Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

ИНВЕСТИЦИЯВИЙ ҚОНУНЧИЛИК ТАКОМИЛЛАШАДИ

ИНВЕСТИЦИЯВИЙ ҚОНУНЧИЛИК ТАКОМИЛЛАШАДИ
Иқтисодиётни юксалтириш, замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган янги корхоналар барпо этиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, янги иш ўринлари яратиш, демакки, аҳоли фаровонлигининг ошиши, турли ижтимоий масалалар ҳал қилинишини инвестицияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бинобарин, давлатимиз мазкур йўналишга ҳозирда ҳар қачонгидан-да катта эътибор қаратмоқда. Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида бу борада ҳам аниқ вазифалар белгилангани эътиборга молик. Партиямиз эса ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ана шу мақсадлар рўёбга чиқишига ҳисса қўшмоқда.
Яқинда пойтахтимиздаги “ITC” бизнес-марказида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракцияси ҳамда Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикаси Инвестициявий кодекси концепцияси лойиҳаси: долзарблиги ва инвестиция­вий қонунчиликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг ташаббуси билан тайёрланган Ўзбекистон Рес­публикаси Инвестициявий кодекси концепцияси лойиҳаси атрофлича муҳокама этилди. 
Республика тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази директори А. Алимов қайд этганидек, концепциянинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида инвестор визаси, инвестиция ссудаси, инвестиция солиқ кредитлари, инвестиция субсидиялари ҳамда хорижий инвесторлар учун қўшимча кафолат ва имтиёзлар берилади. Мазкур кодекс инвес­тиция муносабатларини тўғридан-тўғри давлат томонидан тартибга солиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари томонидан инвестиция субъектлари фаолиятига аралашувларни камайтириш, соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштиришга хизмат қилади. 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси, фракциямиз аъзоси Баҳром Ниязматов соҳага оид миллий қонунчиликнинг бугунги кун талабларига жавоб бермаётгани инвестициявий салоҳиятнинг янада ўсишига тўсқинлик қилаётган омиллардан бири эканлиги хусусида муфассал сўз юритиб, кодекс концепцияси лойиҳасида инвесторларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг мурожаатларини қисқа муддатларда кўриб чиқиш, сармоядорларнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш каби вазифалар ҳам акс этганлигини, шунингдек, сармоялар, жумладан, хусусий мулк ҳимоясини кучайтириш, инвестиция бозорида рақобатни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади.
Давра суҳбатида лойиҳанинг партиямиз дастурий ғоя ва мақсадлари билан уйғун жиҳатларига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, инвестиция қонунчилигидаги зиддиятларни бартараф этиш, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда “давлат – хусусий сектор” шериклигини ривожлантириш, инвестициявий фаолиятни такомиллаштиришда қоғозбозлик сингари салбий ҳолатларни бартараф этиш партия дастуридаги асосий вазифалар сирасига киради. Шу маънода инвестиция кодекси лойиҳасида хусусий сармоядорлар киритган маблағлар хавфсизлигини кафолатлаш, иқтисодий барқарорлик ва молия бозорини мус­таҳкамлаш орқали хусусий сармоядорларни инвестиция бозорига мойил қилиш каби вазифалар ҳам белгилангани диққатга сазовор.
Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Банк-молия академияси, Тошкент давлат молия институти масъул ходимлари, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари вакиллари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир ниҳоясида концепция лойиҳасини кенг жамоатчилик вакиллари билан муҳокама қилиш, унда илгари сурилаётган ташаббус­ларнинг мазмун-моҳиятини тадбиркорларга чуқурроқ тушунтириш, лойиҳа юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Ўз мухбиримиз
 
Суратни Солижон ЗОИРОВ олган.