Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

ИПАКдан бошлангани, ИПДА тугаса...

ИПАКдан бошлангани, ИПДА тугаса...

Гоҳ-гоҳо бирор мужда ўқиш илинжида уяли телефоним орқали ижтимоий тармоқларни кузатаман. Хабарлар оқими билан танишиб бораверганим сари шуурга шикасталик ўрлайверади. Хайрлидан кўра кўнгилсиз, нохуш воқеалар ривожи эрталабдан руҳимни шикаста этади:

***
“Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 22 ёшли аёл турмуш ўртоғининг қотилига айланди. Тунги соат 3 ларда оилавий жанжал оқибатида у 24 ёшли эрини сочиқ билан бўғиб ўлдирган”.

***
“Ўртачирчиқда аёл эрини болта билан чопиб, ўлдириб, ҳовлига кўмиб, уни қидирувга берди”.

***
“Сурхондарёда 43 ёшли маст аёл эрини ваҳшийларча ўлдирди. Аёл маст ҳолда уйида ўзаро жанжал оқибатида, ширакайф турмуш ўртоғининг қорнига пичоқ билан уриб, жароҳат етказган”.

***
“Навоийда аёл эрини болта билан жароҳатлаб, кейин ўзини ўлдирди. У турмуш ўртоғи билан доимий равишда жанжаллашиб келади. Соат 00-20 ларда уйида турмуш ўртоғининг ухлаб ётганидан фойдаланиб, унинг боши, бўйин ва кўкрак қафасининг соҳаларига болта билан уриб тан жароҳатлари етказади. Жабрланувчининг бақирганини эшитиб хонага кириб келган қайнотасини кўриб, у воқеа жойидан яширинади. Шундан сўнг, содир қилган қилмиши учун жавобгарликдан қўрқиб, оғилхонада ўзини-ўзи осиб ўлдиради”...

***
Бу каби мудҳиш, аянчли воқеалар хусусида кунда бўлмасада кунора оммавий ахборот воситалари орқали эшитяпмиз, кўряпмиз. Икки-уч йиллар бурун бундай жиноятга қўл урган хотин ҳақида ҳеч иккиланмасдан салбий фикр­лар билдирилади. Аянчли жиҳати шундаки, эндиликда қотилларни “оқлайдиган”, вазиятни турмуш, турли қийинчиликлар, камчиликлар, стресс ҳолатлар билан юмшатишга ҳаракат қилаётганлар ҳам топиляпти.

Бу мавзуда ёзиш, рости, осон бўлмади. Сабабки, аёл аталмиш хилқатни кўкларга кўтариб келамиз, пайғамбарларни, даҳоларни дунёга келтирган ва тарбиялаган мукаррам зот дея таъриф беришга тилимиз ҳам, қаламимиз ҳам ўрганиб қолган. У ҳақдаги мукаммал таърифни-ку ҳали ҳеч ким битолган эмас, аммо шу мақсадда не-не шоиру шуаролар ашъор тўқишди, оламгирлар кошона-қасрлар қурдиришди, меъморлар тарҳлар чизди, юраклар сел бўлиб тинглаётганимиз куйлар басталанди. Зеро, аёл – номусдир! Ор-номус Ватандек муқаддас, халқдек берилмас! Чунки у она, опа-сингил, вафоли ёр.

Боғ хаёли боққа етаклайди

– Олдинлар фақатгина чет эл телевидениеси ёки ижтимоий тармоқларда олис ўлкаларда юз берган аёллар жиноятчилиги хусусида эшитардик ёки кўрардик, – дейди “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳуқуқшуноси Гулнора Эшонхонова. – Яшириб нима қилдик, эндиликда бундай воқеалар ўзимизда ҳам урчиб бораяпти. Бу бир томондан оммавий ахборот воситалари жуда тезкорлик билан хабар тарқатяпти дегани, иккинчи томондан, аёллар ўртасидаги жиноятчилик тез-тез содир бўляпти, деган фикрни уйғотяпти. Хўш, бу каби хабарларни тез-тез эшитишимиз қандай таъсир кўрсатади? Аввало, шу ҳақда ўйлаб кўришимиз керак. Ахир “боғ хаёли боққа етаклайди”, демак, кўнгилга ёруғлик индирадиган лавҳаларни кўпайтириш орқали одамларни яхши томонга буриш кўпроқ самара беради. “Оила” маркази яқинда “Оммавий ахборот воситаларида оила масалаларини ёритиш стратегияси” мавзусида семинар ташкил қилди. Унда айнан оила масалаларига бағишланган маълумотларни қай тарзда оммавий ахборот воситаларида ёритиш масаласи ўртага ташланди. Шундан келиб чиқиб, бугун аёлларнинг жиноятга қўл ургани хусусида эмас, у оиланинг яратувчиси эканини тез-тез оммага таъкидлаб туришимиз керак. 

