Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“Инновацион қўғирчоқ” ёрдамида 16 та амалий муолажани кўргазмали бажариш мумкин

“Инновацион қўғирчоқ” ёрдамида 16 та амалий муолажани кўргазмали бажариш мумкин

“Ёш инновациячи” кўрик-танлови O‘zLiDePнинг “Ёшлар қаноти” ташаббуси билан биринчи маротаба ташкил этилмоқда. Ғолиблар ишлаб чиқариш, сервис, туризм, қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича инновацион лойиҳалари тақдимоти асосида аниқланади. Ғолиб бўлган 18 нафар ўқувчига кейинги, яъни 2018-2019 ўқув йили давомида O‘zLiDeP томонидан стипендия берилади.

Кўрик-танловнинг Самарқанд вилоят босқичида Булунғур маиший хизмат кўрсатиш коллежи ўқувчиси Нурмуҳаммад Файзуллаевнинг деҳқончиликда асқотадиган уруғ экиш қурилмаси кўпчиликнинг ҳайратини оширди. Унинг ёрдамида торроқ экин майдонларида 70 см кенгликда олинган жўякка қатор ораси 15 см, уруғ оралиғи 8-9 см масофада ловия ва маккажўхори экинларини экиш мумкин.

Самарқанд таянч тиббиёт коллежи ўқувчиси Мафтунахон Икромованинг “Инновацион қўғирчоқ” лойиҳаси ҳам ҳакамлар томонидан юқори баҳоланди.

   – “Инновацион қўғирчоқ”да 16 та амалий муолажани кўргазмали бажариш мумкин, – дейди Мафтунахон Икромова. – Масалан, унга вена томирлари ўрнатилган бўлиб, ичига қон ўрнини босувчи суюқлик солинган. Агар укол тўғри қилинса, ичидан “қон” чиқади, нотўғри бажарилса, қўғирчоқ йиғлайди. Яна бир хусусияти, ошқозонини зонтлаш мумкин. Бу чала туғилган чақалоқларни тўғри овқатлантиришни ўргатишда қўлланилади. Агар нотўғри овқатлантирилса, “қўғирчоқ”и йиғлайди ва гапириб беради. Тўғри бажарилса, кулиб жавоб қайтаради. Шунингдек, беморнинг юрак уришини санаш, таҳлил учун қон олишни ўрганиш мумкин.

Якунда номинациялар бўйича совриндорлар аниқланиб, ғолибларга дип­лом ва эсдалик совғалари тақдим этилди.