Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Имконият, имтиёз ва яратилаётган шароитларга муносиб даражада жавоб бера оляпмизми?

Имконият, имтиёз ва  яратилаётган шароитларга муносиб даражада жавоб бера оляпмизми?

Баъзан бир ҳудудда жойлашган, ер ва сув ресурслари бир хил бўлган ёнма-ён фермер хўжаликларида икки хил натижа кўзга ташланиши кишини ажаблантиради. Аксар ҳолларда айнан ўз ишини эплай олмаётганлар қолоқлик сабабларини аниқлаш, уларни бартараф этиш ўрнига, турли хил баҳоналарни излаш билан оворалигига гувоҳ бўласиз. Энг ачинарлиси, улар йўл қўйган хўжасизлик оқибатларини бартараф этишга энди бир неча йил вақт, меҳнат, маблағ сарф қилишга тўғри келади. Шу маънода “Ерни ўз эгасини топиши керак”, деган даъват қуруқ чақириқ эмас.

Бободеҳқонларимизнинг, боғбону чорвадорларимизнинг қалб қўри, пешона тери эвазига етиштирган маҳсулотлар ҳисобига бозорларимиз, дастурхонларимиз тўкин, ҳаётимиз фаровон. Бугун шиддат билан ўзгариб бораётган замон барча соҳаларда бўлгани каби, қишлоқ хўжалигини ҳам инновацион ғояларга асосланган иш усуллари, янги замонавий технологияларни жорий қилган ҳолда янада ривожлантиришни тақозо этмоқда. Шу ўринда кейинги икки йил мобайнида мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, таркибий ўзгаришлар иқтисодиётимизда муҳим ўрин тутувчи қишлоқ хўжалик соҳасида ҳам изчиллик билан ҳаётга татбиқ қилинаётганини  алоҳида таъкидлаб ўтмоқ лозим. Соҳада бозор муносабатларини жорий этиш, қайта ишлаш ва экспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилди. Фермер ва деҳқонларимизнинг даромадини ошириш мақсадида янгича тизим жорий қилиниб, кўплаб долзарб масалалар ҳал этилмоқда. Давлатимиз томонидан яратилган имкониятлардан унумли фойдаланаётган, ернинг ҳақиқий эгаси эканлигини ҳис этиб меҳнат қилаётган фермер хўжаликларининг даромади ҳам шунга яраша бўлмоқда.

Ер эгалари бугун қандай муваффақиятларга эришмоқда? Фермерлар давлат мадади, ғамхўрлигига муносиб даражада жавоб беряптими? Қишлоқ мулкдорларининг барчаси ҳам яратилган улкан имкониятлардан унумли фойдалана оляптими? Шу каби бир қатор ҳаётий саволларга холис, аниқ жавоблар топиш, фермерлар фаолиятини теранроқ ёритиш мақсадида газетамизда мунтазам равишда “Қишлоқ мулкдорлари” рукни остида таҳлилий материаллар чоп этишни режалаштирдик.

ЭНДИ ИШОНЧНИ ОҚЛАШ КЕРАК 

Йигирма йил илгари Россияга борганимда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзгаришлардан ҳайратланганим, ҳавас қилганим ҳозиргидай ёдимда. Бугун ўзим ҳам йирик натижаларга эришаётганим ана шу ҳаваснинг, интилишлар ва изланишларнинг, муҳими, давлатимиз кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрликларнинг маҳсулидир. Кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбариман. Деярли 3 минг гектар ер майдоним бор. Хўжалигимизда қорамол ва эчки парвариши ҳам йўлга қўйилган. Ҳозирда Болгариянинг “Ремиль” компанияси билан бир миллион долларлик шартнома асосида қурилаётган кичик сут заводи битай деб қолди. Ҳар куни 20 тонна сигир сутидан ташқари, 1,5 тонна эчки сути соғиб олиб, “Nestle” компаниясига топширяпмиз. Чорвамизнинг ўртача семириши 4,4-4,3 фоизни ташкил этмоқда. Сигир ва эчки сутларидан 20 хилдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳасига эгамиз. Унумсиз ерлардан 200 гектарида хорижий технология асосида ёнғоқзор барпо қилганмиз. Яқинда Германиянинг бир қатор заводларига бориб, ҳамкасблар тажрибаси билан танишиб келдим. Биойогурт ишлаб чиқариш бўйича ўзимизнинг брендимизни тайёрлашга астойдил киришмоқчимиз.

