Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ижтимоий соҳани ривожлантириш умуминсоний қадриятлардан биридир

Ижтимоий соҳани ривожлантириш  умуминсоний қадриятлардан биридир
Ижтимоий соҳа нима?
Бунинг учун олдин “ижтимоий” сўзи истилоҳини ойдинлаштириб олсак. У, асли,  арабча “жамъ” дан ясалган бўлиб, кўпчилик,  тўпланиш деган маъноларда ишлатилади.
“Жамоа”, “жамоат”, “жамият” сўзлари ҳам бевосита шу “жамъ” ўзагидан келиб чиқади. Тилшунослик нуқтаи назаридан “жамият” сўзи – от сўз туркумига киради. Сифат ясаш учун унга одатдаги “-ий” сифат ясовчи қўшимчасини қўшолмаймиз, яъни тилимизда “жамиятий” деган сўз шакли йўқ. Шу сабаб  “жамият” калимасининг араб тилидаги сифат шакли – “ижтимоий” сўзини ишлатамиз. Бу айнан “жамиятга, яъни кўпчиликка тегишли” деган маънони анг­латади.
Бироқ “ижтимоий соҳа” ёки  “ижтимоий ҳимоя” сўз бирикмалари  сиёсий, яъни давлатшуносликка оид атамалар ҳисобланади. Маъно жиҳатидан “ижтимоий соҳа” кўпчиликнинг манфаатларига тегишли соҳани англатади. “Ижтимоий ҳимоя” эса “кўпчиликни ҳимоя қилиш” деган тушунчани билдиргани билан, у амалда аҳолининг, асосан, муҳтож ва ночор тоифаларини моддий ва маънавий ҳимоя қилишни назарда тутади.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришгандан кейин кучли ижтимоий сиёсат юргизди. Ижтимоий соҳа ҳозирги пайтда ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг
“Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида” ги ушбу йил 7 февралдаги фармонида бешта устувор йўналишдан тўртинчисида  айнан ижтимоий
соҳани ривожлантириш кўзда тутилган. Унда белгиланган вазифаларни ўқиган ҳар бир газетхон кўз ўнгида биринчи галда ана шу чора-тадбирлар бўйича мустақиллик йилларида амалга оширилган улкан ишлар гавдаланади, албатта.
Бир ижтимоий-сиёсий тузумдан бошқасига, айниқса, унга моҳиятан тамоман зид бўлган бош­қа тузумга ўтиш ҳамиша мураккаб кечади. Бу аҳолининг муайян қисми ҳаётида кескин тарзда акс этади. Бир тузумдан иккинчи тузумга ўтаётганда, хусусан, эски ишлаб чиқариш тизими, мавжуд иқтисодий интеграция ўз-ўзидан ва табиий равишда издан чиқади, уларнинг барини янгидан шакллантиришга тўғри келади. Шунингдек, мулкка эгалик қилишнинг шакли ўзгаради, давлат корхоналари, ҳатто, экин ерлари эгалари ўзгаради, ишчи кучи  ҳам бевосита  бозор иқтисодиёти қонуниятлари асосида  қайта тақсимланади. Кимдир олдинги ишидан ажралиши, уни ўзгартиришга мажбур бўлиши ҳам замоннинг зайли ҳисобланади. Демак, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар сафи ўзгариб, яъни камайиб-кўпайиб туриши ҳам – табиий жараён.
Шунинг учун бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида аҳолининг ҳимояга муҳтож қисмини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг кафолатли тизими яратилмас экан, бу оғир ижтимоий мушкулотларга олиб келиши мумкин. Мустақил Ўзбекистонда аввал-бошдан бу борада оқилона йўл тутилди.
Ҳаёт – мудом ҳаракатда. Уни бир зум тўхтатиб туриш ёки тарих ғилдирагини орқага айлантиришнинг асло иложи йўқ. Жамият доимо олдинга интилаверар экан, у билан бирга онг ҳам тинимсиз  ўзгариб, тараққий топиб бораверади.
Лекин ҳеч бир замон онгни бир тузумдан батамом воз кечиб, иккинчисига ўтиш давридагидек ўзгартиришга муҳтож бўлмайди.
Ахир, тузумни ким ўзгартиради?
Одамми?
Ислоҳот ким учун?
Одамлар учунми?
