Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

"Инсдан бўлсанг чиқ! Жинсдан бўлсанг чиқ! Чиқ-е!" (фельетон)

Садриддин Саломовга «дуо кетганми» дейсиз: қачон қараманг, ишлари чаппа! Айниқса, судларда! Муаммоси ўта мураккаб бўлса, кошки: бировдан мол сўраётгани йўқ, нон сўраётгани йўқ. Бор-йўқ ташвиши — икки нафар вояга етмаган фарзандини ўз қарамоғи ва тарбиясига олиш, холос. Аввалига амалий ёрдам сўраб, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Васийлик ва ҳомийлик органига мурожаат қилди. Рафиқасининг фожиали вафоти, сўнг қуда томон билан ўзаро муносабатдаги муаммолар бошқа чора қолдирмаганди-да.
Хуллас, С.Саломовнинг мурожаати сабаб, Вояга етмаганлар ишлари бўйича ушбу туман идоралараро комиссияси  йиғилиш ўтказди (2017 йил, 8 ноябрь), унда аризагўй ҳам шахсан қатнашди, пировардида, қарор қилиндики: «...туман халқ таълими бўлими мудири вояга етмаган болаларни ўз отаси қарамоғига топшириш чораларини кўрсин!»
Қандай яхши! Муаммога нуқта қўйилди, дерсиз? Йўқ, бу қарор муаммога нуқта эмас, нўхта қўйди! 
Гап шундаки, комиссия  қарорини қўлга олган С.Саломов ҳайратдан «бақа бўп» қолаёзди! Қарорга (алоҳида банд тариқасида) йиғилишда айтилмаган-кўтарилмаган масала-ю унга асосан чора тиркалибди: болаларнинг отасига энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида жарима солинсин!  Нега? «Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармагани учун» (МЖтК, 47-модда)! Ажаб, комиссия болаларни отага олиб бериш керак, дейди, шу баробарида... гўёки масъулиятсизлиги учун чораям қўллайди?! Рост, комиссияда шундай ваколат бор. Бироқ бу ваколат орқаворотдан, отага билдирмай, уни сўроқ-саволга тутиб, изоҳ талаб қилмай, ҳе йўқ-бе йўқ чора қўллашга изн бермайди, ахир?!

Кутилмаган «сюрприз»дан фиғони чиққан С.Саломов жидду жаҳд қилдики, судга бериб, «...Учқўрғондан кўрсатмасамми?!».

Алқисса, Мирзо Улуғбек тумани маъмурий суди остонасига бош урди: комиссия қарорининг жарима қўллаш ҳақидаги бандини бекор қилинг, йиғилишда бунақа гап бўлмаган, ахир?!

Судга қатнайвериб, ўзгалар эмас, С.Саломовнинг ўзи «Учқўрғон»га қўшиб, «Жарқўрғон»ниям кўрворди. Ахир, шугина арзи учун тўққиз ой (!) судга чопди-ей... Тўққиз ой? Ҳа-да! Ҳатто жиноят ишлари бўйича судларда ҳам ўта оғир қилмишлар бунча вақт кўрилмас?! Маъмурий судларда  кўриладиган «иш»лар-ку, ўта ихчам, битта, нари борса, икки ёки учта суд мажлисида узил-кесил тўхтамга келиш мумкин! Бироқ, судья Б.Ҳайдаров шугина маъмурий ишни «босиб» ўтирди-ўтирди ва...  роппа-роса  тўрт ярим ой деганда «...ариза маъмурий судга тегишли эмас», дея «дело»ни ёпворди! Бундан на шикоятчи, на адвокат  бехабар бўлса-да, ажримда гўёки улар суд мажлисида иштирок этганини қўрқмай-нетмай ёзиб қўйгани-чи?! Шундан кейин ҳам ажрим ҳақида оғиз очса, қани?!

