Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ИМКОНИЯТ БОРМИ, ИШЛАШ КЕРАК!

ИМКОНИЯТ БОРМИ, ИШЛАШ КЕРАК!
Дангасанинг баҳонаси кўп. “Ишлайман!”  деган одам эса икки тош орасида ҳам гул ундиради. Ховослик Солибой Каримов ҳам шундай: жарақ-жарақ даромад ҳақида осмонга қараб ўй суришдан кўра, хаёлни ҳақиқатга айлантиришга тиришди. Ҳалол меҳнат бесамар қолармиди? Бунинг учун чўт-у чамани тўғри олиб, пешонани обдон терлатиш керак – вассалом. Фақат эртаклардагина осмондан чалпак тушади, ахир?!
Солибой Ховосда чорвачиликка ихтисослашган “Туркистон Турон жамоли” фермер хўжалигини ташкил этганда кўпларнинг бу янги тузилма ҳақида тасаввури йўқ эди, ҳатто. Одамлар муайян тасаввур ҳосил қилиб улгургунича эса қаҳрамонимиз анча илдамлаб бўлганди. Дастлаб ишни 120 бош қўй боқишдан бошлаган чорвадор қисқа муддатда улар сонини 500 бошга етказди. Шунингдек, бўрдоқига боқилаётган новвослар сони ҳам 10 бошдан 120 бошга етди. Бу жараёнда 10 гектар майдонда озуқабоп экинлар ўстирди. Натижада чорва учун ем-хашак фермер хўжалигининг ўзидан чиқадиган бўлди. Бугунга келиб қарабсизки, кечаги Солижон “Солибой”га айланди. Қандини урсин!
Ўтган йили С. Каримов чорвачилик ва деҳқончилик ортидан 120 миллион сўм фойда кўрди. Асли касби иқтисодчи эмасми, ҳар бир сўмни мақсадли сарфлаб, хўжалик иқтисоди ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга эътибор қаратди. Шу боис  хўжаликда техника таъминоти йилдан-йилга юксалиб борди. Ҳозирги кунда жамоа ихтиёрида 1 та “МТЗ-80” чопиқ трактори, 1 та хашак ўриш агрегати, 1 та ем тегирмони, 1 та “Камаз” юк автомашинаси, 1 та “Дамас” енгил автомашинаси бор.
Ҳозирда хўжаликда 20 гектар майдонда пахта, 2 гектар майдонда полиз экинлари парваришланмоқда. Бундан ташқари фермер балиқчилик фаолиятини ҳам йўлга қўйди. Бундан уч йил аввал хўжаликнинг бўш ётган 5 гектарлик майдонида кўл ташкил этилиб, балиқ чавақлари парвариши йўлга қўйилди – натижада эл дастурхони парҳез маҳсулотлар билан тўлди. Ўтган йили жамоа томонидан 4 тоннадан зиёд балиқ истеъмол бозорига етказиб берилди.
Солибойни тежамкор дедик. Бу гап  бир сўмни қирқ жойидан тугади, деган маънони англатмайди. Қаҳрамонимиз саховатпешаликда ҳам намуна. Ўтган йили ўз ҳисобидан 2 та футбол,
1 та волейбол майдончасидан иборат янги стадионни қуриб, ёш спортчилар ихтиёрига топширди. Айни кунда 200 нафар ёшлар бу ерда футбол, волейбол билан мунтазам шуғулланмоқда. Яна Наврўз маҳалласида янги савдо гузарини ташкил этди. Гузардаги қулайликлардан барча унумли фойдаланмоқда.
Фермернинг истиқболдаги ниятлари улкан. Хўжаликнинг ўзида гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш корхонасини ташкил этишни кўзлаб турибди. Шунингдек, маиший хизмат кўрсатиш уйини бунёд этиб, қишлоқнинг ишламай уйда ўтирган қизларини доимий шу билан таъминламоқчи. Зеро, бунинг учун имконият, шароит керагича яратилган. Имконият бор экан, ишлаш керак-да.
Анорбой НОРҚУЛОВ,
“ХХI asr” мухбири
Сирдарё вилояти