Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ИНТЕНСИВ БОҒЛАРНИ ИННОВАЦИОН БОШҚАРИШ ИЛМИ

ИНТЕНСИВ БОҒЛАРНИ ИННОВАЦИОН БОШҚАРИШ ИЛМИ

Бугунги кунда замонавий дунёнинг тараққиёт двигателлари, шак-шубҳасиз, тадбиркор ва ишбилармонлардир

Сендан фарзандингга боғ қолсин, эй дўст.

Боғинг Ватан деган ном олсин, эй дўст.

Эркин Воҳидов

...Интенсив боғлар. Пакана, яримпакана дарахтлар , пайвандтаглар. Қадалган ниҳолларнинг иккинчи йилдан мева тугиши. Кам сув тараб, кўп ҳосил олиш технологияси . Боғ устини тўр билан ёпишнинг афзалликлари.

 

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг боғдорчилик тармоғида ушбу тушунчаларнинг фаол қўлланила бошлаганига ўн йилча бўлди. Мамлакатимиз ҳукуматининг айни соҳани ривожлантириш мақсадида қабул қилган қарорлари, молия муассасаларининг имтиёзли кредитлари, инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар серқуёш юртимизда Европа бозорларида харидоргир меваларни етиштириш тажрибасини оммалаштиришда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилди. Натижада қисқа вақт ичида респуб­ликамиз вилоятларида минглаб гектарларда интенсив боғлар барпо этилди.

Бутун дунёда тобора ўткир муаммога айланиб бораётган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг табиий меваларга, сабзавот маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, иқтисодиётнинг аграр йўналишида экспорт салоҳиятини юксалтиришга қаратилган изчил ислоҳотлар туфайли қишлоқ жойларида кўплаб янги иш ўринлари очилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Қувонарлиси, кенг кўламли мазкур жараёнда O‘zLiDeP электоратининг салмоқли қисмини ташкил этувчи уста ишбилармонлар, интилувчан тадбиркорлар, азму шижоатли фермерлар фаол иштирок этишмоқда. Партиямиз аъзоларининг бу борадаги фаолияти, лўнда қилиб айтганда, тарғиботга лойиқ. “Фаол тадбиркор – ижодкор нигоҳида” туркумидаги навбатдаги мақолага жамланган маълумоту мулоҳазалар ҳам ана шу фикрнинг тасдиғи бўлса не ажаб.

 

Оҳанрабо ошёни ёхуд
помидор терадиган комбайн

Қуёш тикка кўтарилган пайт. “NIVA LADA” русумли автомобилда бепоён боғлар тароватига мафтун бўлиб кетяпмиз. Тезлик соатига 30 километрдан юқори эмас. Шундай бўлиши ҳам керак. Чунки бир майдонни иккинчисидан ажратиб турувчи сўқмоқсифат тупроқли йўлда юраяпмиз. Чамаси қирқ дақиқа ҳаракатлангач Ғўбдин тоғи этагига чиқдик. Қирга кўтарилиб, ортга назар ташлаймиз: эҳ-ҳе, бу водийнинг жозибасини таърифлашга қалам ожиз. У чиндан-да ҳадсиздек. Нариги чеккасини нигоҳингиз илғамайди. Кўзни қамаштираётган турфа мевалар бамисоли оҳанрабо – шунчаки ўтиб кетиш қийин. Ҳайратланмаслик мушкул. Завқланмаслик мумкин эмас.

Бу ажиб гўзалликнинг манзили эса аниқ. Жомбой туман марказидан шимоли-ғарб томон ўн беш чақирим юрсангиз Қўнғирот қишлоғига етасиз. Маҳаллий шароит тақозаси бўйича ўзига хос услубда қурилган уйлар, самимий одамларнинг манглай тери эвазига барқ уриб турган томорқалар йўл кўрсаткичлари янглиғ улкан боғлар сари кузатиб қўяди гўё.

Мана ўша мўъжиза – икки минг икки юз гектарлик бойлик, тўққиз хилдаги мевали дарахтлар, яна шунча турдаги сабзавотнинг макони. Тўққиз юздан зиёд юртдошимизнинг барқарор даромад манбаи. Ҳар қайсисининг оиласини ўртача тўрт нафардан ҳисоблаганда ҳам 3600 кишининг қорнини тўқ, устини бут қилаётган ошён. Валюта тушуми кўпайишига муайян улуш қўшаётган АГРАР ИННОВАЦИЯ.

