Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Икки юз килограммлик тошбақани кўрганмисиз?

Икки юз  килограммлик  тошбақани  кўрганмисиз?

Пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган табиат музейида ноёб ҳайвонларнинг экспонатлари мавжуд бўлиб, сиз билган ва билмаган қизиқарли маълумотлар жамланган.

Ер юзида минглаб ноёб ҳайвонот дунёси аъзоларининг ҳар бири яшаш жойи, озиқланиши, яшаш тарзи билан бир-биридан тубдан фарқ қилади. Шундай ҳайвонлар борки, уларни фақат дунёнинг маълум бир ҳудудидагина учратиш мумкин. Масалан, филсимон тошбақа - қуруқликда яшовчи тошбақалар оиласининг бир тури. Косасининг узунлиги 150, бўйи 60 сантиметргача етади. Вояга етганларининг оғирлиги тахминан 200 килограмм атрофида, эркаги урғочисига нисбатан йирик бўлади. Фил тошбақа Жанубий Америка қитъасининг Эквадор давлатига қарашли Галапагос оролларида тарқалган. 2 дан 22 тагача тухум қўяди, ўсимликлар билан озиқланади. 12-14 ой сувсиз ва озуқасиз яшай олади. Фил тошбақа мазали гўшти, ёғи ва ҳайвонот боғлари учун овланганидан камайиб кетган.

Агути қуёни ҳам асосан Жанубий Америкадаги тропик ўрмонларда учрайди. Кемирувчилар оиласига мансуб. Танасининг оғирлиги 4 килограммгача етади. Қулоқлари кичкина, думи йўқ. Орқа оёғида учта панжаси бор. Дунё бўйича уларнинг 11 та тури бор. Кундузи фаол, кечқурун дарахтларнинг кавагида ва пана жойларга беркиниб яшайди. Урғочиси 2-4 тагача болалайди. Улар гуллар, барглар, ўтсимон ўсимликларнинг уруғлари ва умуртқасизлар билан озиқланади.

Оқ япалоқ қуш – Арктикани макон қилган. Шимолий муз океанидаги оролларда ва тундрада яшайди. Қишлаш учун овқат ва иқлим шароитига қараб Европа ва Осиёнинг ўрта минтақаларига кўчади. 3-11 та тухум қўяди. Майда кемирувчилар, балиқчалар, оқ куропатка, лемминглар билан озиқланади.

Ўзбекистон давлат табиат музейи экспозициясидан жой олган бундай ноодатий ҳайвон турлари орқали кенг аҳоли ва ёш авлод қалбида она табиатга бўлган муҳаббатини оширишга ундовчи азалий умуминсоний қадриятлар шаклланишига хизмат қилади.

Иброҳимжон САРИМСАҚОВ,

Ўзбекистон давлат табиат
музейи илмий ходими