Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ИЖТИМОИЙ ИННОВАЦИЯ: “Бюрократик тўсиқларга қарши курашиш жамияти”

ИЖТИМОИЙ ИННОВАЦИЯ: “Бюрократик тўсиқларга қарши курашиш жамияти”

Бу қандай бизнес тузилма бўлди экан? Нима билан шуғулланади ўзи? Хаёлингиздаги ана шу саволлар мени ҳам ўйлантирди. Рост-да, жойлардаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, қолаверса, халқ қабулхоналари томонидан бюрократик тўсиқлар билан боғлиқ ҳолатлар вақтида бартараф этилаётган пайтда бундай жамиятга эҳтиёж бормикан? Ҳуқуқий маслаҳат ва юридик ҳимоя учун хусусий адвокатлик идоралари ҳам кун сайин кўпаяётган бўлса?..

Айрим қиёсий таҳлиллар ва қисқача ўрганиш­лардан маълум бўлдики, бу борадаги эҳтиёж етарли экан. Балки кимгадир МЧЖнинг номланиши бироз баландпарвоз ёхуд ғалатироқ туюлиши мумкиндир. Лекин кундалик муаммолар ечими юзасидан қаерга қандай мурожаат қилишни билмай, ортиқча оворагарчиликка дуч келадиганларнинг оғирини енгил қилишда ушбу тузилманинг ўрнини холисона баҳолаш зарур. Номланишни эса бизнеснинг оддий қои­даларига йўйган маъқул.

Эрта баҳорда Қорақалпоғистон Республикасида иш бошлаган мазкур жамият таъсисчиси, Халқ депутатлари Тўрткўл туман Кенгашидаги  O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Асилбек Дуйсеновнинг фикрларини тинглар эканман, мулоқот якунида ижтимоий инновация атамасини қўллагим келди.

– Хусусий корхона шаклидаги бундай ташкилотни очиш ғояси анчадан бери тинчлик бермаётган эди, – дейди суҳбатдошим. – Аслида 2012 йилда “Тўрткўл универсал консалтинг” фирмасини очиб, 5 та иш ўрни ташкил этганимда бу соҳанинг келажагига шубҳа қилмаганман. Ҳар қандай фаолият муваффақияти малакали кадрлар эканлиги хусусидаги тамо­йилга таяниб, ёшидан қатъи назар ўз ишининг усталарини топиб ишга олганман. Натижа ёмон бўлмади – одамлар бизга ишона бошлади. Ана шу жиҳат янги-янги ташаббусларга ундади, талабга яраша таклиф билан чиқишимизга туртки бўлди. Тўғри-да, ҳуқуқий саводхонликнинг дастлабки босқичи бўлмиш ҳужжатлар билан ишловчи мутахассисларга чекка-чекка жойларда талаб ниҳоятда юқори экан, нима учун ўз хизматимизни таклиф қилмаслигимиз керак?!

А. Дуйсенов ижтимоий инновациясини тушунтириш учун узоқ гапирди.  Шундай бўлиши ҳам табиий: янгиликни дарров қабул қилиш, моҳиятини англаш ҳеч қачон осон кечмаган. Шунинг учун афзалликларини санаб қўя қоламиз.

“Бюрократик тўсиқларга қарши курашиш жамияти” адвокатлик идораларидан 2-3 баробар арзон хизмат кўрсатади, бу ерда қабулга ёзилиб, навбат кутилмайди, қайси масалада қаерга мурожаат қилиш самара келтириши хусусидаги маслаҳатлар бепул берилади, ходимлар мижоз билан жараённинг охиригача бирга бўлишади...

Дейлик, уй қуриш учун ер участкаси керак. Ҳалигача кўпчилик бу масалада  маҳаллий ҳокимият раҳбарларининг қабулини кутиб ўтиради. Ваҳоланки, ҳар икки томоннинг вақти кетадиган, асаблари бузиладиган бу масала ҳоким ҳузурида ҳал бўлмайди. Бу борада ҳукумат қарорлари билан белгилаб қўйилган қоидалар ва талаб қилинадиган ҳужжатлар бор. “Бюрократик тўсиқларга қарши курашиш жамияти” мутахассислари бундай ҳужжатларни тез ва сифатли тайёрлаб, мижоз билан биргаликда бориб тегишли ташкилотга топширади ва қонунчиликда кўрсатилган муддатда жавоби чиқишини жамоатчилик тартибида назорат қилади.

Мулк ва мерос масалаларида суд органларига даъво аризаси билан мурожаат қилган юртдошларимизнинг икки ҳафтадан кейин яна қоғоз кўтариб турли идораларда сарсон юрганини кўп кўрамиз. Боиси, суд ҳужжатлардаги камчилик ва нуқсонлар учун уни қайтарган бўлади. “Бюрократик тўсиқларга қарши курашиш жамияти”га мурожаат қилганлар эса бу борада ҳам вақтини, ҳам нақдини тежашдан ташқари асабийлашишдан сақланишади.

МЧЖ ходимлари нафақат ёзма, балки оғзаки ва электрон мурожаатларни ҳам бирдек қабул қилаётгани мижозларга маъқул келмоқда. Ҳамон баъзи идораларда бюрократик кайфиятдаги мутасаддилар борлиги боис бундай жамиятлар фаолияти нечоғли долзарб аҳамият касб этишини сезиш қийин эмас.

Хулоса қилиб айтганда, бундай жамиятлар маҳаллий ҳокимликларни ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича мурожаатлардан халос қилиши баробарида адвокатлик идораларига рақобатчилик қилиши табиий. Рақобат эса тараққиётнинг энг муҳим омили саналади.

О. ТЎРАБОЕВ