Боғмисан боғ дегулик файзли масканни узоқни кўра оладиган раҳбарлар тавсиясига таянган тадбиркорлар ўз қўли билан яратган. Қиру адирларда меҳр булоғи билан ниҳол ундирган инсонларнинг ҳалол меҳнати ҳосиласидир бу боғлар. Хориж тажрибасини танқидий таҳлил нуқтаи назаридан чуқур ўрганиш, чет эллик шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик маҳсулидир бу боғлар.  

“Агромир” компанияси таркибидаги “Мароқанд мева-сабзавот” масъулияти чекланган жамиятига қарашли ерлар тўрт тарафдан ўралган. Сарҳадлари туну кун қўриқланади. Назорат-ўтиш пунктлари замонавий алоқа воситалари билан таъминланган. Тиркамаларни инобатга олмаганда, мана-ман деган корхоналарда ишлаб чиқарилган жами 65 та махсус техника боғбону деҳқонларнинг оғирини енгил қилиш билан банд. Улар орасида “GUARESI” комбайни эътиборни тортади. Зотан, у буғдой ўрмайди – помидор теради. Рост, ўнлаб гектарлардаги ҳосилни бир кунда йиғиштириб, пластик қутиларга жойлайди. Машҳур фильмдаги ўлмас иборага қиёсан “Вой тиниб-тинчимаган ишбилармон одамлар-ей, бутун дунёда черри деб аталадиган майда помидорни машинада терсая?”, дегингиз келади.

 

Бирорта ариқ йўқ –
сув етарли

Сув – экиннинг қони. Обиҳаётсиз наботат тасаввурга сиғмайди. Зироат етиштириб бўлмайди сувсиз. Энди дўппини олиб ўйлаб кўринг: 2 200 гектарлик майдонга қанча сув зарур? Кўз олдингизга келдими? Бироқ биз сўз юритаётган тадбиркорлик субъектида бирорта ҳам ариқ йўқ. Боиси суғориш тизими энг илғор технологияларга асосланган ҳолда томчилатиш усули бўйича яратилган. Бу айтишга осон, холос. Чунки катта ҳудудга пластик трубаларни тортиш у ёқда турсин, бунинг учун қанча маҳсулотга эҳтиёж туғилишини ҳисоблаб чиқишнинг ўзига анча вақт кетади. Нишабликка яраша босим қувватини белгилайдиган, аниқ ўлчамларни талаб қиладиган чизмаларни тайёрлаш-чи?

Еттита ҳовуз ва чуқурлиги 160 метрлик 13 та қудуқ (скважина)дан электр насослар ёрдамида олинадиган сув резина ичаклар орқали ҳар бир ниҳолнинг илдизига, ҳар бир экиннинг томирига томизилади. Уч юздан ортиқ алоҳида майдонларга тартиб рақамида “исми-шариф”лар берилган. МЧЖ ходимлари нечанчи рақам айтилиши билан қайси майдон ҳақида гап кетаётганини ёддан билишади. Ўнлаб ишчилар суғориш тизимининг узлуксиз ва беталофат ишлаши учун масъул этиб белгиланган. Улар орасида насос станциялари хавфсизлигига жавобгар электрик­лар ҳам талайгина.

Мутахассислар холис танлов асосида ишга қабул қилинади. Айниқса, тажрибали агрономлар ва бригада бошлиқларига талаб ниҳоятда қаттиқ. Модомики, рағбатлантириш ҳам шунга яраша – мақтанса арзигулик маош оладиганлар йўқ эмас. Парваришдаги ниҳолларни ўсимлик касалликларидан кўз қорачиғидай асрай оладиган, гербицидларнинг маҳаллий шароит учун мос турларини дарров фарқлайдиган, кимёвий қўшимчалардан фойдаланишга инновацион ёндашадиган малакали боғбонларга кутилгандан-да кўпроқ таклиф этилиши мумкин.

Олисдан келадиган ишчилар боғ ҳудудининг ўзида ётоқхона ва иссиқ овқат билан таъминланган. Агрономлар уйи, бригадирлар уйи дея аталувчи бинолар шаҳарлардаги ихчам меҳмонхоналардан қолишмайди. Иккаласи ҳам атроф кафтдай кўриниб турадиган баланд жойларга қурилган. Енгил шабадани айтмайсизми? Соҳибкорларнинг чарчоғи шу ердаги бир соатлик ҳордиқ чоғида чиқиб кетар экан.