Судга қатнайвериб, турли баҳоналарини эшитавериб, боз судьяни кўравериб, томонлар таниш бўлиб кетди. Айтади-ку, ҳар куни маҳлуққа кўзи тушган одамнинг бора-бора унга меҳри ҳам тушиб қолади, деб. Судья ва аризачи маҳлуқ эмас, Худо азиз қилган мавжудот: инсон! Кўз-кўзга тушаверганидан хижолат бўлди чоғи, қилиб қўйган ишидан виждонига сув сепиш чорасини излаган кўринади: «Бошқатдан ариза беринг, масалангизни ҳал қилиб бераман»! С.Саломов эски аризасини янгидан ёзиб берди. 2018 йилнинг 24 августида судья Б.Ҳайдаров қарор чиқардики, «...шикоят қаноатлантирилмасин»! Йўқ, бу ўринда гап аризачининг масаласи ҳал бўлган-бўлмаганида эмас. Гап битта маъмурий иш юзасидан битта судьянинг иккита суд ҳужжати чиқараётганида: аввалга «бу иш маъмурий судга тегишли эмас» деган ажрим, сўнг шикоятни рад этиш ҳақида қарор...  

Қизиғики, иккала суд ҳужжати ҳам қонуний кучида турибди?! Ана бўлмаса! 

Унутмайлик: аризачи жарима миқдоридан ташвишга тушиб, судга чопаётгани йўқ. Ҳамма бало арзимас жарима воситасида урилган тамғада! Тўққиз ой судга қатнайвериб-қатнайвериб, йўлкиранинг ўзига жарима миқдоридан кўпроқ пули кетди, ахир?!

...Васийлик ва ҳомийлик органига мурожаат қилиб, кутилмаган жаримага, бу бедодликдан маъмурий судга бориб – ғурбатга гирифтор бўлган қаҳрамонимиз орада фуқаролик судигаям бош суқади: барака топгурлар, болаларимни олиб беринглар!

Фуқаролик судида навбатдаги ғурбат кутиб турганини қайдан билсин, боёқиш?!

Қисқаси, «иш»ни кўриб чиққан фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди (судья А.Сулаймонов) даъвони рад қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарди.

Сабаб? Асос?

1. «С.Саломов рафиқаси З.Саломова фойдасига вояга етмаган фарзандлари учун алимент  тўламай юрган, қарзи фалон миллионга етган...» Даъвогар ҳайрон: иби, бу гап қайдан келди? Қанақа қарздорлик? Бу масала аллақачон қонуний ечим топганди-ку?! Хўп, тасаввур ҳам қилинг: у қарздор. Пулни кимга беради? Гўринг нурга тўлгур марҳумагами? Қандай қилиб? Боқий дунёга алимент оборадиган почта борми? Бўлса, қани, қаерда?  Бориб турган мантиқсизлик...

2. «Болалари билан қаерда яшаши номаълум». «Вой-дод!. – дейди даъвогар, – Кўчада қолган гадомасман, ахир? Шу туманнинг ТТЗ-4 массивидаги «дом»имиз – қайнонам ихтиёрида турибди. Бу уй ижарага берилгани боис  аниқ даромад келиб турибдики, болаларим ҳеч кимга тирик товон бўлаётгани йўқ... Бу уй бизники бўлмай катта холамникими?»  

3. «Суд мажлисида иштирок этмади...» Фуқаролик судида даъвогарнинг иштирок этиш-этмаслиги ҳуқуқми ёки мажбурият? Албатта, ҳуқуқ. Хўш, унда нима муаммо?

4. «Даъворгарнинг ота эканлиги, ўз фарзандларига нисбатан бошқа қариндошларига нисбатан устувор ҳуқуққа эгалигига қарамай... (бу ҳуқуқ) фарзандларни олиб беришга етарли асос бўлмайди». Буниси энди ўтиб тушди?! Тўрт мучаси соғ, на гиёҳванд, на алкаш бўлган, ўз номида бошпанаси бор, камига фарзандларимни ўзим тарбиялай, қарамоғимга олиб беринг, деб судма-суд юрган отанинг устувор ҳуқуқи кўпам аҳамият касб этмас экан, бундан чиқди – эркакнинг бола туғдиришдан бошқа вазифаси йўқ экан-да, а? 

