Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Инвестор Ўзбекистондан кетмоқчи...нега?

Инвестор Ўзбекистондан кетмоқчи...нега? Олмазор туманида “Оникс” акциядорлик жамиятининг ишлаб чиқариш ва ер майдонлари негизида барпо этилган “Олмазор кичик саноат зонаси” АЖ иш бошлагани, унга 50 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик ишбилармон бириктирилгани борасида хабар қилган эдик.  Аввалбошда инвесторлар сантехника воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўяётгани ҳақда мамнуният билан ёзгандик. Аммо...

“Жорий йилнинг баҳорида хитойлик тадбиркор Куан Румбо Олмазор туманидаги кичик саноат зонасидан бино олиб, Ўзбекистонда ўз бизнесини бошлаган эди”, деяа ёзмоқда ЎзА ўзининг Олмазор кичик саноат зонасидан тайёрлаган махсус мақоласида.

Орадан ўтган вақт давомида у буткул ташландиқ ҳолга келиб қолган бинони тозалаб, тартибга келтирди. Зангламайдиган металлдан ошхона анжомлари тайёрлашга мўлжалланган замонавий ускуналарни Хитойдан олиб келди. Монтаж ишларини якунлаб, 30 нафар ёш йигитга ускуналарни бошқариш дарсларини ўтишни бошламоқчи бўлиб турганда, МИБдан келган вакиллар корхона биносини сотилишини айтишди.

Бошланишига 500 минг доллар сармоя киритиб, яна маблағ олиб келишни ўйлаб турган инвестор бундан ҳайратда.

– Ўзбекистонда ҳар томонлама рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқармоқчи эдим, – дейди тадбиркор. – Тендерда иштирок этиб, 10 йилга фойдаланиш учун бино ютиб олдим ва инвестиция киритдим. Ҳозирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан буюртмачилар бор. Улар маҳсулотни чиқаришимизни кутиб турибди. Лекин фаолият бошлашимизга халал бермоқда. Олмазор тумани МИБ келиб, бизни ёпмоқчи, уларнинг айтишича, бу жойнинг қарзи борлиги учун хатлаб, сотишмоқчи. Қарзи бўлса, нега тендерга қўйилган?

Муаллиф тегишли мутасадди ва татбиркорлар билан суҳбатлар олиб бориб, масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилган.   

“Фикрларни тинглаб, аслида муаммо нимада, хорижий инвесторни жалб этиш борасида ҳатто Президентимиз жон куйдириб турганда МИБ ва солиқ идоралари ходимлари нимани ўйлаб бу ишларни бошлади экан, деган саволларга жавоб изладик”, дейилади мақолада.

Масалани моҳиятини билгач, туман солиқ идорасининг муддаоси нима? Тадбиркорларни ишдан кўнглини совутиб, юртимиз иқтисодиётига зарар келтирмоқчими? Наҳотки, улар Вазирлар Маҳкамасининг қарорига ҳам қарши чиқа оладиган қудратга эга бўлса, ёки улар ҳеч кимни назар писанд қилмайдими? деган хаёлга бордик. Ваҳоланки, олдин бу ҳудудда фаолият юритган "Миконд"нинг 9 миллиард қарзи бўлиб, ер кичик саноат зонасига ўтгач, қарз ҳам унга мерос бўлиб қолган. Шунга қарамай Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, қарздорлик кечилган ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ўтказилган танлов асосида жойлар тадбиркорларга имтиёзли равишда 10 йиллик муддат билан ижарага берилган.

Айни вақтда эса солиқ идорасининг талабига кўра, МИБ томонидан хатлов ишлари олиб борилмоқда. Бундан эса тадбиркорлар азият чекмоқда. Инвесторлар эса кетиш кайфиятида. Уйлаб қоласан киши: Солиқчи ва МИБ мақсади, асл муддаоси нима?

“Олмазор кичик саноат зонаси”АЖда улкан мақсадларни кўзлаб иш бошлаган маҳаллий ва хорижлик ишбилармонлар олдида турган бундай муаммолар уларнинг самарали иш юритишлари учун турли тўсиқлар пайдо қилмоқда. Тадбиркор хотиржам ишламас экан, қанча уринмасин ишда унум бўлмайди. Жадаллик сусаяди.

Шу боис, айни пайтда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг тумандаги вакиллари томонидан “Олмазор кичик саноат зонаси“да фаолият юритаётган тадбиркорларнинг муаммолари аниқланиб, мутасадди идораларга депутатлик сўровлари юборилган.

 Фото: ЎзА