 

Уни раис деб чақиришади

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши раиси, “Мароқанд мева-сабзавот” масъулияти чекланган жамияти бош директори Меҳрож Файзилов билан оз эмас-кўп эмас уч кун мулоқот қилдик. Дастлаб Қўнғиротнинг қувончга бешик, завқу илҳомга доя боғларида вақт қандай ўтганини сезмаган бўлсак, эртасига “Bliss” савдо белгиси остидаги мазали ва фойдали, юз фоизлик табиий шарбатлар “дунёга келади”ган завод фаолиятидан олган таассуротлар таъсирида юрдик. Кейинги кун эса телефон ва телеграмм ижтимоий тармоғи орқали фикр алмашдик.

Қирқ уч яшар бош директордан, дарвоқе МЧЖ ходимлари уни раис деб чақиришади, ҳар қандай даврада муҳокама қилишга арзийдиган жўяли таклифлар, истиқболли ғоялар чиқди. Бу мулоҳазалар якка тартибдаги тадбиркорларнинг турмуш ташвишларидан тортиб, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва уларни экспорт қилиш тартибларига янгиликлар киритиш, ташқи савдо билан боғлиқ муносабатларни янада такомиллаштириш, тобора яқинлашаётган сайловлар йилига партиявий тайёргарлик, парламент қуйи палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатиш тизимини қисман ўзгартиришгача довур долзарб масалаларни қамраб олди.

Бу фикрлар алоҳида мақолага мавзу бўлгани учун унинг тафсилотларига тўхталиб ўтирмаймиз. Аксинча, суҳбатдошимиз раҳбарлик қилаётган жамоа фаолиятига бевосита тааллуқли жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Хусусан, мазкур МЧЖ 2013 йилда дастлаб юз гектарлик майдонда ташкил этилгани, кўчатлар Туркия ва Грециядан олиб келинганини, ҳозирда эса “Мароқанд мева-сабзавот”нинг ўзи четга кўчат сотаётганини кўпчилик билмаса керак. Жорий йилнинг ўтган давридагина 1 миллион 200 минг АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Ўтган йили ички бозордаги тўкинликни таъминлашга кўмаклашиш мақсадида жами 57 миллиард сўмлик мева ва сабзавот сотувга чиқарилган.

Бундай рақамларни олиш учун бошқа корхоналарда бўлгани сингари ҳисобхона ёки иқтисод бўлимига мурожаат қилишга эҳтиёж йўқ. Барча маълумотлар раиснинг компьютерида он-лайн режимида жамланади. Масалан, май ойи учун электр энергиясига 67 миллион сўм пул ўтказиш кераклигини М.Файзилов бош ҳисобчи тўлов-топшириқномасини олиб киришдан аввал экранда кўриб ўтирганди. Қайси бригадада қанча одам ишлаяпти, қайси агроном нима билан машғул, техника воситаларининг қай бири соз, қай бири таъмирга муҳтожлиги билан боғлиқ сўровномалар компьютерда акс этиб туради. Ҳудуднинг бир чеккасидан иккинчи бурчагигача 15 чақиримдан ортиқ масофа борлиги электрон маълумот алмашинуви туфайли деярли сезилмайди.

Ўн гектарлик майдонда логистика маркази барпо этилмоқда. Умумий сиғими 20 минг тоннани ташкил этувчи 2 та совутгичнинг бири мева, иккинчиси савбзавот сақлаш учун мўлжалланган. Қиймати 15 миллион еврога тенг замонавий иншоот қуриб битказилгач шу ернинг ўзида маҳсулотни саралаш ва қадоқлаш линиялари ишга туширилади. Бу эса экспорт воситачиларсиз, тўғридан-тўғри амалга оширилади дегани.