Давлатимиз бизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаяпти. Германияга борганимда бир ҳамкасбимнинг “Ореон 630” тракторини неча пулга сотиб олгани билан қизиқдим. 105 минг еврога тушибди. Бизда эса лизинг компаниялари орқали ўн йилга имтиёзли шартларда техникалар олиш имкони мавжуд. Асосийси, фермерларимизга узоқ муддатли лизинг кредитлари қўшимча солиқларсиз берил­япти. Бундан ташқари, ягона ер солиғи бўйича ҳам, электр энергияси, минерал ўғитлар бўйича ҳам бир қатор имтиёзларга эгамиз. Янги технология ва ҳайвон олиб кириш учун солиқ ва бож тўламаймиз. Шунинг учун ҳам ҳар жойда, ҳар даврада давлатимиздан миннатдорлигимни алоҳида таъкидлайман.

Биз каби фермерларга, ер эгаларига, деҳқон хўжаликларига яратилаётган қулай шарт-шароитлар, имтиёзлар яна қаерда бор? Айни кунга қадар дунёнинг жуда кўп ривожланган давлатларида бўлдим, тажриба алмашдим, малака оширдим. Ҳеч бир юртда бизга кўрсатилаётгандай эътиборни кўрмадим. Президентимиз ташаббуси билан фермер, деҳқон хўжаликлари, ер эгалари манфаати кўзланиб қабул қилинаётган қарорлар, чиқарилаётган фармонлар ҳам бизнинг янада шижоат ва ғайрат билан ишлашимизга замин яратмоқда.

Фахриддин ИСМОИЛОВ,

Олтинкўл туманидаги “Бахт имкон ривож чорваси” кўп тармоқли
фермер хўжалиги раҳбари

 ЕРНИ АЛДАГАН ДЕҲҚОННИНГ КОСАСИ
ОҚАРМАЙДИ
 

Фермер сифатида иш юрита бошлаганимга 12 йилдан ошди. Ўша кезлари саноқли хотин-қизларгина бу соҳага бош қўшганди. Бугун эса воҳамизда 2 мингдан ортиқ таниқли тадбиркор ва фермер аёллар бор.

Фермер хўжалигимизда 12 гектар токзор ташкил қилганмиз. Бу йил ҳар гектар ердан 15 тоннадан ошириб узум йиғиб олдик. “Гўзал қора” ва “тоифи” навли шириндан-шакар узумларнинг харидорлари кўп. Ҳосилнинг бир қисмини сотиб, қолганини совуткичга жойлаб қўйдик. Янги йил арафасида бозорга чиқариб, яхшигина даромад қилишни мўлжаллаб турибмиз.

48 гектар ерга “Андижон 1” буғдой уруғидан экиб, агротехника талаблари даражасида парвариш қилдик. Вақтида минерал ўғитлар билан озиқлантириб, обиҳаётга қондирдик. Турли касалликларга қарши кимёвий ишлов бердик. Ғалла пишиб етилгунга қадар туну кун бедор бўлиб, майсалар парвариши билан шуғулландик. Машаққатли меҳнатимиз ўз самарасини бериб, юзимиз эл-юрт олдида ёруғ бўлди. Ҳар гектардан 80 центнердан хирмон кўтардик. Айтишга осон, бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ, албатта.

Тўғрисини айтиш керак, бизнинг туманимиздаям ғалла етиштириш бўйича давлат шартномасини бажара олмаган фермерлар бор. Уларнинг фаолиятини синчиклаб ўрганадиган бўлсангиз, бунга табиат инжиқликлари эмас, балки асосан ўзлари сабабчи экани аён бўлади. Ўз нафсини ўйлаб, ерни алдаган деҳқоннинг косаси ҳеч қачон оқармаган. Бугунги фермернинг инновациячи бўлиши талаб этиляпти. Алмисоқдан қолган усуллар билан деҳқончиликда ютуққа эришиб бўлмайди.

