Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ипакчилик соҳасидаги ислоҳотлар қандай натижа беряпти?

Ипакчилик соҳасидаги ислоҳотлар қандай натижа беряпти?

Ўзбекистонда пиллачилик соҳаси кўп асрлик анъаналарга эга. Мамлакатимизнинг шоҳию адраслари қадим-қадимдан дунёга машҳур. Табиий иқлим шароитимиз, ресурсларимиз жаҳон ипакчилик саноати етакчилари сафида бўлишимизга имкон беради. Бироқ, таассуфки, шундай салоҳиятдан кўп йиллар оқилона фойдаланилмади. Оқибатда  хомашё экспорт қилиш тугул, ўз ипакчилик саноатимизнинг эҳтиёжини атиги 50 фоизга қондира оладиган аҳволга тушдик...

Cоҳа туб ислоҳотларга муҳтож эди. Буни теран англаган Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ипакчиликни бугунги замон талаблари асосида ташкил этишнинг институционал ва ҳуқуқий замини шакллантирила бошланди. Аввало, 2017 йил 29 мартдаги қарор билан ипак қурти уруғини ишлаб чиқаришдан тортиб хомашёни чуқур қайта ишлашгача бўлган бутун жараёнга масъул ихтисослашган ташкилот – “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси тузилди. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 январдаги “Республикада ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан соҳа корхоналарига қатор енгиллик ва имтиёзлар берилди, йирик инвестиция лойиҳалари тасдиқланди, шунингдек, ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг кластер усулига босқичма-босқич ўтиш назарда тутилди.

Президент қарорларидаги жуда муҳим банд­лардан бири шуки, эндиликда уй шароитида ипак қурти боқувчилар – касаначилар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан, пилла етиштирувчи ташкилотлар эса ягона ижтимоий тўловдан озод этилган ва ушбу моддий рағбатлантиришлар пиллакашларни руҳлантириб юборгани шубҳасиз.

Мазкур икки қарор ижроси доирасида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан ўтган давр мобайнида унинг таркибий бўлинмалари – 5 та минтақавий “Ипаксаноат”, 13 та ҳудудий ва 144 та туман “Агропилла” ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг моддий-техника таъминоти тўлиқ амалга оширилди. Ҳозирги кунгача уюшма тизимида 14 452 та доимий ва 410 793 та мавсумий иш ўринлари яратилган.

Шунингдек, 43,4 минг гектар тутзорлар (жами 152 млн. туп) ва 43,9 миллион туп якка тут қаторлари тўлиқ хатловдан ўтказилиб, тизим корхоналарига бириктириб берилди. Ўтган даврда 2 минг 271 гектардан ортиқ янги тутзорлар барпо этилди, уларнинг 400 гектари ўрма тутзорлардир. Йил якунигача яна 4,8 минг гектарга тут уруғини қадаш кўзда тутилган. 506,1 гектар ер майдонида тут уруғчилиги ва кўчатчилик хўжаликлари ташкил этилди.

Яқин-яқинларгача бизда пилла етиштириш фақат мавсумий иш эди: баҳорнинг ўрталарида ипак қурти фермерларга ва хонадонларга тарқатилар, май ойи охири, ёз аввалида хирмон кўтариларди. Ҳолбуки, ипакчилиги тараққий этган ўлкаларда йилига тўрт марталаб (!) хомашё тайёрланади.

Соҳада ислоҳотлар бошлангач, такрорий пилла етиштириш тажрибаси ва технологиялари жорий этилиб, пиллачилик мавсумий тармоқдан доимий тармоққа айланди. 2017 йили ўзбек ипакчилиги тарихида илк бор икки марта, жорий йил уч марта пилла етиштирилди. Келаси йилдан эса тўрт марта ҳосил кўтариш режалаштирилмоқда. Такрорий ипак қурти боқишнинг янги комплекс технологияси Фарғона, Самарқанд, Навоий вилоятларида синовдан муваффақиятли ўтди. Эътиборли жиҳати, так­рорий пилла ҳосилдорлик ва сифат бобида биринчи ҳосилдан асло қолишмайди. “Ўзбекипаксаноат”нинг яқин ҳамкорларидан бири, Хитойда ўз ихтисослиги бўйича энг йирик ҳисобланадиган “Shandong Guantong Silkworm Eggs Со” компанияси бош директори Фенг Гуодонг яқинда “Халқ сўзи” газетасига берган интервьюсида буни мамнуният билан эътироф этди.

Ислоҳотлар самарасида ва такрорий етиштириш йўлга қўйилиши билан респуб­ликамиз пилла хирмони ҳам юксалмоқда. Рақамларга мурожаат қиламиз: 2017 йили 12 минг 450 тонна пилла олинган бўлса, жорий йил бу кўрсаткич 5,5 минг тоннага ёки 144 фоизга ортиб, 18 минг тоннани ташкил қилди. Шундан 14 минг 600 тоннаси  баҳор мавсумида, 1 минг 5 тоннадан ортиғи 2-мавсумда ва 2 минг 347 тоннаси эса 3-мавсумда етиштирилди.

Ипакчилик тараққиётини уруғчилик истиқболисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки яшовчанлиги ва ипакчанлиги юқори бўлмаган зотдан саноатбоп пилла олишнинг иложи йўқ. Шунинг учун ҳам соҳани сифат жиҳатидан ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар айнан мазкур жабҳадан бошланди. Маҳаллий навлардан юқори маҳсулдорлиги билан ажралиб турувчи “Ўзбекистон-5”, “Ўзбекистон-6”, “Ипакчи-1”, “Баҳор-1”, “Олтин водий”, “Наврўз” ҳамда тутлардан “Сурх-тут”, “Жарариқ-8”, “Топкросс-3” каби дурагайлар танлаб олинди, шунингдек, Хитойдан 360 минг қути сифатли ипак қурти уруғлари келтирилди ва жонлантирилиб, парваришланди. Бундан ташқари, 30 минг қути уруғ модернизация жараёнлари амалга оширилган маҳаллий уруғчилик корхоналарида етиштирилди.