 

Франшиза – муаллифлик ҳуқуқини ҳамкорга бериш

Ижодкорлар адабиётнинг асосий қуроли саналган сўз ёрдамида бирор шахснинг сурати ва сийратини ифодалар экан, дунёқараши кенг инсон, ўз ишининг устаси, соҳа сирларини пухта эгаллаган мутахассис сингари таърифлардан фойдаланади. Бу тавсифлардан қай бири Меҳрож Файзиловга муносиб эканини билмадигу, бироқ унинг қиёфасида интенсив боғларни инновацион бошқариш илмини чуқур ўрганган, тармоқнинг ривожланиш тенденциялари бўйича халқаро даражада фикрлайдиган, жаҳон мева-сабзовот бозорида истиқболда қандай ўзгаришлар юз беришини кўра оладиган эксперт намоён бўлиб туради, десак муболағага йўймассиз.

Бироз мақтов бўлиб туюлган мулоҳазанинг исботи сифатида қатор мисоллар келтириш мумкин. Чунончи, юқорида МЧЖнинг улкан ҳудуди сим тўрлар билан ўралгани таъкидлангани эсингиздадир. Бу тўсиқлар пешона тери билан етиштирилаётган мева-сабзавотни бебош ҳайвонлар ва бегона одамлардан ҳимоялайди, холос. Лекин тупроққа қоришиб ўсимлик илдизини қуритадиган қуртлар, қанотли ҳашоратлардан муҳофаза қилолмайди. Тўғри, катта маблағ сарфлаб зараркунандаларга қарши кимёвий йўл билан курашишни кўпчилик яхши билади. Аммо креатив ёндашув ва соғлом рақобатни қадрлайдиган уста соҳибкор ўзига тегишли майдонни дорилаш билан натижага эришиб бўлмаслигини англаб етганига, ана шу самарали усулни ҳамкорлари билан ўртоқлашганига анча бўлган. Яъни, ён-атрофдаги аҳоли томорқалари, деҳқон хўжаликларидаги дарахт ва ўсимликларни касалликлардан асрашга ҳам МЧЖ томонидан маблағ сарфланиши ўзини икки баробар оқлайди. Қўшнинг тинч, сен тинч ҳикматига амал қилиш зироатчиликда ҳам муваффақият омили саналади, дейди суҳбатдошим.

Ўсимликларни ҳимоя қилишда фойдаланиладиган дори воситаларини ишлаб чиқаришда “Arysta” компанияси дунёда анчагина танилган, кўплаб ҳамкорларига эга. Ана шу нуфузли компания вакиллари узоқ йўл юриб, М.Файзилов билан музокара ўтказиш учун келишди. Меҳмонларнинг муддаосини эшитган раис агрономларини чақирди. Ҳар бир тижорат таклифини ипидан игнасигача ўрганишни тайинлади. Халқаро миқёсда эътироф этилган брендларнинг маҳсулоти сифатли бўлади, деб қўя қолмади.

Самарқанд ва Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатадиган савдо ташкилотлари мутахассислари бир ҳафтадан кейин маромида пишадиган шафтолига харидор эканликларини билдиришди. Раис уларга шафтолизорнинг исталган жойидан бир неча дона мева узиб келишни маслаҳат берди. Биронтаси 85 граммдан кам чиқмади. Яна етти кундан кейин улар 100 граммдан ошишига барча ишонди. Ҳисоб-китоб ҳам шунга яраша қилинди.

Интенсив боғдорчилик Европанинг қатор мамлакатларида тараққий этган бўлиб, ташқи кўриниши эътиборни тортадиган янги навлар яратиш орқали бозорларни эгаллаш бўйича катта тажриба тўпланган. Хусусан, Франциянинг “DALIVAL” компанияси томонидан 2016 йилда “GALAVAL”, 2017 йилда эса  “GALIWA” деб аталган янги йирик тўқ қизил олма навлари яратилди. “Мароқанд мева-сабзавот” ана шу машҳур компания билан анчадан буён вируссиз мевали кўчатларни етиштириш бўйича яқин ҳамкорлик қилиб келади. Бунинг самараси ўлароқ келаси йилдан экспорт манбаи сифатида эътироф этилган “GALAVAL” ва “GALIWA” кўчатларини етиштириш минтақамизда биринчи бўлиб Ўзбекистонда йўлга қўйилади! Бошқача айтганда, Европа компанияларининг франшиза тамойили асосида янги навларни тақдим этиши тенг шерикликка қурилган ўзаро ҳамкорлик юксак босқичга кўтарилганидан далолат беради.

