Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“Ижтимоий иссиқхона” лойиҳаси: Сирдарё вилоятида хитойча услубда қурилаётган иссиқхоналар қишлоқ ахолисига катта даромад келтиради

“Ижтимоий иссиқхона” лойиҳаси: Сирдарё вилоятида хитойча услубда қурилаётган иссиқхоналар қишлоқ ахолисига катта даромад келтиради

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Улуғбек Сотиболдиевнинг ташаббуси билан Ховос туманининг “Бўстон”, “Ҳуснобод”, “Қаҳрамон” , “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғинларида “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури доирасида “Ижтимоий иссиқхона” лойиҳасини амалга ошириш бўйича тақдимотлар ўтказилди.

“Bek cluster” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси таркибидаги “Sirdaryo agro cluster” кўп тармоқли фермер хўжалиги, Буюк Британиянинг “Greenhouse equipment” компанияси ва Сирдарё вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигидаги “Ижтимоий иссиқхона” лойиҳаси доирасида мулоқот ташкил этди. Унда вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, давлат хизматлари агентлиги, банк вакиллари, O‘zLiDeP тузилмалари масъул ходимлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, ОАВ вакиллари, бир қатор ҳамкор ташкилотлар ҳамда лойиҳада иштирок этувчи фуқаролар қатнашди. Мазкур лойи­ҳанинг мазмун ва моҳияти слайдлар, жонли мулоқотлар орқали тушунтириб борилди.

– Лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида Хитой тажрибасини ўрганиб, амалда қўллаш бўйича қатор тадбирлар амалга оширилди. Маркетинг-тадқиқот ишлари олиб борилиб, вилоятнинг чекка ҳудудларида яшовчи аҳолининг фаровонлигини таъминловчи мазкур лойиҳа ишлаб чиқилди, – деди “Greenhouse equipment” компанияси директори Анвар Жуманов. – Иссиқхоналарда маҳсулотлар етиштириш бўйича Хитой Халқ Республикаси Шаньдун провинция­си Шоугуан уездининг энг илғор тажрибаси қўл келди.

Ўтган асрнинг 70-йилларида Хитойнинг Шаньдун провинциясидаги Саньюаньчжу қишлоқ аҳолиси жуда ночор ҳаёт кечирган. Қишлоқ ерлари экинга яроқсиз ва сув танқис, ҳеч қаердан даромад манбаи йўқлиги боис одамларнинг нонга ҳам пули бўлмаган. Шу йили хўжаликка раис қилиб тайинланган 37 ёшли Ван Лэи дастлабки кунданоқ қишлоқлар турмуш шароитини яхшилаш, ташландиқ ерларни ўзлаштириш, улардан қандай ҳосил олиш ва аҳоли бандлиги устида бош қотира бошлади. У иссиқхоналар қуриб, аҳолига банкдан кредит олиб тарқатиш йўлини танлади. Ван Лэи провинцияларга бориб иссиқхоналар ишини ўрганди ва ҳозирда “Хитой иссиқхона технологияси”ни яратди. Дастлаб аҳолининг йиллик даромади 100-150 доллар бўлган бўлса, бу кўрсаткич тўрт йил ичида 1 800 АҚШ долларига етди. Тадбиркорнинг тинимсиз изланишлари натижасида ҳозирга келиб 700 000 гектардан зиёд иссиқхоналар халққа даромад келтиряпти. Тилга олинган қишлоқ аҳолисининг йиллик даромади эса 35 000 долларни ташкил қилмоқда.

Лойиҳа асосида Сирдарё вилоятида қурилиши мўлжалланган иссиқхоналарда қулупнай етиштириш ва экспортга йўналтириш катта даромад олиб келиши, бунинг натижасида қишлоқ аҳолисининг фаровонлигини таъминлаш мумкинлиги аниқланди. Қулупнайни йил ўн икки ой етиштириб, экспортга йўналтириш орқали катта даромад олиш мумкин. Чунки Ўзбекистоннинг 300 куни қуёшли. Хитой технологияси вилоятнинг энг чекка, шароити оғир, ердан ҳосил етиштириш қийин бўлган ҳудудларида қўл келади.

Иссиқхоналарнинг қулай жиҳати, унда иситиш тизими мавжуд эмас. Яъни, Шарқдан Ғарб­га – кун ботиш томонга 14 градус бурилган ҳолда қурилади, шимол томондан нам ўтмас мато қатлами билан қопланади. Кун давомида иссиқхона қуёш энергиясини аккумулятор орқали тўплайди. Кун ботишидан олдин сирт томонига иссиқлик сақловчи кўрпалар ёпилади ва ичкарида иссиқлик бир меъёрда сақланади.

Яна бир эътиборли жиҳати, қурилмалар ер қатламидан 80 сантиметр пастга жойлаштирилади. Яъни, ернинг қиш давридаги музлаш қатламидан 40 сантиметр қуйида бўлади. Иссиқхона ичидаги тупроқ қатлами 14 даража атрофида илиқ бўлиши, кун бўйи тўпланган иссиқлик тонг отгунга қадар етиши ҳам ҳисоб-китоб қилинган.

Иссиқхоналар томчилатиб суғориш системаси билан жиҳозланади.

– Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури бўйича ажратиладиган кредитлар юзасидан амалий кўмаклашилиши, кредит миқдори 202 миллион сўм бўлиб, 3 йил муддатга, бир йиллик имтиёзли даврга 7 фоиз устамаси билан берилиши қишлоқ аҳолисида катта қизиқиш уйғотди, – деди Ховос тумани Қаҳрамон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳриддин Отабоев. – Қуриладиган иссиқхоналар қийматининг 80 фоизи ажратиладиган кредитнинг таъминоти сифатида гаровга олиниши, қолган қисмига таъминот сифатида Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг кафолат хати тақдим қилиниши ҳам жуда катта имконият яратиб беради.

Иссиқхона ташкил этиш ижтимоий лойиҳасини амалга ошириш доирасидаги тақдимот йиғилишлари Мирзаобод туманининг “Йўлдош­обод”, “Баҳористон” МФЙларда ҳам бўлиб ўтди. Тадбирлар қизғин савол-жавоблар, турли мунозаралар билан кечди.

Дилором ЭСОНОВА,

O‘zLiDeP Сирдарё вилояти
Кенгаши масъул ходими