 500 тонналик совуткични қуриб, фойдаланишга топширганмиз. Унинг хизматидан нафақат биз, балки ўндан ортиқ фермер ва тадбиркорлар фойдаланишяпти. Кўп тармоқли фермер хўжалигимизда ёшларнинг 33 нафари доимий, 100 нафари эса мавсумий иш билан таъминланган.

Қишлоқда яшаётган хотин-қизларни иш билан таъминлаш мақсадида хориждан 50 та замонавий тикув машинаси келтириб, тикувчилик цехи ташкил этганман. Бу ерда айни пайтда ўттиздан ортиқ хотин-қизлар ҳунар ўрганиб, йигирмага яқин кийим-кечак маҳсулотлари ишлаб чиқаришяпти.

Ҳаёт аслида тинимсиз ҳаракат, изланиш демакдир. Доимо янги-янги лойиҳалар устида ишлайман. Туманимизда узумчилик, мевачилик яхши ривожлангани боис бу маҳсулотларни қайта ишлашга оид лойиҳалар катта самара беради. Яқин истиқболда бир неча ана шундай лойиҳаларни амалга татбиқ қилишни мўлжаллаяп­ман.  Бугун дала меҳнатчиси эъзозда. Президентимиз томонидан қабул қилинаётган талай фармон ва қарорлар қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни модернизациялаш, қишлоқ одамларининг самарали меҳнат қилиши учун шарт-шароит яратишга қаратилгани бунинг яққол исботидир. Шундай экан, бор билимимиз, тажрибамизни ишга солган ҳолда самарали меҳнат қилишимиз шарт.

Насиба НУРОВА,

Китоб туманидаги “Элдорбек Аброржон Луқмонович”
фермер хўжалиги
раҳбари, халқ депутатлари
вилоят Кенгаши депутати

ЖАВОБГАРЛИК ҲИССИ
КУЧАЙМАСА...
 

Табиатдан эҳсон кутиб ўтиришга ўрганмаган, доим янгиликка интилувчи, имкон изловчи, сифат ва самарадорликка алоҳида эътибор қаратган бир қанча фермерларимиз бу йилги мавсумда режадагидан ортиқ ғалла топшириб, юртимизда ишлаб чиқарилаётган турли хил русумдаги автомобилларга имтиёзли равишда эга бўлишди. Бу ҳам юртбошимиз, ҳукуматимиз томонидан фермерлар меҳнатига берилган эътибор натижаси.

Туманимизда ишчан, фидойи фермерлар талайгина. Агар уларнинг ютуқлари омили билан қизиқсангиз, аксари ҳолларда кўпгина ўхшаш, умумий жиҳатларга дуч келасиз. Афсуски, бундай илиқ фикрларни барча фермер хўжаликлари ҳақида айта олмаймиз. Баъзан бир ҳудудда жойлашган, ер ва сув ресурслари бир хил бўлган ёнма-ён фермер хўжалик­ларида икки хил натижа кўзга ташланиши кишини ажаблантиради. Аксар ҳолларда айнан ўз ишини эплай олмаётганлар қолоқлик сабабларини аниқлаш, уларни бартараф этиш ўрнига, турли хил баҳоналарни излаш билан оворалигига гувоҳ бўласиз. Энг ачинарлиси, улар йўл қўйган хўжасизлик оқибатларини бартараф этишга энди бир неча йил вақт, меҳнат, маблағ сарф қилишга тўғри келади. Шу маънода “Ер ўз эгасини топиши керак”, деган даъват қуруқ чақириқ эмас. Тўғри, фермер хўжалиги мустақил ҳал қила олмайдиган муаммолар ҳам бор. Уларни ўрганиш, таҳлил қилиш, сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш асосий мақсадимиз.