Самарқандга келиб турадиган Франция ва швейцариялик мутахассислар юртимиз ёшларининг мураккаб технологик янгиликларни жуда тез ўзлаштиришини алоҳида эътироф этишади. Бу эса Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг илмли, билимли ёшларга ишониш-инониш керак, замонавий фикрлайдиган навқирон авлод ҳар бир соҳада мамлакатимизнинг эртанги тараққиётини белгилаб беради, деган даъватининг ҳаётий тасдиғидир. 

 

Оққан дарё оқмай қолмас

Меҳрож кўҳна Самарқанднинг темир йўл вокзали ёнидаги Деҳқон маҳалласида катта бўлди. Суҳроб, Жаҳонгир каби ўртоқлари билан шу маҳалладаги 49-ўрта мактабда таълим олди. Улар ҳам бугун тадбиркорлик билан машғул. Очиғи, мактабда жисмоний тарбия, физика ва биологиядан ташқари бошқа предметлардан “тўрт”дан юқори баҳо олмаганини ўзи ҳам, синф­дошлари Сайёра ва Феруза ҳам эътироф этишади. Лекин маҳаллани чангитиб велосипед миниб юрган вақтларидаёқ ернинг тортишиш кучи каби физик ҳодисалар, ўсимликлар оламидаги биологик ҳоссалар билан боғлиқ қонун-қоидаларни яхши биларди.

Ўсмирликдаги қизиқиш уни Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтига етаклади. Мева-сабзавотни қайта ишлаш мутахассислиги бўйича ўқишга кирди. Ундаги қаттиққўллик, бир сўзлилик отаси Мусинжон аканинг принципларига жуда ўхшаш. Буни иккита ҳолатда эслаб қолган. Биринчиси мактабни битирув кечасига кетаётганида юз берган. Отаси кечқурун еттида бошланадиган тадбирдан саккизда қайтиб келишни тайинлаган. Меҳрож синфдош­лари билан яйраб ўйнашдан мосуво бўлишига қарамай падарининг гапини икки қилмаган.

Иккинчиси талабалик даври билан боғлиқ. Меҳрож курсдан курсга ўтиш имтиҳонларида қийналиб, отасидан ёрдам сўрайди. Мусинжон ака рад этади, ўзи яхши ўқиб, имтиҳонни ёруғ юз билан топшириши кераклигини уқтиради. Ана шу ўгит унга қимматли сабоқ бўлади, ўз устида ишлаш кўникмасининг шаклланишига туртки беради. Ҳайитмурод, Абдулла, Дилшод каби курсдошлари билан бирга дарс қилиб, ўзлаштириш кўрсаткичларини яхшилайди.

Ўтган асрнинг 90-йиллари боши эмасми, иқтисодий аҳвол анча танг эди. Меҳрожнинг курсдошлари кундалик харажатлар учун қиш­лоқдан пул ўрнига бирор маҳсулот кўтариб келарди. У эса Самарқанд бозорида сотишга ёрдам берарди. Бинобарин, тадбиркорлик қобилияти дастлаб айни талабалик йилларида намоён бўлган. Учинчи курсда ўқиётган даврида ижарага дўкон олиб, қурилиш моллари савдосини йўлга қўйди. Институтни тугатаётганда Меҳрожнинг учта дўкони бор эди. Кейинчалик у бошлаган ишни укаси Равшан муносиб давом эттириб, кичик дўконларни қурилиш компаниясига айлантиришга эришди.

Қахрамонимизнинг исмини бобоси Одилжон ота қўйган экан. У асли Тошкентнинг йирик мулк­дорларидан бири бўлган. Турғунлик йиллари мол-мулки мусодара қилиниб, ўзи Самарқандга қулоқ қилинган. Оққан дарё оқмай қолмас, деганларидек, бугун икки нафар невара XXI аср мулк­дорлари сафидан жой олди.

 

Сеҳрли симфония саси

...Меҳрож билан “NIVA LADA”да ҳаракатланишни давом эттираяпмиз. 78 ёки 79-контурда трубалар уланган жойдан сув чиқаётганини кўриб тўхтадик. Тегишли мутахассислар аллақачон тузатиш чораларини кўра бошлаган экан. Уларга сифатли ишлашнинг моддий тарафи, маънавий жиҳатлари хусусида тавсия берилди.

