Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Илм олиш вақт танлайдими?

Илм олиш вақт танлайдими?

Бугунги кунда чет тилларини билиш кун сайин сув ва ҳаводек зарур бўлиб бормоқда. Шу сабабли мамлакатимизда замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини жорий этиш йўли билан, ўсиб келаётган ёш-авлодни чет тилларга ўқитиш, шу тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда бунинг негизида, уларнинг жаҳон сивилизацияси ютуқлари ҳамда дунё ахборот ресурсларидан кенг кўламда фойдаланишлари, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантириш учун шарт-шароит ва имкониятлар яратиш мақсадида, Президентимиз томонидан 2012 йил 10 декабрьда “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари” тўғрисида қарори қабул қилинган. Бунинг натижасида, чет тилларига хусусан, инглиз тилига бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Эндиликда биринчи синфдан бошлаб ўқувчиларга инглиз тилидан сабоқ бериладиган бўлди.

Олий ўқув юртлари талабалари топшириқларни пухта тайёрлаши, билимларни осон ўзлаштириши учун хорижий тилларга мурожаат қилишига тўғри келмоқда. Талаба бўлганим сабабли бирорта тилни яхши билмаганим кўп панд беради. Университетда таълим олиш жараёнида рус ва инглиз тилида сўзлаша оладиган курсдошларимни кузатиб жуда ҳавасим келади. Мен ҳам қачонлардир шундай қобилиятга эга бўлармиканман дея тенгдошларимга ҳавас билан боқаман дейди: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Султонбой Аллонов. Лекин шунга қарамасдан имкониятлар қидира бошладим. Энг асосийси онам мактабда рус тили фанидан дарс беради. Алам қиладигани, фарзандларидан ҳеч биримиз бу тилни волидамиздан ўрганиб олишга қизиқмаган эканмиз. Ҳозир вояга етиб чет тилларига эҳтиёжим ортгани сари онамдан рус тилини болаликдан ўрганмай катта хато қилганимни англаб етдим. Шу масалада онам ҳам алоҳида вақт ажратиб қунт қилмаган экан. Билмадим балки рўзғор юмушларидан ортиб вақти бўлмаганми, иш, ҳаёт ташвишлари билан бўлиб эътиборсиз қолдирганми нима бўлганда ҳам, рус тилни ёшлигимдан ўрганиб билимимни мустаҳкамлаш имкониятидан маҳрум бўлгандим..

Шу ўринда ўйлаб қоласан киши бирор бир чет тилини ўрганиш учун энг қулай вақт қачон? Умрнинг қайси палласида ўрганса маъқул? Кўпчилик қатори мен ҳам ёшликда ўсмирлик бўсағасида тил ўрганиш учун айни пайт деб ҳисоблардим. Лекин психологларнинг таъкидлашича агар инсонда хоҳиш, ишонч, ҳаракат, сабр бўлса, бас умрнинг ҳар қайдай босқичида ўрганиши ва ўзлаштириши мумкин. Ҳикматларда ҳам бежизга бешикдан қабргача илм изла дейилмаган ахир. Бунга мисол тариқасида ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад марҳум Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони Эркин Воҳидов ҳақида хотирлаб шундай деганди: инсоннинг иродаси мустаҳкам бўлса сабрни ҳам матонатни ҳам ўзига бўйсундира олишига Эркин Воҳидов мисолида амин бўлдим. Эркин ака олтмиш ёшдан ошиб инглиз тилини ўрганишга жиддий киришди. Кайвони ёшда бўлишига қарамасдан икки йилда пухта ўзлаштиришга эришди. Инглиз тилида нутқ сўзлайдиган, таржимонсиз ҳам суҳбатлашадиган даражага етди.

Қахрамонимиз Султонбой Аллонов хулосаларини шундай якунлайди. Қўшимча тил ўрганишга фақат ўзим ҳаракат қилишим керак эканлиги, ўз устимда кўп ишлашим кераклигини тушуниб етдим. Орқага йўл йўқ, минг афсус қилган билан бари бефойда. “Баҳона қидиришга сарфлаган вақтингни имконият излашга сарф этсанггина натижага эришасан”. дея навбатдаги қиладиган ишим курс ёки репетиторларга бориб ёшликдаги бу камчиликларни тўғрилашдан иборат. Шундагина она юртим, ота-онам олдидаги фарзандлик бурчимни адо этиб, келажакдаги буюк мақсадларимга эришаман.

Демак инсонда мақсад бўлса, шу йўлда ҳаракат қилса, албатта унга эришмоғи тайин. Ҳар қандай буюклик аслида оддийликдан бошланади. Ҳаракатлар инсонни мақсадлари сари манзилига етаклайди. Муҳими инсонда интилиш, ишонч бўлса бас. Билл Гейтс “Ҳар қандай буюк мақсадларни шакллантирувчи ва амалга оширувчи куч бу ишончдир” дея бежизга айтмаганди.



Манба: obyektiv.uz