Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг янги қиёфагаси билан танишинг

Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг янги қиёфагаси билан танишинг

Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидаги буюк муҳаддис номи билан аталувчи ёдгорлик мажмуаси ёнида марказ бунёд этилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бернади.

 

 

 

Умумий лойиҳа қиймати 122 миллиард сўм бўлган ушбу халқаро илмий-тадқиқот марказининг қурилиш-пудрат ишлари якунланиш арафасида. 6 гектар майдонни эгаллаган марказ ҳудудида ҳадисшунослик мактаби ва мазкур мактаб тингловчилари учун ётоқхона, ошхона, спорт-соғломлаштириш масканлари қурилди. Шу билан бирга, илмий марказ қаршисида ҳар бири 18 хонадонли 3 та уч қаватли турар жой ҳамда мажмуага олиб борувчи Оқдарё – Қўлбости автомобиль йўли бўйида миллий кўринишдаги 2 қаватли 62 та коттеж қуриб битказилди. 


Бу марказ келгусида Имом Бухорий мажмуаси билан яхлит комплекс сифатида юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар меросини ўрганиш ва тадқиқ этишга хизмат қиладиган маърифат масканига айланиши шубҳасиз. Бу эса, ўз навбатида, мазкур ҳудудни янада обод этиш, зиёрат туризми имкониятлари кенгайиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, мажмуани халқаро талаблар даражасида реконструкция қилиш ҳамда зиёратчилар учун қулай шароитлар яратишни тақозо этади. 

 

Шу мақсадда Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини босқичма-босқич реконструкция қилиш, бунинг учун ҳар томонлама пухта ўйланган лойиҳа ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берган эди. 

Ана шу топшириқ асосида Имом Бухорий мажмуасини қайта қуриш лойиҳа таклифи ва Хартанг қишлоғи бош режа-лойиҳаси маъқулланди. Куни кеча Самарқанд вилояти ҳокимлигида ушбу лойиҳа-таклифларнинг тақдимоти ўтказилди. 

Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев ва лойиҳа-қурилиш ишлари масъуллари йиғилишда иштирок этган тадбиркорлар, қурувчиларга лойиҳалар ҳақида атрофлича маълумот берди.

 

 

Хартанг қишлоғининг бош режаси дастлаб “ТошбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонаси лойиҳа ташкилоти томонидан тайёрланаётган эди. Лойиҳа ишларини жадаллаштириш мақсадида бош режа ва батафсил лойиҳалаштириш режаси “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУК томонидан амалга оширилиши белгиланди. 

Ишлаб чиқилган бош режа ва лойиҳа таклифига мувофиқ, мажмуанинг умумий майдони 60,4 гектарни ташкил этиб, тўлиқ қайта реконструкция қилинади. Жумладан, кириш қисмидаги бир қаватли бинолар икки қаватли қилиб қурилади. 

Шунингдек, 1 та тўрт қаватли катта, 6 та уч қаватли ўртача ва 20 та икки қаватли кичик меҳмонхоналар, супермаркет, йирик савдо маркази, амфитеатр биноси, деҳқон бозори, ҳаммом, 2 та таҳоратхона, миллий ҳунармандчилик буюмлари ва сувенир сотиладиган 16 та савдо дўкони, чойхона, ресторан, болалар ўйин майдончаси, 3 та автомобиллар турар жойи, минибанк ва бошқа бинолар бунёд этилади. Умуман, ҳудудда кенг миқёсда ободонлаштириш ишлари олиб борилади. 



Имом Бухорий мажмуасидан ўтувчи Оқдарё – Қўлбости автомобиль йўли олти тасмалига кенгайтирилиб, Хартанг қишлоғини 5 километр масофада тўлиқ айланиб ўтади. 

Мажмуа қайта қурилиши муносабати билан ҳудуддаги 164 та турар жой ва 30 та нотурар жой бинолари бошқа жойга кўчирилди. 

Йиғилишда лойиҳа-таклиф асосида ҳудудда янги объектлар қуриш бўйича тадбиркор ва ташаббускорларнинг таклифи эшитилиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.