Қўнғирот боғларининг бош боғбони Ғўбдин тоғи этагидаги дарага етганимизда машина двигателини ўчирди. Менга “Эшитинг” дегандай ишора қилди. У чарчаган пайтида ана шу чуғур-чуғурларга қулоқ тутиб ором оларкан. Болалигидан қушларнинг овози, хусусан, мусичанинг “ғу-ғу”сига шайдо экан. Дарҳақиқат, олис-яқиндаги қушларнинг саси ўзига хос мусиқа, сеҳрли симфония бўлиб таралаётган эди. Меҳнатнинг роҳатини тараннум этувчи, яратиш-яшнатишга ундовчи, янги-янги режаларга чорловчи симфония...

Машинада бошланган гурунг агрономлар уйи­да давом этди.

Тадбиркорликни талабалик даврида бош­лаган инсон хусусий сектор манфаатларини ифодаловчи партия тадбирларида анчадан бери фаол иштирок этиб келади. Йил бошида O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши раиси этиб сайланиши эса М.Файзиловнинг масъулиятини янада оширди. Бу борадаги фаолиятини маҳаллий кенгаш депутати сифатидаги ишини холисона тафтиш қилишдан бошлагани таҳсинга сазовор. Халқ депутатлари вилоят ва туман (шаҳар) кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари аъзолари томонидан биринчи чоракда ижроия органларига юборилган 294 сўровнинг натижаларини таҳлил чиғириғидан ўтказишга алоҳида эътибор қаратаяпти. Айниқса, фуқароларнинг мурожаатлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш тартибида чиқарилган 173 та сўровнинг бир қисми ижобий ечим топмаётганининг сабаб­ларини аниқлаш масалалари диққат марказида бўлиб турибди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган “Қулай бизнес муҳити – тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишнинг муҳим омили” мавзуидаги давра суҳбатлари барча жойларда юксак савияда ташкил этилмаётгани, уларнинг таъсирчанлик даражаси баъзи ҳудудларда пастлигича қолаётгани суҳбатдошимизни ўйлантираётган навбатдаги масалалардан биридир. Унинг фикрича, вақт ва ресурс сарфлаб ташкил этилаётган тадбирларнинг самарасини сайловчи албатта сезиши керак. Асосий марра – партия ғоялари ҳаётийлигига, дастурий мақсадлар самарадор эканлигига электоратни амалий фаолият орқали ишонтиришда.

Шу маънода, Самарқанд туманида партиядошлар саъй-ҳаракати билан қилинган ишлар туфайли 11 тадбиркорлик субъектининг қайта тиклангани эътиборга лойиқ. Бироқ танганинг иккинчи томони ўз ишимиздан қониқиш ҳосил қилишга ҳали асос йўқлигини кўрсатмоқда. Модомики, жорий йилнинг ўтган даврида Самарқанд вилояти бўйича 343 та кичик бизнес субъекти ўз фаолиятини тўхтатгани барчамизни ҳушёрликка чорлаши, масъулиятни оширишга даъват этиши даркор. Бунда маҳаллий кенгашлар қошида ташкил этилган “Тадбиркорлик муаммоларини ўрганиш гуруҳи” имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида O‘zLiDeP томонидан амалга оширилаётган “Обод кўча” лойиҳаси аҳоли қатламларида қизиқиш уйғотаётгани сир эмас. Партия Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан Каттақўрғон туманидаги Каттакўрпа маҳалласида қилинаётган ишлар фикримиз тасдиғидир. Бу ерда 6 километрлик кўчани ободонлаштириш баробарида мўъжазгина “O‘zLiDeP кутубхонаси” ташкил этилди.

“Бугунги кунда замонавий дунёнинг тараққиёт двигателлари, шак-шубҳасиз, тадбиркор ва ишбилармонлардир”. М.Файзилов бу иборани “Президент ғоялари билан келажак сари” шиори остида O‘zLiDeP томонидан Тошкентда ўтказилган “Ўзбекистон фаол тадбиркорлар анжумани”да ён дафтарига ёзиб олган. Ҳозирги саъй-ҳаракатлари эса ана шу таърифга муносиб бўлишга қаратилган. Зеро, ерни ишониб топширган давлатнинг, депутатликка тавсия этган партиянинг, овоз берган сайловчиларнинг ишончини оқлаш осон эмас-да.

Озод РАЖАБОВ,

“XXI asr” махсус мухбири