Шундай экан, ўзгаришлар моҳияти ҳам шахс, унинг манфаатлари билан  бевосита  боғлиқ, ислоҳотлар масъулияти ҳам тўғридан-тўғри фуқаро зиммасига тушади. Шунинг учун Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ: “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг фаровон ҳаёти учун хизмат қилиши керак”, – деган  қатъий позицияни илгари сурди
Кўриниб турибдики, кучли ижтимоий ҳимоя аввал-бошдан мустақил Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор тамойилларидан бири бўлиб келди. Мамлакатимизда давлат бюджетининг асосий қисми айнан ижтимоий соҳага йўналтирилган. Мамлакатда бу  қатъий қоидага изчил амал қилиб келиняпти.
Демак, ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад – халқ ҳаётини яхшилаш, фуқароларнинг эмин-эркин яшаши, ривожланиши, бунёдкорлик ишлари билан фаол шуғулланиши, умрни кўнгилли ўтказиши, турмуш мазмунининг бойишига эришишдан иборат.
1997 йилдан бошлаб йилларни муайян йўналиш бўйича номлаш анъанаси йўлга қўйилди. Ўша йили “Инсон манфаатлари йили” бўлган. “Инсон манфаатлари” деганда эса, аввало, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш маъноси кўзда тутилган. Эътибор қилинса, шундан буён ҳар бир йилнинг йўналишида у ёки бу тарзда айнан  ижтимоий масала ўртага қўйилади. Эсингизда бор, 2007 йил эса  “Ижтимоий ҳимоя йили” бўлди.
Чиндан ҳам, истиқлол йилларида ижтимоий муҳофаза муайян тизимга айланди. Муҳтож қатлам ва гуруҳларга моддий ёрдам кўрсатишнинг ўзига хос, яъни миллий механизми ишлаб чиқилди. 2017 йилнинг айнан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши амалда ана ўша сиёсатнинг изчил давоми эканидан далолат беради.
Бугунга келиб мамлакатимиз тараққиёти муҳим босқичга кирди. Ижтимоий сиёсат борасида истиқлол йилларидаги катта тажрибаларга суянган, мавжуд анъаналарни изчил давом эттирган ҳолда янги-янги қадамлар ташланяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида” шу йил 22 февралдаги фармони билан 94 нафар шахс давлатимиз фуқароси бўлди. Ундан кейин қабул қилинган бир неча фармонлар асосида яна қанчадан-қанча кишилар фуқароликка ўтди. Бу ҳам мамлакат тарихида муҳим ижтимоий ҳодиса сифатида баҳоланиши лозим.
Ҳаракатлар стратегияси асосида ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишлар кўлами эса ҳар қандай инсонни мамнун этади. Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг шу йил 15 августда қабул қилинган “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини келгусида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармойишида муайян маънода ҳозиргача амалга оширилган ишлар бир сидра сарҳисоб ҳам қилинди.  Ҳозирги кунда Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси юзасидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришга қаратилган 15 та қонун ҳамда 700 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани қайд этилди, шунингдек, беш устувор йўналиш бўйича қилинган ишлар қисқача санаб ўтилди.
Жумладан, ижтимоий соҳадаги энг муҳим ишлар ҳам саналган. Унда қайд этилишича, “фақатгина жорий йилнинг биринчи ярмида 2,7  минг километр автомобиль йўллари қурилди ва таъмирланди, 84 минг 300 та иш ўрни яратилди. 2017 – 2020 йилларда шаҳарларда энергия жиҳатдан самарадор арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастури амалга оширилмоқда, унинг доирасида 50 минг 286 та хонадондан иборат 1 минг 136 та кўп қаватли уйларни, бундан ташқари, намунавий лойиҳа асосида қишлоқ жойларида 75 минг турар жойларни қуриш мўлжалланган”.
Эртанги истиқболни белгилаш учун, табиийки, кеча ва бугуннинг тажрибаларига суяниш, яъни эришилган ютуқларни янада кўпайтириш, йўл қўйилган хато ва камчиликларни эса сўзсиз тузатиш тадоригини кўриш керак. Мазкур фармо­йишда ана шу қоидага амал қилинган. Унда қайд этилишича: “...Навбатдаги ислоҳотларни сифатли  ва олдиндан режалаштириш учун 2017 йил якунлари бўйича эришилган натижаларни чуқур ўрганиш ва пухта таҳлил қилиш зарур”.
