Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ҳуқуқшунос шарҳи. Нотариат тизимидаги сўнгги янгиликлар

Ҳуқуқшунос шарҳи. Нотариат тизимидаги сўнгги янгиликлар

Жорий йилнинг 25 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Ушбу қарор иқтисодий, оилавий, мерос, уй-жой, меҳнат ва бошқа низоларни олдини олишда нотариатнинг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилувчи қатор тизимли муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида Адлия вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган.

Хизматларнинг сифатини яхшилаш мақсадида 2019 йил 1 январдан бошлаб нотариатнинг такомиллаштирилган, фаол модели доирасида нотариуслар томонидан битимларни тасдиқлаш “бир дарча” тамойили бўйича амалга оширилади. Энг муҳим янгилик шундаки, 2019 йил 1 январдан бошлаб Давлат нотариал идораларида ахборотларни алмашиш учун маълумот базалари ва ахборот тизимлари жорий этилади, “Notarius” автоматлаштирилган ахборот тизими билан интеграция қилиниш таъминланади, нотариусларга айрим турдаги  маълумотларни тақдим этиш талаб этилмайди. Бундай маълумотлар сирасига қуйидагиларни киритишимиз мумкин:

-  Турар жойда доимий пропискада турган шахслар ҳақида маълумот;

-  Коммунал тўловлардан қарздорлик;

-  Биометрик ва паспорт маълумотларини олиш;

-  Бино ва иншоотларнинг тегишлилиги ва таркиби, таъқиқ ва хатлов мавжудлиги ҳақида маълумот;

-  Хусусийлаштиришга розилик берган шахслар ҳақида маълумот;

-  Юридик шахслар ҳақида маълумотлар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 сентабрдаги 733-сон Қарори билан нотариуслар томонидан "ягона дарча" тамойили бўйича битимларни тасдиқлашда давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишнинг Маъмурий регламентлари тасдиқланди. Мазкур регламентлар билан биз юқорида санаб ўтган маълумотларни нотариат томонидан қандай тартибда олиниши белгилаб берилди. Маъмурий регламентлар "Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси"да, www.lex.uz сайтида жойлаштирилган. Шу ўринда маълумот учун айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февральдаги "Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида www.lex.uz сайтига қонун ҳужжатлари эълон қилинадиган расмий манба мақоми берилиши келтириб ўтилган эди. Ушбу қарор асосида мазкур сайт 2017 йилнинг 25 сентябридан бошлаб расмий манба мақомига эга бўлди. Шундай экан, нотариат соҳасини такомиллаштиришга оид қонун ҳужжатлари ва юқорида келтириб ўтилган регламентлар билан танишиб чиқиш учун мазкур сайтдан фойдаланиш мумкин.

Бугунги давр талабидан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, ҳар бир фуқаро давлатимизда олиб борилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этишлари лозим. Фаол иштирок этишнинг энг оддий ва аҳолининг барча қатламларида амалга ошириш осон бўлган шакли ана шу ислоҳотлардан, давлат ва жамият учун муҳим бўлган ўзгаришлардан доим хабардор бўлиб туриш, қонунда белгиланган ҳуқуқлардан самарали фойдаланиш, мажбуриятларни виждонан бажаришдан иборат. Ислоҳот, аввало, инсон учун тамойилига таяниб олиб борилаётган давлат сиёсатини қўллаб қувватлаш, яратилган имкониятлардан фойдаланиб, давлатимиз ҳуқуқий сиёсатида фаол иштирок этиш ҳар бир фуқаронинг асосий мақсадига айланиши лозим. Зеро,  ватанимиз тараққиётнинг юксак марраларига етиши учун ҳар биримиз масъулмиз.

 

Шамсинур Ахтамов,

ҳуқуқшунос