Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ипак қуртидан йилига 4 мартагача ҳосил олиш режа қилинмоқда

Ипак қуртидан йилига 4 мартагача ҳосил олиш режа қилинмоқда

Пилладан йилига бир эмас, уч бора хирмон кўтарилиб, хорижда ҳам харидоргир
маҳсулотлар ишлаб чиқ
ариляпти.

Сурхондарё вилоятида пиллачилик саноатининг салоҳияти улкан. Ушбу ҳудуднинг табиий шароити бир йилда уч-тўрт мартагача пилла етиштириш имконини беради. Айниқса, Президентимизнинг “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Республикада пиллачилик тармоғини янада ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида” ва “Пиллачилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларидан кейин воҳада мазкур тармоқ жадал ривожланяпти. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ҳомийлигида вилоятда бир қанча инновацион лойиҳалар амалга ошириляпти, пиллахоналар қурилиб фойдаланишга топшириляпти. Хусусан, Термиз туманидаги “Inter Silk Pro” қўшма корхонаси ҳам кейинги йиллардаги бунёдкорлик, яратувчанлик ишларининг ҳосиласидир. Қўшма корхона 2010 йили иш бошлаган бўлса-да, кейинги йиллардагина фаолият кўлами кенгайди. Дастлаб корхонада хитойлик ва ўзбекис­тонлик 60 мутахассис ишлаган бўлса, бугунги кунда 150 га яқин ходим меҳнат қил­япти. Қўшма корхонанинг туманлардаги филиаллари ҳам самарали фаолият кўрсатмоқда.

Камхарж, лекин
самарадор

Камхарж пиллахона – кўпдан-кўп қурилиш ва жиҳозлаш ашёларини талаб қилмайдиган, табиий материаллар асосида бунёд қилинувчи иншоот. Аждодларимиз азалдан шу йўсинда пилла боққан. Шу услубда етиштирилган пилланинг сифати йирик корхоналарникидан кўра яхшироқ бўлади.

Ҳозир воҳада жами 51 та замонавий камхарж қуртхоналар барпо этилган. Уларнинг ҳар бирида доимий равишда 10 нафар, мавсумда эса 70 нафаргача киши меҳнат қилаётир. Ҳашаротлар уч ёшгача зооветеринария талаблари асосида боқилиб, сўнгра ипак қуртини сийраклаштириш мақсадида 10-15 фоизи шу жойда боқиш давом эттирилади, қолгани оилавий звенолар хонадонларига кўчирилади. Яна бир гап: энди пиллакорлар қуртнинг пилла ўраш даврида мингбош, шувоқ, парлоқ, ёввойи супурги сингари дастабоп ўсимликлар излаб овора бўлишмайди. Камхарж қуртхоналарда сунъий дасталардан кенг фойдаланилмоқда. Бу дасталар эса “Inter Silk Pro” қўшма корхонасига қарашли “Сурхон ипаги” цехида кўп миқдорда тайёрланаяпти.

“Илгари
сермашаққат
юмуш эди...”

– Давлатимиз раҳбари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Термиз туманидаги “Inter Silk Pro” қўшма корхонасига қарашли пиллахонамиз фаолияти билан танишиб, келгуси беш йилда бундай пиллахоналарни 10 мингтага, экспорт ҳажмини эса йилига 1 миллиард АҚШ долларигача етказиш борасида зарур тавсиялар берганди, – дейди корхона раҳбари Фарҳод Валиев. – Шундан кейин мамлакатимизда ипакчилик саноатини ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Авваллари бир йилда бир марта, ўшанда ҳам яхши ҳосил олинмаган юртимиз шароитида бугун эришилаётган натижалар қувонарлидир. Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида жорий йилда уч марта, кейинги йилларда эса миқёсни янада кенгайтириб, тўрт марта “кумуш тола” етиштириш режамиз бор. Бунинг учун катта маблағ шарт эмас. Хориж тажрибасини чуқур ўрганиб, инновацион ғоя ва технологияларни кенг жорий этаётганимиз, маҳаллий мутахассисларимизнинг дунё давлатларида тажриба алмашиб қайтаётгани бу вазифани муваффақиятли уддалаш имконини беради.

– Илгари ипак қурти боқиш анча машаққатли юмуш эди, – дейди Термиз туманидаги Кокилдор ота маҳалласида истиқомат қилувчи оилавий пиллакор Юсуф Норманов. – Тўрт-беш киши саҳардан тунгача тутзордан барг кесиб келтириш, баргни новдасидан ажратиш ва қуртхонага солиб, ёйиш билан банд бўларди. Бугун тайёр дастаклар ҳам бизга қўл келаяпти. Яратилган шароитлар, озуқа базаси шакллантирилгани, даромад солиғи олинмаслиги, меҳнат дафтарчасида иш стажи белгиланиши каби енгилликлар туфайли бир йилда бир эмас, икки-уч марта ҳосил кўтаришдан ҳам киши чарчамайди.

 Қайд этиш керакки, воҳада ўтган вақт мобайнида маҳаллий иқлимга мослашган 700 минг туп ва Хитойдан келтирилган бир миллион туп тут ниҳоллари ҳисобига инно­вацион усулда 350 гектар плантация барпо этилган. Тез етилувчи бу тутлар ипак қуртидан йилига уч мартагача ҳосил олиш имконини беради. 

Изланишлар
давом этмоқда

 Воҳадаги ипакчилик мутахассислари фақат пилла хомашёси етиштиришни ташкиллаштириш билан чекланмай, хомашёни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, кўпроқ даромад олиш йўлидаги изланишларни ҳам давом эттиришяпти. 2014 йили ташкил этилиб, эски ускуналар билан фаолият бошлаган “Сурхон ипаги” масъулияти чекланган жамиятида ўтган йили техник-технологик жиҳатдан тўлиқ модернизациялаш ишлари бажарилди. Хитойдан пиллани қайта ишлаш, ипак йигириш, ипак момиғи ишлаб чиқариш ускуналари келтирилиб ўрнатилди. Ҳозирда бу корхонада 200 нафар киши сунъий даста ишлаб чиқариш, ипак матодан маҳсулот тайёрлаш, ипак гиламлар тўқиш билан машғул.

Сарвар ТЎРАЕВ,   
“XXI asr” мухбири