Тармоқни тараққий эттириш мақсадида илғор мамлакатлар, жумладан, Хитой, Ҳиндистон, Япония, БАА билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, бу амалий натижасини бермоқда. Хусусан, Хитойнинг “Shandong Guantong Silkworm Eggs Со” компанияси билан салмоқли инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Навоий ва Қашқадарё вилоятларида ипак қуртининг элита уруғларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган заводлар барпо этиш бошланган. Бундан ташқари, Андижон, Бухоро, Фарғона, Қашқадарё, Хоразм ва Тошкент вилоятларида 30 миллион АҚШ долларидан ортиқ инвестиция эвазига олтита замонавий корхона ташкил этиш белгиланган.

Компания бош директори Фенг Гуодонг­нинг сўзларига кўра, заводлар 2021 йилгача тўлиқ ишга туширилади. Улар жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган замонавий асбоб-ускуналар, совуткичлар тизими ҳамда ишлаб чиқариш учун зарур барча воситалар билан таъминланади. Пировардида 2019 йили корхоналарнинг ҳар бирида 20 минг қути, 2020 йили 50 минг қути, 2021 йили эса 150 минг қути ипак қурти уруғлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Бугунги кунда тутзорлар қошида 477 та қуртхоналар мавжуд бўлиб, шундан 270 таси янгидан қурилган. Йил якунигача Хитой ва Ҳиндистон тажрибалари асосида яна 256 та қуртхона қурилиши белгиланган.

Ҳудудларда кластер типидаги “Bukhara Brilliant Silk”, “Andijan Silk Co”, “Silk expert processing”, “Agro global”, “Khiva Silk Fabrik” сингари йирик корхоналар ташкил этиляпти, улар қўшилган қийматли экспортбоп маҳсулот тайёрлашга йўналтирилган. Мазкур лойиҳалар 2021 йилгача тўла-тўкис амалга оширилади. Хусусан, биргина “Andijan Silk Co” қарийб 1000 кишини иш билан таъминлайди ва 2021 йилга бориб йилига 12 миллион доллар қийматидаги маҳсулот экспорт қилиш салоҳиятига эга бўлади.

Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги 31 та пиллани қайта ишлаш корхоналарида модернизация ва кенг кўламли технологик янгиланиш ишлари амалга оширилмоқда. 2019-2020 йилларда 11 та янги қайта ишлаш корхонаси барпо этилиши режалаштирилган.

Жаҳон ипакчилигидаги илғор ғоялар, инновация ва тенденциялардан четда қолиб кетмаслик мақсадида халқаро ташкилотлар билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилмокда. Чунончи, ўтган йилнинг октябрь ойида Ўзбекис­тоннинг Халқаро ипакчилик кенгашига (ISС) дунё мамлакатлари орасида 20-аъзо бўлиб қўшилиши катта воқеа бўлди. Бундан ташқари, уюшма томонидан БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ҒАО) ва Саноатни ривожлантириш ташкилоти, Германия (GIZ) ва Япониянинг (JIСА) ҳамкорлик агентликлари билан биргаликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Пилла хомашёси ва ипак маҳсулотларини сертификатлаштириш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот марказини ташкил этишда уюшмага Германиянинг Хохенштейн институти кўмак бермоқда. Эслатиб ўтамиз, уюшма ҳузурида шундай марказ ташкил этиш Президентимизнинг 2018 йил 12 январдаги 3472-сонли қарорида кўзда тутилган.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси 2017 йили 9 та халқаро даражадаги кўргазма ва форумларда иштирок этди, шундан учтаси Ўзбекис­тонда ташкил этилгани мамлакатимиз ипакчиларининг қисқа давр ичида қайтадан дунё назарига тушганидан далолатдир. Илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривож­лантириш мақсадида илмий-техникавий ва илмий-амалий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмокда. Уюшма таклифига кўра, Хитой Фанлар академиясининг ипак қурти уруғчилиги ва тутчилик бўйича 3 нафар профессори шу йилнинг апрель ойида мамлакатимиз ҳудудларида мавсумий ишлар билан бевосита танишиб, амалий семинарлар ўтказдилар. 2 та уруғчилик корхонасида бўлиб, маҳорат дарслари ўтказдилар ва ўз тавсияларини бердилар. Шунингдек, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида хорижий профессорлар иштирокида илмий-амалий конференция ўтказилиб, мазкур институтда янгидан “Ипакчилик технологиялари” кафедраси очилди.

Тизим ташкилот ва корхоналари ходимлари касбий малакаларини ошириш мақсадида 2017 йили 29 нафар, 2018 йили 59 нафар ходим Хитойда, 5 нафар ходим Ҳиндистонда, 1 нафар ходим Японияда стажировка ўтаб қайт­ди. Дунёнинг пиллачилик бўйича етакчи компаниялари профессионал мутахассислари мамлакатимизда бўлиб, тизим корхоналарида ўз тажрибаларини маҳаллий мутахассисларга ўргатмоқдалар. 2017 йилнинг ўзида 20 нафардан ортиқ, шу йил эса 47 нафар хорижий мутахассис мамлакатимизнинг уруғ ва пилла етиштириш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларида бевосита иштирок этди.

Саидвафо БОБОЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси