Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ҳужжатларга муҳр қўйиш шартми?

Ҳужжатларга муҳр қўйиш шартми?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатлар Ўзбекистонда банк тизимини ислоҳ қилиш ва тадбиркорликни ривожлантиришда тижорат банклари ролини ошириш масалаcи кўриб чиқди. Шунингдек, парламент қуйи палатасининг галдаги мажлиси кун тартибига киритилиши режалаштирилаётган бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилди.

Фракция аъзолари дастлаб, жорий йил 22 ноябрда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида банк тизимини ислоҳ қилиш ва банкларнинг молиявий барқарорлигини мус­таҳкамлаш, ҳудудлар ва тадбиркорликни ривожлантиришда тижорат банклари ролини ошириш масалаларига бағишланган видео­селектор йиғилишида белгиланган муҳим йўналишларнинг мазмун-моҳияти ҳамда депутатлик корпуси олдида турган долзарб вазифалар хусусида фикрлашиб олишди.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари видеоселекторда тадбиркорликни ривож­лантириш, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида микрокредитлар ҳажмини кескин ошириш, уларни ажратиш тартибини соддалаштириш зарурлигини таъкидлаб ўтган эди. Бу ўз навбатида O‘zLiDeP дастурий мақсад ва вазифаларига тўлиқ мос келади. Зеро, партия иқтисодиётнинг рақобатдошлигини ошириш бўлсада, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлигини таъминлаш, яширин иқтисодиётга пул маблағларининг банкдан ташқари айланишига барҳам беришга қаратилган солиқ-бюджет сиёсатини амалга ошириш тарафдоридир. Лекин шу билан бир қаторда, ҳанузгача ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммолар ҳам мавжуд бўлиб, буни биргина Президентнинг виртуал ва Халқ қабулхоналарига ушбу соҳа бўйича келиб тушган 24 мингдан зиёд мурожаатларда ҳам кўриш мумкин.

Масалан ҳудудларда айрим лойиҳалар пухта ишлаб чиқилмаган, бир қатор объектлар ўз вақтида ишга тушмагани, кредитлар ўз муддатида қайтарилмаган, сармоя ажратилган бўлсада айрим инвестиция лойиҳалари ҳалигача бош­ланмаган, айниқса, бу уй-жой фондини таъмирлаш ва турар-жой биноларини барпо этишга қайтариш манбалари ва имкониятлари тўлиқ ўрганилмасдан кредит ажратилиши натижасида ортиб кетгани депутатлар томонидан қайд этилди.

Фракция аъзоларининг таъкидлашича, муаммоли кредитларни қайтариш банкларнинг имкониятларини янада кенгайтириб, уларни ундириш бўйича банклар, қарздор корхоналар, компания ва уюшмалар, ҳудудлар раҳбарлари биргаликда иш олиб бориши зарур, аҳоли ва юридик шахсларнинг бўш маблағларини банк депозитларига, биринчи навбатда, муддатли ва жамғариб бориладиган депозитларга жалб қилиш банкларнинг молиявий барқарорлигини янада мустаҳкамлаш имконини беради.

O‘zLiDeP фракцияси аъзолари Қонунчилик палатасига киритилган бир қатор қонун лойи­ҳаларини ҳам кўриб чиқди.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектларидан ҳужжатларга муҳр қўйиш ва ҳужжатларни муҳр билан тасдиқлашни талаб этиш амалиёти бекор қилиниши, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни янада соддалаштириш, шунингдек, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” ҳисоботида Ўзбекистоннинг кўрсаткичларини яхшилаш имконини берувчи нормалар киритилиб, амалдаги бир қатор кодекс ва қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши ҳамда айрим нормаларнинг чиқарилиши назарда тутилмоқда.

Депутатлар, шунингдек, маҳкумлар билан муомала қилишни минимал стандартлари қоидаларига мувофиқлаштириш, жиноят-­ижроия қонунчилиги прициплари, жумладан, қонунийлик, адолат, инсонпарварлик, демократизм, жазони ижро этишда дифференциация ва индивидуаллаштиришга риоя қилиш тадбирларини кучайтиришга алоҳида тўхталиб ўтдилар. Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқи ва кафолатларини, аҳоли бандлиги, меҳнат муҳофазаси соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бундай қонунбузарликларни тоифалашда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш, интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқ эгаларининг мутлақ ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқлари бузилгани учун жазо белгилаш, жамиятда интеллектуал мулкка ҳурмат билан муносабатни шакллантиришга қаратилган қонун лойи­ҳалари концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Йиғилиш давомида кун тартибидан ўрин олган барча масалалар юзасидан O‘zLiDeP фракциясининг аниқ позицияси белгилаб олинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Эътиборли жиҳати, фракция йиғилишида талаба ёшлар ҳам қатнашиб, қуйи палата депутатларининг баҳс-мунозараларини бевосита кузатиш имкониятига эга бўлдилар.

Ўз мухбиримиз

Суратларни Солижон ЗОИРОВ олган.