Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ички ишлар вазирлиги академик лицейида кимлар ўқийди?

Ички ишлар вазирлиги академик лицейида кимлар ўқийди?

    Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги "Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорига мувофиқ, 2017-2018 ўқув йилидан мамлакатимизда Ички ишлар вазирлиги академик лицейлари ташкил этилди.

      Самарқандда ҳам чет тиллар институти қошидаги академик лицей тугатилиб, унинг ўрнида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Самарқанд академик лицейи фаолияти йўлга қўйилди. Академик лицей директори Актам Усмонов билан муассасадаги бугунги таълим жараёнлари ҳақида суҳбатлашдик, деб ёзади "Zarafshon" газетаси ўзининг facebook даги саҳифасида.

      – Ички ишлар органлари ходимлари учун зарур бўлган юксак ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга, дастлабки касбий билим ва кўникмага эга, ақлан ва жисмонан етук ёшларни тарбиялаш, ўқувчиларни Ички ишлар вазирлигининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун мақсадли чуқур тайёрлаш академик лицейимизнинг асосий вазифаси ҳисобланади, – дейди А.Усмонов. – Қарор талабидан келиб чиқиб тугатилган академик лицейнинг учинчи босқич ўқувчилари белгиланган тартибда амалдаги ўқув дастурлари ва таълим шарт-шароитлари бўйича ушбу таълим муассасаси ўқув биносида ўқишни якунлаши белгиланиб, улар Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали академик лицейи ўқувчилари сафига киритилди. Биринчи ва иккинчи курс ўқувчилари ҳамда уларнинг ота-оналари билан суҳбат ўтказилганидан сўнг жами 565 нафар ўқувчи янги академик лицейда ўқишни давом эттирадиган бўлди. Улар белгиланган тартибдаги намунавий ўқув режа ва дастурлар асосида дарс машғулотларида қатнашмоқда. Яқинда ушбу ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида сўровнома ўтказиб, келажакда ички ишлар идораларида ишлаш истагини билдирган, соҳа бўйича ўқишни давом эттирмоқчи бўлган ўқувчилар рўйхатини шакллантирдик ва Ички ишлар вазирлигига тақдим этдик.
      – Лицей ўқитувчилари-чи, улар ҳам танлов асосида ишга қабул қилинганми?
     – Албатта. Академик лицей ўқитувчилари таркиби, уларнинг касбий тайёргарлик даражаси ва янги талабларга мос келишини аниқлаш мақсадида педагог ходимлар аттестациядан ўтказилди.

       Аттестациядан ўтолмаган ўқитувчилар билан меҳнат шартномалари белгиланган тартибда бекор қилинди. Ҳуқуқшунослик бўйича дарс машғулотлари кўплиги эътиборга олиниб, танлов асосида мутахассис кадрлар ишга қабул қилинди.
Шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан тасдиқланган режа асосида бошқарма соҳавий хизматларининг тажрибали ходимлари келиб, дарс машғулотлари олиб боряпти.

       – 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги академиясининг кундузги таълим шаклига қабул фақат вазирлик академик лицейлари, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари таркибидан амалга оширилиши белгиланган. Битирувчилар академияга ўқишга кира олмаса-чи? 
       – Агар битирувчиларимиз академияга кира олмаса, юртимиздаги бошқа олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш ва имтиҳонларда қатнашиши мумкин. Шунингдек, улар белгиланган тартибда муддатли ёки сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўтаб келганидан сўнг бошқа талабгорлардан устунлик асосида ички ишлар органлари хизматига қабул қилинади.

       Битирувчиларимиз учун яна бир имконият – агар улар Ички ишлар вазирлиги ёнғин хавфсизлиги институти ва ҳарбий-техника институтида ўқимоқчи бўлса, уларга тест синовларида тўплаши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 10 фоизи миқдорида қўшимча баллар тарзида имтиёз берилади.
       – Бундай имтиёз ва имкониятлар туфайли академик лицейда ўқишга талабгорлар кўпайиб кетса керак?
       – Тўғри, талабгорлар кўп бўлади. Лекин муассасага қабул ички ишлар органларининг кадрларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб белгиланишини ҳисобга оладиган бўлсак, энг муносиб ёшларгина ўқишга танлаб олинади. Яъни, қабул жараёни босқичма-босқич комплекс танлов асосида амалга оширилади. Ўқишга кириш истагини билдирган номзодлар дастлабки танлов, махсус-профессионал танлов ва тест синови топширадилар.
       – Ушбу босқичлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берсангиз.

       – Дастлабки танловда номзодга тегишли ҳужжатлар ва уни тавсифловчи маълумотлар кўриб чиқилади. Ҳарбий-тиббий комиссия кўригидан ўтказилади, индивидуал-психологик хусусиятлари ўрганилади, номзод билан якка тартибдаги дастлабки суҳбат бўлади.
Махсус-профессионал танловда номзоднинг орфографик ва пунктуацион саводхонлик даражасини аниқлаш мақсадида ёзма иш (диктант) олинади, жисмоний тайёргарлик бўйича синов топширади.

        Тегишли ихтисослик фани бўйича халқаро олимпиадаларнинг мамлакат босқичи, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан ўтказилган танловлар ва мусобақалар ғолиблари, ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг фарзандлари дастлабки ва махсус-профессионал танлов талабларига жавоб берса, академик лицейга тест синовларисиз қабул қилиниш ҳуқуқига эга.
Тест синовлари белгиланган тартиб асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси хузуридаги Давлат тест маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси белгилаган муддатларда ўтказилади.

       – Лицейга қабул қачон бошланади? 
       – 2018-2019 ўқув йили учун айни пайтда қабул бошланган ва бу жараён 1 апрелга қадар давом этади. Академик лицейга вилоят ҳудудида яшовчи, умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларидан аризалар қабул қилинмоқда. Юқорида саналган танловлардан муваффақиятли ўтган ўқувчилар академик лицейга қабул қилинади ва уч йил таълим олади. Синовлардан ўта олмаганлар бошқа академик лицейларга кириш учун имтиҳонларда қатнашиши ёки мактабда ўқишни давом эттириши мумкин.

F.ҲАСАНОВ суҳбатлашди.