Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ИМКОНИЯТНИ ЧЕКЛАБ БЎЛМАЙДИ

ИМКОНИЯТНИ ЧЕКЛАБ БЎЛМАЙДИ          Инсоннинг имконияти қай даражада чекланган бўлиши мумкин? Юролмаслиги, қўлларининг ожизлиги ёки бошқа жисмоний камчилигими?! Йўқ, буларнинг ҳеч бири имконияти чекланган дейишга баҳона бўла олмайди.  Пойтахтимиздаги 100-ихтисослаштирилган мактаб-интернатда бўлиб ўтган тадбирда ўзим учун шу ҳақиқатни кашф этдим.

Ўқув масканига кириб борар эканман, ҳаётдан хафа, митти кўзларида дунё кўтаришга ожизлик қилган дард, “Нега мен шундайман?” деган иддао қотиб қолган нигоҳларни кўришга ўзимни руҳан тайёрладим. Уларга оз бўлса-да қувонч улашсам деган ўй куч берди.

“Ғунча” журнали рассоми Сарвар Фармонов болаларга тасвирий санъатдан сабоқ бераётгани устидан чиқдим. Устоз иккала қўли ҳам тирсагидан йўқ болакайнинг олдида нималарнидир тушунтириб турар, иккала тирсаклари билан мўйқаламни қисиб ушлаганча расм чизаётган болакайнинг кўзлари қувончдан шундай порлардики, бояги ўйимдан ўзим уялиб кетдим. Билсак, Халқаро ногиронларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кунига бағишланган кеча олдидан кичиккина танлов ўтказилаётган экан. Расм чизаётганларга шунчаки қараб тургим келмади. Ижодий ишларини кузатиш асносида суҳбатга тортдим.

– Мен саккизинчи синфда ўқийман, – дейди Умида. – Ҳозир чизаётган расмимда дўппининг ичига ноз-неъматлар – нонимизни, меваларимизни жойлаштиряпман. Машғулот менга жуда ёқяпти. Дугонам билан, – қаршисида расм чизаётган қизга ишора қилади, – бир синфда ўқиймиз. Яна бир дугонамиз шеър ёзишга қизиқади. Аммо ниятимиз бир хил –  келажакда етук таржимон бўлиш.

Умида гапга анча чечан экан, тезда тил топишиб кетдик. Суратни чизиб бўлгунча, қадрдон бўлиб қолдик.

– Опа, бадиий қисмга ҳам қолинг, мен рақсга тушаман, – деди ишини якунлаётганда. Мен, албатта, қолишимни айтиб, либосини алиштиргани кузатиб қўйдим...

Бадиий қисм ҳам бошланди. Мен шу вақтгача жуда кўп мактабларга борганман. Ўқувчиларнинг чиқишларини кузатганман. Аммо ҳеч қачон бу қадар ҳайратга тушмаганман. Бир жойим оғриса, нима ёмонлик қилган эканман деб ўйлаб, дардимга дард қўшаман. Худога нолишни бошлайман. Лекин кўз ўнгимда имконияти чекланган болаларнинг чексиз имкониятлари намоён бўла бошлаганида “Чарос, яшашни ўрган, уйғон”, дедим ўзимга ўзим...

Юролмайдиган бир қизни саҳнага олиб чиқиб столга ўтқизишди. Хоразмча мусиқа янграй бошлади. Йўқ, бу қизнинг ўйнаганини кўрсангиз, юролмайди демайсиз. Ёки, 5-синф ўқувчиси Ҳасанхон Саидхоновнинг жонли ижродаги ашуласини тингласангиз, “Шу бола ҳарфни энди танияпти, ёзувни ўзлаштиролмагани учун 5-синфдан шу мактабга ўтказишган”, дейишса, ишонгингиз келмайди. Мен буни Ҳасанхоннинг онаси билан суҳбатлашиб билиб олдим.

Ҳаммасидан ҳам акробатик чиқишларга қойил қолмай иложингиз йўқ. Яширмайман, университетда жисмоний тарбия фанидан қийин машқларни беради, бажаролмайман, деб тезроқ кетиш тараддудида бўламан доим. Лекин қадамини зўрға босиб юрган болалар гиламда шундай чаққонлик билан машқ бажараётганини кўриб…

Йўқ, имкониятни асло чеклаб бўлмайди. Мия ишлаб, юрак уриб турар экан, инсон имкониятларини кўрсатишга барибир интилаверади. Фақатгина қўлимдан келмайди, деб ўзимиз ўзимизга, имкониятларимизга тўсиқ қўйиб олишимиз мумкин, холос.

Шу куни яна бир йигит билан танишдим. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик институтининг биринчи босқич талабаси экан.  Ёшгина бўлишига қарамай, кўплаб кўргазмаларда иштирок этган. У ҳам меҳмон бўлиб келибди, болаларга сабоқ берибди. Кеча якунланганидан сўнг бирга суҳбатлашиб қайтдик. У билан яқинроқ танишгим, кўпроқ гаплашгим келди. У ҳақида, суратлари ҳақида ёзишни ният қилдим. Чунки у ҳам шу мактабда ўқиб кетган, иккала қўли ҳам йўқ. Расмларни оёқлари билан чизади.

Ҳа-я, ахир мен тадбир ҳақида ёзишим керак эди. Ҳар бир чиқишга алоҳида тўхталмоқчи эдим. Мени ҳайратга солган кўринишларни ёзишга луғат бойлигим қашшоқлик қиляпти. Имкониятимни чеклаяпман…

Чарос ЁҚУБОВА,

ЎзДЖТУ талабаси