Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ички ишлар вазирлиги академиясининг сиртқи таълим шаклига ўқишга кириш талаблари қандай?

Ички ишлар вазирлиги академиясининг сиртқи таълим шаклига ўқишга кириш талаблари қандай?

        Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясининг сиртқи таълим шаклига ўқишга қабул қилиш жараёни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 декабрдаги қарорига мувофиқ амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясининг расмий сайтида маълумот берилди.

          Академиянинг сиртқи таълим шаклига Мазкур норматив –ҳуқуқий ҳужжат талабларига кўра ички ишлар органларида камида уч йиллик иш стажига эга бўлган, ёши ўттиз бешдан катта бўлмаган, шу жумладан ўттиз беш ёшдаги ҳам ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилари танлов асосида ўқишга қабул қилинади. Академияда ўқиш муддати олий маълумотга эга бўлмаган ходимлар учун тўрт йил, олий маълумотга эга бўлган ходимлар учун уч йилни ташкил этади. Академияда ўқиш олий маълумотга эга бўлган шахслар учун тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Номзодлар синовларни давлат тили ёки рус тилидан бирини танлаган ҳолда топширадилар.

        Академияга ўқишга киришни хоҳлаган ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилари ўз хизмат жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли бош бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари номига билдирги билан мурожаат қилади. Билдиргилар қабул йилининг 15 апрелидан 15 майига қадар қабул қилинади. Билдиргига Академияга ўқишга киришда имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси илова қилинади. Академияга ўқишга қабул қилиш танлов, тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари принциплари асосида қуйидаги босқичларда ташкил этилади:

– дастлабки танлов;

– махсус касбий танлов;

– якка тартибдаги якуний суҳбат.

          Бир босқичдан муваффақиятли ўта олмаган номзодлар кейинги босқичга қўйилмайди. Дастлабки танлов ички ишлар органларида ташкил этилган аттестация комиссиялари томонидан номзодларни аттестациядан ўтказиш орқали амалга оширилади. Дастлабки танлов тадбирларида иштирок этадиган номзодларнинг сони чекланмайди.

     Махсус касбий танлов – ИИВ Академиясида амалга ошириладиган босқич бўлиб, танловнинг асосий мақсади номзодларнинг маънавий-ахлоқий хислатлари, интеллектуал салоҳияти, умумий дунёқарашини, ўз нуқтаи назарини асослаб бериш қобилиятини ва чет тилларини ўзлаштирганлик даражасини аниқлашдан иборат.

         Қуйидагилар махсус касбий танловнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

тақдим этилган ҳужжатлар ва номзодни тавсифловчи материалларни ўрганиш;

Унинг тарих, чет тили, она тили (рус тили), адабиёт, ҳуқуқшунослик, маънавият асослари ва миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар фанларини ўзлаштирганлик даражасини холисона баҳолаш.

 Махсус касбий танлов қуйидаги тадбирларни ўз ичига олади:

– ҳужжатларни ўрганиш;

– комплекс тест синовлари.

       Комплекс тест синовлари бўйича тўплаши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 50 фоизидан кам балл тўплаган номзодлар якка тартибдаги якуний суҳбатга қўйилмайди.

         Якка тартибдаги якуний суҳбат – якка тартибдаги якуний суҳбатда номзоднинг ҳуқуқшунослик, адабиёт, маънавият асослари ва миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар фанларини ўзлаштирганлик даражасини ҳар томонлама ва холисона баҳолашдан иборат.

         Қабул комиссияси томонидан махсус касбий танлов натижалари ва якка тартибдаги якуний суҳбат бўйича номзодни Академияга ўқишга қабул қилиш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилинади. Номзодлар махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбат натижалари асосида Академияга ўқишга қабул қилинади.

         Академияга ўқишга кирган номзодлар курсантлар сафига қабул қилинади. Қабул комиссияси номзодларни ўқишга қабул қилиш бўйича тегишли баённомани расмийлаштиради ва тасдиқланган баённома номзодларни Академияга ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқни расмийлаштириш учун асос ҳисобланади.

     Тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган тингловчилар ва Академия ўртасида белгиланган тартибда тўлов-контракт шартномаси расмийлаштирилади.