқин воҳалик партия фаоллари дала меҳнаткашларига пахта йиғим-теримига яқиндан кўмак бермоқда.
– Ҳар бир туманда “Фидойи ёшлар” гуруҳи аъзолари ҳашарчилар билан ёнма-ён меҳнат қилаётир, – дейди O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Орзиқул Шеров. – Туманда биринчилардан бўлиб йиллик пахта тайёрлаш режасини бажарган фермер хўжалиги раҳбарлари ва илғор теримчиларни қимматбаҳо совғалар ва пул мукофотлари билан рағбатлантиряпмиз.
Андижон, Фарғона ва Наманган томонларда ҳам ана шундай уюшқоқлик сезилмоқда.
– Озгина эътибор, арзимас рағбат ҳам одамга олам-олам куч-ғайрат бағишлайди, – дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Сиёсий таълим маркази раҳбари Барно Абдуллаева. – Партиямиз томонидан таъсис этилган “Фидойи ҳашарчи”, “Энг илғор теримчи”, “Ташаббускор отряд раҳбари”, “Туманда пахта тайёрлаш режасини биринчи бўлиб бажарган фермер” номинациялари бўйича ғолибларга ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар топширдик.
Турган гапки, мамлакатимизда аграр соҳани ривожлантириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг амалдаги ижроси ҳам пахта майдонларидаги самимий мулоқотлар чоғида эътибордан четда қолаётгани йўқ. Фикримиз исботини Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятларида ҳашарда бўлган ишчи гуруҳ олиб борган тарғибот тадбирларида ҳам кўришимиз мумкин.
– Ташкилий масалалар тўғри йўлга қўйилганлиги, теримчи ва ҳашарчилар учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилганлиги пахта йиғим-терими қизғин давом этишида муҳим омил бўлмоқда, – дейди хонқалик Мастура Болтаева.
Ўзини шу юртга дахлдор деб биладиган инсонлар эл корига камарбаста бўлишни чинакам бахт деб биладилар. Сўзимиз якунида шундай фидойиларга бор бўлинг, омон бўлинг дегимиз келди.
 
Севара АЗИМОВА,
“XXI asr” мухбири