Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Инсонни орзу дунёлари, умид қўрғонларига қайтариш керак!

Инсонни орзу дунёлари, умид қўрғонларига қайтариш керак!

                Ҳалима Худойбердиева деганда, шубҳасиз, ўзбекнинг дилбар шоираси кўз ўнгимизга келади. Унинг биз бугун яна мутолаа қилмоққа чоғланаётган 1989-1990 йиллардаги ўтлиғ публицистикасини, мақола ва суҳбатларини ўқиганда беихтиёр “Ич-
ичида йўлбас ўкириб, Сиртдан майин жилмайган аёл!”, “Шовқин солма, мен уйғотмайин, Юрагимда ётар бир йўлбас” каби ёнар мисраларини эслаймиз. Шоиранинг шахсини ижодидан, ижодини шахсидан айро тасаввур этиб бўлмайди.

           Ҳалима Худойбердиева халқнинг куюнчак фарзанди сифатида қарийб ўттиз йил илгари тилга олган мавзулар биз ўтган давр мобайнида ўша ғариб манзиллардан қанчалик олислай олганимиз, баъзи ўринларда эса туманда адашиб яна эски манзилга улоқиб келиб қолган одам ҳолига тушганимизни қабартиб кўрсатади. У қўлига қалам олар экан – хоҳ шеър ёзсин, хоҳ мақола – жонсарак аёл бўлиб, жонкуяр она бўлиб ўйлайди, фикрлайди.

            Болаларимизнинг кўзларига, юракларига назар ташлаб кўринг, йўқ, кўпинча уларнинг сиртига қараб, баъзан ҳавасинг келса-да, кўнгилларига кўз солиб зулматга дуч келасан. Қанча кузатма, сарсон бўлиб қанча излама, милтиллаган нур кўринмайди. Бунинг учун мана шу қуруқ шовқини зўр, шақилдоқсифат болалардан хафа бўлманг, бунда уларнинг заррача айби йўқ. Айб, боболаридан олган инжу-дурларни болаларига етказиб беролмаган ношуд ота-оналарда. Баъзан давраларда икки оғиз табрик сўзини ўзбекча айтолмайдиган зиёли дўстларимиз бор. Икки оғиз табрик сўзи! Шуни айтолмайдиган одам ўз боласига жаҳонга кўз-кўз қилгулик бойлигимиз бўлган Аҳмад Яссавийдан нима айтиб беролади? Маҳмуд Кошғарийдан-чи? Боболаримиз ўз тилларидан тортиб “Девони луғатит турк”даги чуғурлаган қуш тилигача билганлар. Бизнинг эҳтиётсизлигимиз, беғамлигимизни қарангки, ўз тилимизни ҳам йўқотиб ўтирибмиз. Тил-а, тилсиз, ўз она тилисиз ер юзида қандоқ бош кўтариб юради одам!

* * *

               Ғалати парадокс. Биз тўқ яшаганимиз, билим савиямиз, саводимиз ортгани сари қадимий қадриятларимиздан, бир-биримиздан узоқлашиб кетаётгандаймиз. Оддий инсоний муомала, бир-бирининг кўнглини овлаш камёб ҳодисага айланиб бораётгандай. Табиат-ку, билмайман, қай ғазаб келтирар қилмишимиз боис, ношуд боласидан юз ўгирган отадай берман қарамай, кўллари қуриб, қуш-қумурсқалари қирилиб, дов-дарахтлари сўлиш тортяпти. Одамзод, бу бугунги гоҳо беёд, бедод бўлиб бораётган одамлар ҳам шу табиатнинг фарзанди-да, наҳотки биз ҳам меҳру диёнатдек яшил япроқларимизни тўкиб, қуруқ танага айланиб бораётган бўлсак?!

           Қўрқаяпман. Одам одамга ўхшамай бораётганидан қўрқаяпман,

* * *

           Биз, эҳтимол, дастлабки қурган пайтларимизда йўл қўйган ношудлигимиз, хатоларимиз учун энди “қайта” қураётгандирмиз. Ҳарҳолда, қурган иморатини бузиб, қайта-қайта қуравериш  меъморга обрў келтирмайди… Ҳаллослаб юриб бажариладиган ишнинг натижасига ишониб бўладими?! Инсонни, кўнгил дарёлари саёз тортиб, қуриб бораётган инсонни орзу дунёлари, умид қўрғонларига қайтариш керак. Шунда унинг зада юрагида ўкинчми, армонми пайдо бўлса ажабмас.

