Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ҳосилнинг чўғи, миришкорнинг шашти баланд

Ҳосилнинг чўғи, миришкорнинг шашти баланд

Томорқа – том ортидаги барака дегани. Мана шу баракани бугун қўшқўллаб топаётганларга ҳавасингиз келади. Давлатимиз раҳбарининг томорқанинг даромад манбаи эканлигини таъкидлашларида ҳам ҳикмат кўп. Бунинг исботини бугун бир парчагина томорқасидан унумли фойдаланаётганлар мисолида кўриб турибмиз.

Қўрғонтепа туманининг “Бобур” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги томорқалар кўзни қувнатади. Қай бир хонадонга кирманг, кафтдеккина ердан мўмайгина даромад олаётганларга гувоҳ бўласиз. Маҳалла раиси Акмалжон Нурматов, мутахасисси Моҳидилхон Ҳайдарова аҳоли билан доимий мулоқотда. Муҳими, мазкур сайлов округидан халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган Муҳаббатхон Юлдашева ўз сайловчиларига елкадош. Ҳудуд хонадонларининг томорқалари фаолиятини ўрганиш ишлари ҳам мана шу фидойилар билан олиб борилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Андижон вилоят Кенгаши бизнес тузилмалари ва фермерлар билан ишлаш бўлими ҳамда “Аёллар қаноти” ҳамкорлигида туманнинг айни маҳалласидаги “Томорқа – очил дастурхон” амалий семинарида дастлаб Шавкатбек Жумабоев хонадонидаги томорқа фаолияти кўздан кечирилди. Фуқаронинг 6 сотихдан иборат шахсий томорқасининг 4 сотихидаги иссиқхонада турфа гуллар парваришланаётган бўлса, 2 сотих майдонга қурилган иссиқхонада лимонарий ташкил этилган.

– Фаолиятимизни бошлаганимизга 10 йил бўлди, – дейди Ш. Жумабоев. – Олаётган даромадимиз ортидан уй-жойларимизни янгидан қурдик, ота-­онамни муборак ҳаж зиёратига юбордик. Томорқамизда дастлаб ўз оила аъзоларимиз билан меҳнат қилган бўлсак, бугунга келиб маҳалламиздаги 6 нафар уй бекаларининг бандлигини таъминладик. Режаларимиз кўп, фаолиятимизни янада кенгайтириб, ички бозорнигина эмас, ташқи бозорни ҳам гулларимиз ва цитрус мевалар билан таъминлаш истагидамиз.

Ер эгасининг ғурурланганича бор: томорқачиликдаги иш унуми, самараси Қўрғонтепа туман ҳокими назарига тушдию, унинг режалари янада қанот ёзди. Туман ҳокимлиги томонидан ажратилган бўш турган 20 сотихли ер майдони Шавкатбекка гулчиликни ривож­лантириш учун ажратилди. Майдоннинг 4 сотих ерида аллақачон замонавий иссиқхона қад кўтарган. Унда туманнинг ободонлаштирилиши учун парваришланаётган турли гул ниҳоллари дилни яшнатади. Голландиядан келтирилган манзарали гул кўчатлари эртагаёқ туманни гуллар марказига айлантириши шубҳасиз.

– Айни кунда тадбиркорнинг имтиёзли кредит олиш таклифи бўйича ҳужжатларни тайёрладик, – дейди мазкур округ депутати Муҳаббатхон Юлдашева. – Ушбу кредит маблағи ажратилган ер майдонининг қолган жойига иссиқхона қуриш ишига сарфланади.

Маҳалладаги Лолахон Раҳматуллаева хонадонидаги томорқа ҳам эътиборимизни тортди. Атиги бир сотих томорқада қад ростлаган иссиқхонада лимон ва мандарин етиштириляпти. Ушбу цитрус меваларнинг кўчатлари ҳам рисоладагидек парваришланяпти. 20 йилдан зиёд вақт давомида хонадон эгаларининг бу борадаги тажрибалари анчагина ортди. Ҳар йили баҳорнинг илк ойида қўшни қирғизистонлик харидорлар 1500-2000 та лимон ва мандарин ниҳолларини олиб кетадилар. Мана, даромаднинг ўзи томорқачини излаб келаётганига исбот!

– Фаолиятни бошлашда, очиғи, бошида иккиланганмиз, – дейди хонадон соҳибаси Лолахон Раҳматуллаева. – Бироқ таваккал иш бошладик. Аста-секин даромад кира бош­лагач, ўзимиз ҳам жуда қизиқиб қолдик. Ўғлим, келиним билан бўш қолдик дегунча иссиқхонага кирамиз. Олаётган ҳосилимиз харидоргир, кўчатларимиз сара навли.

Оила соҳибасининг сўзлари исботини иссиқхонада кўрдик. Барқ уриб пишган лимон ва мандарин ҳосилини кўриб, гўзаллигидан мевани узишга кўз қиймайди.

Бу томорқачилар фаолияти намунага арзийди. Очиғи, ушбу оилалардан чиқиб, кайфият кўтарилди, руҳ енгил тин олганини ҳис қилдик. Лекин...

Гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, ўзига бириктирилган ердан самарали фойдаланмаётган айрим юртдош­ларимизни кўриб кўнглимиз хижил тортди.

Маҳалладаги А. Саттаров хонадонидаги 8 сотих томорқа чиройли чопиқ қилинган. Ҳатто 4 сотих ерга картошка ва резаворлар уруғлари қадалган. Аммо... уруғ қадалганига анчагина фурсат бўлганига қарамай, қолган ер майдони бўш! Хонадон эгаси бу масалани айни кунда помидор ва бодринг кўчатлари харидига имконияти етмаётганини очиқ айтди. O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши ҳамда депутатлар ҳамкорлигида ўтказилган амалий семинарда эзгу ишга қўл урилди. Фуқарога помидор ва бодринг кўчатлари топширилиб, экишга кўмаклашилди.

Яна бир фуқаро Валишер Умурзақовнинг янги хонадонга кўчиб ўтганига кўп бўлмаган.  8 сотихдан иборат томорқаси бўм-бўш! Хонадон эгаси лимонарий қилиш истагини билдирди. Унинг мурожаати халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати М. Юлдашева томонидан қаноатлантирилди.

Маҳалладаги яна бир нечта кам таъминланган оилаларда ҳам  ушбу хайрли тадбир давом этди.

Хурриятхон АБДУРАСУЛОВА,

O‘zLiDeP Қўрғонтепа туман
Кенгаши аппарат раҳбари