Ижтимоий соҳага эътиборнинг кўламини тасаввур қилиш учун, лоақал, шу йилнинг ўзида бу борада қабул қилинган қонуности ҳужжатларининг муҳимларини санаш керак. 
Кўриб ўтилганидек, Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий соҳани ривожлантириш учун айнан нималарни амалга ошириш аниқ-тиниқ қилиб белгилаб берилган.
Арзон уй-жойлар барпо этиш мамлакатимизда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишларнинг инсонпарварлигини кўрсатиб турибди. Уй-жойлар арзон нархларда қурилса, уни сотиб олувчилар сони кўпаяди. Энг муҳими, бу биринчи галда аҳолининг уй-жойга ўта муҳтож қатламининг манфаатлари чуқур ўйланган ҳолда йўлга қўйилди.
Ҳозирги пайтда мамлакатимиз  барча минтақаларида икки сотихли намунали қишлоқ уйларини, шунингдек, икки-уч хонали кўп қаватли уйларни қуриш жадал давом эттириляпти. Бу борада, айниқса,  имтиёзли кредитлар жорий этилганидан  аҳоли ­– бағоят миннатдор.
Бугунги кунда пойтахтимиз катта уй-жой қурилиши майдонига айланди. Хусусан, Сергели тумани ҳудудида катта суръатлар билан бунёд этилаётган ҳар тарфлама шинам, завмонавий қулайликларга эга арзон кўп қаватли уйлар пешма-пеш битказиляпти.  
Йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривож­лантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш йўналишига ҳам жиддий эътибор бериляпти.
Сергели туманини шаҳарнинг асосий қисми билан боғлашга хизмат қилиши мўлжалланган ер усти метросининг жадаллик билан қурилаётганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Метрога параллел равишда Сергели тумани ҳудудини метронинг Олмазор бекати билан боғлайдиган автомобиль йўли ҳам қурилади. Шунингдек, бу ҳудудни бир томони шаҳар катта айланма йўлига боғлайдиган, иккинчи томони эса Бектемир тарафга  йўналган янги магистраль йўлга улайдиган йўл қурилиши ҳам жадаллик билан давом эттириляпти. Шаҳримизнинг йўл ва кўчаларига янгидан асфальт ётқизиляпти.
Ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш борасида туб бурилиш юз берди.
Хабарингиз бор, шу йилнинг 30 июнь куни “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойи бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев қатнашиб,  нутқ сўзлади. Юртбошимиз давлатнинг ёшлар сиёсатини чуқур таҳлил этиб, бу борада янгича ишлаш принципларини баён  қилиб берди. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Ёшлар иттифоқига айлантирилди. Бундан буён 30 июнь Ёшлар куни сифатида байрам қилинадиган бўлди.
Сиёсатдаги барқарорлик ва изчиллик ҳар қандай давлатда ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.
Ҳозир пойтахтимизнинг қайси маҳалласига кирманг, аҳоли бахтли яшаши учун қулай шароитлар яратишга қаттиқ киришилганига гувоҳ бўласиз. Кўп қаватли уйлар ташқи тарафлари таъмирланяпти. Бу уйлар орасидаги йўл ва йўлакларга асфальт, цемент ётқизиляпти. Болалар учун ўйингоҳлар янгидан жиҳозланяпти. Пойтахтнинг бўш турган иншоотларида янги-янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этиляпти. Бу кўплаб иш  ўринлари пайдо қилиш имконини бермоқда.
Буларнинг бари – ижтимоий соҳани ривож­лантириш, аҳолининг турмуш даражасини янада кўтаришни кўзлаб амалга ошириляпти.
Жамият – бир бутун тана. Унинг айрим шохлари гуллаб-яшнаб кетса-ю, бошқалари қуруқ-қақшаб қолса, адолатдан бўладими? Йўқ!
Бу йилдан эътиборан мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизимининг ҳуқуқий асослари тубдан янгиланди.
Демак, ижтимоий ҳимояга асосланган давлатимиз сиёсати замирида қуйидаги инсонийлик тушунчалари ётибди:
Бу қатъият – умуминсоний қадриятлардан бири.
Бу қатъият – муқаддас ислом динининг ҳам ўзак масалаларидан бири ҳисобланади.
Бу қатъият – демократиянинг ҳам асосий талабларидан бирига тўла жавоб беради.
Бу қатъият – ўзбек миллий тийнатининг ҳам мағзи-мағзига сингиб кетган.
Султонмурод ОЛИМ