Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

ИНТИЛГАНГА ТОЛЕ ЁР

ИНТИЛГАНГА ТОЛЕ ЁР

Ғолиба аёл билан келаси ҳафтада кўришишга келишган эдик. Аммо янги бизнес режаси бўйича унинг O‘zLiDePга келиши учрашувимизга қулай фурсат яратди.

– “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг республика босқичига етиб келишимга катта ишонч билдириб, қимматли вақти ва маслаҳатини аямагани учун партиянинг масъул ходимлари, хусусан, Тошкент шаҳар Кенгашига алоҳида миннатдорлик билдираман, – дейди “Ишбилармон аёл” республика кўрик-танлови иккинчи ўрин соҳибаси, “moon light” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шаҳнозахон Сиддиқова. – Гап танловда нечанчи ўринни олишда эмас, кўзланган мақсад ва уни амалга ошириш, имкон даражасида одамларга ёрдам бериш, халқимиз фаровонлигига ҳисса қўшишда.  

Шаҳноза опа, мазкур танловнинг оддий кузатувчиси сифатида шунга амин бўлдимки, иштирокчиларнинг деярли барчаси сизни яхши танишар экан. Улардан анча ёш бўлсангиз-да, тажрибангиз кўпга ўхшайди?

– Эсимни танибманки тадбиркорлик билан шуғулланаман. Мустақилликнинг дастлабки йиллари ишлаш роса қийин бўлган. Бундай вақтда онамнинг маслаҳати, устозлар ўгити ҳамда иқтисодчилигим жуда асқотган. Инсон, аввало, ўз кучига ишониши керак, лекин ҳаёт бир маромда бўлмайди. Қоқилган жойдан мардона туриб кета олиш муҳим. Мен доим биринчи бўлишга интилганман ва бунинг уддасидан чиқиб келганман. Ўн олти йил аввал, ҳозиргидек шарт-шароитлар йўқ пайтда тадбиркорлар ўртасида ўтказилган танловнинг республика босқичида ғолиба бўлдим. Хитойга бориб тажриба алмашиб келдим.

Тўғри, ҳаёт деганлари бир маромда давом этмайди. Унинг ўнгу сўли, баланд пастликлари бор. Ҳар қандай ҳолатда ҳам тадбирли бўлиш лозим, шундай эмасми?

– Эндигина тетапоя бўлаётган гўдак илк қадамини босгунча неча маротаба йиқилиб, ўрнидан турар экан. Аслида ҳаётга бўлган завқ ва интилишни улардан ўрганишимиз керак. Тадбиркорни ялангоёқ ҳолда чўққига тирмашаётган одамга ўхшатаман. У ишониб тутган қоя тоши мўрт бўлиши, оёғини қирра тошлар кесиб юбориши мумкин. Энг юқори маррага етиш учун эса инсон иродали бўлиши лозим.

Рўзғор ишлари, фарзанд тарбияси, барчасидан ортиб ишлаш қийинмасми?

–  Тадбиркорлик четдан кузатганлар учун оддий кўриниши мумкин. Ҳозирги кунда  400 га яқин ишчиларимиз, Фарғона, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида филиалларимиз бор. Тақдир экан, икки фарзандимга ҳам ота, ҳам онаман. Тўнғичим олий ўқув юртида, укаси мактабда ўқияпти. Элнинг дуосини олай, одамларга нафим тегсин, дейман. Ўтган йилларда жуда кўп ютуқларга эришдим. Навбатдаги танловда иккинчи ўринни қўлга киритишим ҳам ушбу ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

–  Янги бизнес режаларингиз?

– Инновацион технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган ноёб полимер, яъни “Ой ёғдуси” деб номланган ёритувчи маҳсулотни мамлакатимизга олиб киришни мақсад қилганмиз. Бу ишнинг амалга оширилиши шаҳар, туман ва чекка қишлоқларимизда электр энергияси тежалишига кўмак бўлади. Ундан, қурилиш объектлари, йўл ҳаракати хавфсизлиги белги ва чизиқларини бўяш, биноларнинг ташқи девори, кўча номларини ёзишда фойдаланиш мумкин. Лойиҳамизни кенг татбиқ этишда Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракат хавфсизлиги, Қурилиш ва шаҳар ободонлаштириш, Тарихий обидаларни қайта таъмирлаш бошқармалари, “Ўзбегим гуллари” каби ўнга яқин ташкилотлар билан ҳамкорликка келишиб қўйганмиз. Бу режамиз амалга ошса, 100 га яқин иш ўрни яратилади...

(Катта мақсадлари ҳақида тўлиб-тошиб сўзлаётган Шаҳнозахон Сиддиқова муҳим нимадир ёдига тушиб, дарров ён дафтарини варақлай бошлади).  Айтганча, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда ўқув маркази очганмиз. Бугун мазкур марказда дарсим бор экан. Тадбиркорликка қизиқадиган ёшлар билан учрашганда ёки дарс жараёнларида кўп айтаман: “Ҳеч қачон биринчи қадамни ташлашдан ва хато қилиб қўйишдан чўчиманг. Интилган албатта йўлини топади. Муҳими, ўрганишдан толмаслик керак!”

“XXI asr” мухбири
Элбек ШОЙИМҚУЛОВ
суҳбатлашди.