Ҳар қандай ишнинг натижаси асосан инсон омилига бориб тақалишини унутмаслигимиз керак. Қалбида ўз ишига, ерга нисбатан меҳр бўлмаган кишида масъулият ҳам бўлмайди. Бир кафт тупроқни олиб, унинг оби-тобини билмаган одамдан фермер ёки боғбон чиқиши жуда қийин. Шунинг учун ҳар қандай шароитда ҳам мулкдорлар, ер эгалари манфаати йўлида шунча имкониятлар, имтиёзлар яратиб берилаётган бир пайтда биз ҳам ўз зиммамиздаги мажбурият ва жавобгарлик ҳиссини англаб етадиган пайт келди, деб ўйлайман. Бу гап­ларни нега айтаяпман, сабаби, яширмайлик, ҳалиям орамизда номига, хўжакўрсинга фермер бўлволиб, ҳам ўзини, ҳам давлатни алдаб юрганлар озмунчами? Ана шундайларнинг кас­ри бошқаларга ҳам ураяпти, ундайларнинг важ-корсони минг битта, гоҳ айбни об-ҳавога ағдарса, гоҳи маҳаллий ҳокимиятнинг эътибор қаратмаётганидан нолийди. Ўзинг-чи, ернинг умрини кўкка совураётганинг, давлат томонидан берилаётган кўмакларни суиистеъмол қилаётганинг учун ким жавоб беради, десангиз, баҳона тўқийди. Фермер мулкдорлар синфининг вакили, иш берувчи эканлигини ҳам эсдан чиқармаслик лозим. Айнан фермер хўжалиги раҳбарининг ишбилармонлиги, билими, ғайрати кўп жиҳатдан унинг қўл остида ишлаётган ишчи-ходимларнинг ҳам турмуши фаровонлигини белгилаб беради. Қишлоқ хўжалик соҳасида эса майда, иккинчи даражали иш бўлмайди.

 Бугун Зарбдор туманида пахта-ғаллачиликка ихтисос­лашган 672 фермер хўжалиги мавжуд. Шунингдек, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа йўналишларга ихтисослашган фермерлар хўжаликлари, 9750 нафар томорқа соҳиблари фаолият олиб бормоқда. Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қишлоқ хўжалигида шартнома интизомини мустаҳкамлаш, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, томорқа ер эгаларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш, аграр соҳада меҳнат муносабатларини такомиллаштириш бўйича комп­лекс чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан муносабатларда, назорат қилувчи органлар томонидан текширишлар ўтказиш жараёнида ҳамда судларда ишларни кўриб чиқиш чоғида ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш фаолиятимиз асоси ҳисобланади. Хусусан, Кенгаш қошида “Бухгалтерия маркази” ташкил этилиб, тумандаги ҳар 20 та фермер хўжалигига биттадан ҳисобчи бириктирилган. Улар эндиликда бухгалтерия ҳисобига оид барча фаолият турларида бепул ёрдам кўрсатишади. Шунингдек, марказ томонидан бизнес-режалар тузиш, юридик ва бошқа зарурий хизмат турларини кўрсатиш ҳам йўлга қўйилди.

Айни пайтда туманда қиш­лоқ хўжалигини комплекс ривожлантириш бўйича долзарб вазифалар белгилаб олинган бўлиб, ерни ҳақиқий эгасига топшириш, тупроқнинг мелиоратив аҳволини яхшилаш, мавжуд ер ва сув ресурсларидан унумли фойдаланиш, уруғчиликни ривожлантириш, минерал ўғитлар етказиб бериш тизимини такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар бажарилмоқда. Буларнинг барчаси қишлоқ хўжалик соҳасини янада ривожлантириш, соҳада банд бўлган аҳолининг, фермер ва деҳқонларимизнинг даромадини ошириш каби эзгу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Рустам АХМУРОДОВ,
Ўзбекистон фермер, деҳқон
хўжаликлари ва томорқа ер эгалари
Зарбдор туман кенгаши раиси, халқ депутатлари
Жиззах вилоят Кенгаши депутати