5.

6.

Ҳал қилув қарорида келтирилган кейинги иккита асос ўрни бўш қолдирилди. Зеро, уларда вояга етмаган норасидалар, шунингдек, томонларнинг шахсий-маиший қирралари хусусида гап борадики, гарчи қонун кўпам таъқиқламаса-да, уларнинг баёнидан тийилдик. Қолаверса,  қаламга олинган тўртта «асос»нинг ўзи ҳал қилув қарорининг ҳуқуқий қуввати нечоғлиги борасида етарлича тасаввур беради. Такрор айтишга тўғри келади: ёзмишимиз фуқаро муаммоси хусусидагина эмас, асосий урғу ўша муаммолар судларда «қандай ҳал этилганига» берилаётганини илғаган бўлсангиз керак...

Юқоридаги баёнлар ҳайрат устига ҳайрат туғдириши табиий.  Ажаб савдолар: судларга эътибор кучайгани сари... айрим судьяларнинг янги-янги қирралари намоён  бўляптими, дейсан-да. Бир қарасанг, хоразмлик судья марҳумни «тирилтириб», судда кўрсатма олади, бир қарасанг – Олмазор тумани маъмурий судида «қўлбола материаллар» силлиққина ўтиб, қайсидир шўрлик «15 сутка»ни илиб кетаверади... Мисолимиздаги аҳволни-ку кўрдингиз, ўқидингиз.. 

Бу недан далолат? Коррупция? Саводсизлик? Лаёқат?..

Йўғ-а, маломат қилмоққа шошмайлик, қўлга тушмаган ўғри эмас. Қолаверса, судьялик дуч келган одам эгаллайверадиган лавозимлар сирасига кирмайди. Бунинг учун номзод, эҳ-ҳе, не-не чиғириқдан ўтадики, бу мақомга етганлар бор, етмаганлар бор... Хўш, унда муаммо нимада? Қўлимизда инкор этиб бўлмас исбот йўқ экан, «хашаки мантиқлар»га суянмоққа тўғри келади: айрим судьяларимизга кўз тегиб, суқ киряпти, чамаси... Судларнинг ваколати кенгайиб, судьяларнинг ижтимоий муҳофазаси кучаймоқда, яна денг, қатор хос ҳуқуқларга ҳам эга: бунга ким ҳавас қилмайди, ким ҳасад қилмайди? Боз баъзи қонун пешволарини кўринг: эгнида оҳорли либос, бурнида қоп-қора кўзойнак, қадди ғоз, юришлар – там-там, кўзлар биё-биё... Айтинг, ким суқланмайди? Кимнинг киннаси кирмайди? Кинна – руҳият билан боғлиқ жараён. Кинна кирган судьянинг руҳий мувозанати бузилиб, ўликни «гапиртивориши» ёки битта «иш» юзасидан иккита қарор чиқарвориши мумкинми? Жудаям-да! Одамнинг кўзи тошни ёради, оҳей?! Бу балони битта укол ёхуд иккита таблетка билан аритиб бўлмайдики, эскилар айтганидек, «ўқитиб-қоқтириб-суқтириб-силкитвориш» керакдай... Йўқса, эрта-бир кун қайсидир судда Амир Темур безорилиги учун жаримага тортилиши ёки Бобур Мирзонинг қайсидир рафиқаси ўртасидаги никоҳ бекор қилиниши ҳеч гапмас... Ҳой, кинна деган бало, инсдан бўлсанг чиқ, жинсдан бўлсанг чиқ!  Чиқ!! Чиқ-е, энангди... (эмгур)!..

Турсунали Акбаров

"Xabar.uz" манбасидан олинди.