Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Инсонпарварлик – бебаҳо бойлик

Инсонпарварлик – бебаҳо бойлик
Фахр қилишга етарлича сабаблар бисёр: якунига етган навбатдаги муборак Рамазон ойи халқимиз учун ниҳоятда баракали бўлгани, айниқса инсонпарварлик намунасига йўғрилган олийҳиммат воқеалари билан эсда қоладиган бўлди. Кечагина Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан 156 нафар ватандошимизнинг Яқин Шарқдаги қуролли ҳаракатлар давом этаётган нуқталардан Ўзбекистонга қайтарилганини улуғвор қадам сифатида қарши олдик. Зеро, мазкур қадам мустақил мамлакатимиз тарихида биринчи маротаба юз бераётганини ҳис этишнинг ўзиёқ унинг нечоғлик аҳамиятли эканини баҳолаб турибди. Таъбиран айтсак, қилинган ҳар бир эзгу амални янги булоқнинг кўз очишига менгзаш мумкин. Меҳр булоғи... 
 
Алоҳида таъкидлашни истардик, давлат раҳбари шу йилнинг 3 июнида имзо чеккан фармонга мувофиқ, муборак Рамазон ҳайити муносабати билан ҳамда Асосий қомусимизнинг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ҳамда тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 575 нафар фуқаро афв этилди!
Қимматбаҳо олмос тошининг муҳташамлиги шундаки, унинг қирралари ичкарига қараган; шу туфайли у гўзал, бебаҳо саналади. Мана шу ташбеҳни давлат ички ва ташқи сиёсати мисолида кўрсак, фикрларимиз янада ойдинлашади. Яъни, ичига ичдан боққанларнинг истиқболи ёрқин, фақат бу қутлуғ амаллар ўзига муносиб ўзанда кетмоғи лозим. Чунки эзгуликка йўғрилган хайрли ишларнинг давомийлиги бевосита шунга боғлиқ. 
Фармондаги “...қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган” дея урғуланган ибораларга эътибор берайлик. Қилмиш-қидирмиш сабоғини халқимиз бежиз такрорламайди, тўғрими? Жиноят йўлига кирганларнинг аксари кейин пушаймон бўлади, тазарру қилади. Табиийки, ҳар кимнинг савоб-гуноҳи, яхши-ёмонлиги ўзига аён. Одам боласи шундай хилқатки, унинг ташидан кўра ичида кўпроқ сир-асрори яширин чиқади. Зоҳирини ҳам, ботинини ҳам ҳар қандай сўнгги русумдаги технология ё башоратчи ускуна аниқлолмайди. Ишонинг, қайсики кишининг иймони суст, инсоф-у диёнатни унутган, ҳаётда адашган, алданган бўлса, унда жиноятга мойиллик сезилади. Охир оқибат кўза кундамас, кунида синади – қилмишига яраша жазо олиб, панжара ортига жўнайди. Эҳ, унинг ортида қолган оила-аъзолари, ота-онаси, ёру дўстлари-чи, улар қандай бош кўтариб юради эл-улус ичида?..
Кимнинг фарзанди, кимнинг отаси ё ўғли эди, қаерда ишларди, қайси қишлоқ ё маҳаллада яшарди... Маломату иддаоларга тўла оғир саволлар қанчалаб қадду бошларни букканига гувоҳмиз. “Жиноятчи, ўғри, каззоб, ватангадо” деган қора тамғаларни ўчириш ҳар кимгаям насиб этавермайди.
Тасаввур қиляпсизми, ушбу ҳужжат замирида энг аввало, мамлакатимизда адолат принципларига таянган ҳолда, инсон шаъни ва унинг қадр-қимматини эъзозлашдек гўзал қадриятлар, миллий ўзликка хос анъаналар ётибди. Яширмаймиз, баъзида ўзимизча ҳар хил ўй-хаёлларга ҳам борамиз. Кечириб бўлмайдиган оғир жиноятларни содир этганларга нисбатан шафқатсиз жазолар тайин этилишини талаб ҳам қиламиз. Бу борада қонунчиликда белгилаб қўйилган тартиб-қоидаларга амал қилиниши шубҳасиз. Лекин куни кеча халқимиз томонидан шодмонлик билан кутиб олинган афв билан боғлиқ фармоннинг мазмун-моҳиятини чуқур таҳлил қилиб, обдон тушуниб етадиган бўлсак, юртбоши бу борада ҳар қандай қонун ё бошқа ҳужжатлар тагзамирида ўз аксини топган муҳим инсоний тамойилларни устун қўйганига яна бир карра амин бўламиз.
– Бу фармоннинг эълон қилиниши мамлакатимизда инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқлари олий қадрият сифатида тан олинишининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Афв этиш ҳукм қилинган шахсга нисбатан инсонпарварлик ифодаси бўлиб, уни жазодан тўлиқ ёки қисман озод қилади ёки суд томонидан белгиланган жазони бошқа енгилроқ жазо билан алмаштиради, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари Светлана Ортиқова ЎзА мухбирига берган интервьюсида.
Бу шахсларнинг 361 нафари жазодан тўлиқ озод қилиниб, ота-онаси, фарзанд­лари ва яқинлари бағрига қайтарилади. Шунингдек, 214 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазо муддатлари қисқартирилади. Афв этилганларнинг 7 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 6 нафарини аёллар, 1 нафарини эса чет эл фуқароси ташкил этади.
Фармонда алоҳида қайд этилганидек, мақсад жиноят содир этганларни жазолаш эмас, аксинча, “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида қайта тарбия­лаш, ҳалол меҳнати орқали жамиятда, одамлар орасида ўзининг муносиб ўрнини топиб олиши учун ҳамма бирдек кўмак бериши лозим.
Тўкис маънода бу саъй-ҳаракатлар олижаноб халқимизнинг меҳр-оқибатлилиги, ҳар доим эзгуликка мойиллиги, давлатимизнинг инсонпарварлик акти ҳисобланмиш ўз фуқароларига ғамхўрлиги намунасидир. Давлат раҳбарининг эътибори, нуқтаи назари эса шунда кўринадики, уларнинг кейинги тақдири одамлар орасида юксак ишончни оқлаш баробарида шу озод ва обод юртга дахлдорлик туйғусини намоён этиб яшашда кўринмоғи шарт.
Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин! 
Норқобил ЖАЛИЛОВ,
Ўзбекистонда хизмат

кўрсатган журналист