* * *

               Қаёққа кетяпмиз, ўзи? Ё раб, биз мана шу ҳар бири ўзининг ҳою ҳаваси, ҳирси, кичкина, бачкана мақсадчалари билан ўз кўчаларига йўрғалиб кетаётган одамчалар билан улкан маънавият кўчасига чиқа олармиканмиз?..

              Ахир, бошқа йўл йўқ, ... биз халқни кўзлаган ёруғ манзилларимизга фақат шу – маънавият йўли орқалигина олиб ўтишимиз мумкин. Бу кўрлик, бемеҳрлик, бешафқатликнинг ҳаммаси инсон сифатида ўз баҳосини билмаслик, ўз ҳақ-ҳуқуқини танимаслик, ўз ҳаётининг қадрига етмасликдан келиб чиқади… Мен одамга биринчи галда маънавий бутунлик тилайман... Ў, кўргилиги кўп халқим-ей, болаларинг кўрларча ўз қўллари билан ўз томирларини чопиб, қирқиб ётган бўлса, бу катта дарднинг оғриқ, кўлами армон сўзига сиғармикан?! Агар сиғадиган бўлса, шундайдир, армон – емирилаётган маънавият!

* * *

              Рўзғори учма-уч етиб-етмаётган, очин-тўқин одамнинг қулоғига маънавият ҳақида гап кирадими? Гўдакларнинг оёқларига топса, бошига йўқ, бошига топса эгнига дегандай, кам деганда беш-олти бола атрофида гирдикапалак, етишмовчиликлардан боши айланган аёлнинг китоб ўқишга қурби етадими?!

           Шу ерда қозоқ халқининг ўлмас фарзанди Абайнинг қуйидаги сатрлари эсимга келади:

           Шўрлик халқим,

            Мол ортида судралиб ўтган халқим!

            Ажабланадиган жойи шундаки, қишлоқ аёллари ўзларини, болаларини емагидан, ризқидан қийиб бўлса-да, оз-оздан йиғиб қимматбаҳо кийимларни, тақинчоқларни албатта олишга ҳаракат қилишади. Қорайиб кетган, озғин, эти бориб устухонига ёпишган аёлларнинг фалон пуллик, ялт-юлт кийимларни савдогарлардан икки-уч ҳисса қимматга олиб кийиб юрганини кўрган пайтларимда бўғзимга нимадир тиқилиб келади.

* * *

           Бугун бир аёл, бир она сифатида дилимдаги, тилимдаги тиловатим, дуом будир:

            Ватаним, халқим, умид кўзларингни тикиб бош устингга кўтарган болаларинг, илоҳим, ноқобил чиқмасинлар. Ноқобил чиқар эканлар, ўзларининг телба-тескари қадамлари билан улар Сени шудгор қиладилар. Сени ғорат қиладиларки, оқибатда Сенинг бағрингда парокандалик бошланади. Сен бадном бўласан.

            Жафокаш халқим, қай бир фарзандларингга назаринг нури тушиб, ҳаётингни унга инонар экансан, илоҳим, бу фарзандларинг фаросат, садоқат, оқибат туйғуларига, инсоф, адолат ва, айниқса, жасорат туйғуларига бегона бўлмасинлар. Йўқса, улар юриб ўтган йўлларда гуллаган боғлар эмас, қовжираган саҳролар қолади. Бу йўлларда тили бурро, кўнгли тўқ, жўмард болалар эмас, муте, хотирасига ўт кетган, келажагидан ноумид, ҳар қадамини жовдираб, ҳадиксираб босадиган ёки қадами етган жойни зўр билан, зар билан олишига ишончи комил, қасамхўр тўдалар қолади.

* * *

              Бугунги кун ҳар бир инсоннинг кўнглини топиш, қадр-қиммати, номусини тиклаш йўлидаги ғоялари, уринишлари билан (гарчанд бу йўлда ҳали ютуқларимиз жуда кам бўлса-да) бизни умидлантирмоқда. Шахсга сиғиниш даври эса бунинг мутлақ акси бўлиб тарихга кирди. 

 

***

              Яхши кунлар, мазмунли кунлар, кўнгилдагидай яшаб, яйраб ишлайдиган кунлар тобора яқинлаб келаётгандай, эзгулик эпкинлари тобора ишончлироқ эсаётгандай туюлади менга.

Булар ора-сира учраётган бўлса-да руҳга қувват, кўнгилга малҳам берувчи эпкинлардир. Шундай ишонч руҳи, енгиш руҳи катта, давлат миқёсига эга ишларимизда ҳам кўзга ташланиб турибди.

Ҳалима

ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон халқ шоири