Аёллар жиноятчилиги, уларнинг нима учун билиб-билмай бу йўлга кириб қолгани сабабларини ўрганиш мақсадида марказимиз ҳам бир қатор ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар  ва Тошкент шаҳар бошқармаларида хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар ҳақида маълумот базаси яратилди. Жиноят содир этган ҳамда ҳозирда қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тури қўлланилган аёлларнинг базаси шакллантирилган алоҳида жадвал ишлаб чиқилиб, уларга ҳудудлардаги хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар, депутатлар, ҳудуддаги фаол ва ибратли аёллар бириктирилди. Юзма-юз суҳбат олиб борииш йўлга қўйилди. Бу йўлидан адашганларга ўзларини руҳан тиклаб олишлари, тўғри йўл топишларига кўмак беради.

Аслида ҳар бир ҳуқуқбузарликнинг таг замирида қандайдир бир кўзга кўринмас сабаб бўлиши мумкин. “Оила” маркази ўз илмий тадқиқотлари билан ана шу сабабларнинг нима ва қай даражада эканлигини аниқлашга киришди. Бунда, аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари рўйхатига турли сабаблар билан тушиб қолган хотин-қизлар ўртасида  “Ҳаёт гўзал, яшаш бахт”, “Биз жиноятчиликка қаршимиз”, “Соғлом оила – соғлом жамият” каби мавзуларда тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Ишсизликдан моддий қийинчиликларга дуч келиб, бунинг оқибатида жиноятга қўл урган аёлларга ҳам манзилли ёрдам кўрсатилиши шарт. Уларни иш билан таъминлаш ва оилани қийин аҳволдан чиқариш лозим бўлади. Аёллар билишлари керакки, давлат уларни ҳимоя қилади ва қўллаб-қувватлайди, йўлдан адашганлар ҳам бундан мустасно эмас.

Манзилли ҳимоя жиноятдан асрайди

– Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этади, дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова.  – Уларнинг фаоллигини ошириш, манфаатларини ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар қилиняпти. Айниқса, Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарди. Тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш бўйича Ички ишлар вазирлиги ва Олий суд билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифи давомида берган топшириқларига асосан Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш учун 3  тоифадаги – жиноят содир этган, жиноят содир этишга мойиллиги бор ва намунали ҳаёт кечираётган хотин-қизлар билан ишлашни ўз ичига қамраб олган дастурлар ишлаб чиқилди.

Жиноят содир этган хотин-қизлар билан амалга ошириладиган якка тартибдаги профилактик тадбирлар ташкил этиш доирасида уларнинг ҳар бирига маҳаллалардаги фаол аёллар бириктирилди. Уларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, бино, ер-жой, кредит олишларида ва бошқа ижтимоий-ҳуқуқий масалаларда ёрдам кўрсатиш, иш билан таъминлашда кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, профилактик ҳисобда турган аёлларнинг доимий равишда оилавий шароитлари ўрганиб бориляпти ва улар билан суҳбатлар ўтказилиб, мавжуд муаммолари ҳал этилмоқда. Ҳозирда жазони ижро этиш муассасасидаги маҳкумларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида ўқув курсларини ташкил этиш бўйича алоҳида режа ишлаб чиқилди. Бугунги кунда Зангиота туманида жойлашган жазони ижро этиш муассасасида муддатини ўтаётган аёллар билан яккама-якка тартибда иш олиб бориляпти. Мақсад – улар жазони ижро этиб қайтгач, такрор жиноятга қўл урмаслигини таъминлашдир. Ўрганувларимиз кўрсатмоқдаки, жуда кўпчилик аёллар қилмишидан пушаймон, озодликка чиққач, соғлом турмуш кечиришга тайёрлигини билдирса, айримларининг гап-сўзларида ҳали ҳануз тўғри хулоса чиқармагани билинади. Яқинда биз уларга адрас матолар ва қўл ҳунари учун турли хил тикув ускуналари совға қилдик. Олиб бораётган ишларимиз жазони ижро этаётган хотин-қизларимизни тезроқ соғлом ҳаётга қайтишида ёрдам беради, деб ҳисоблаймиз. 

Энди қуйидаги рақамларга эътибор беринг: Ички ишлар органлари ҳисобида турган 4 687 та нотинч оиладаги носоғлом муҳит яхшиланиб, улар ҳисобдан чиқарилди.

Жиноят содир этишга мойиллиги бўлган 14 533 нафар (!) хотин-қизга фаоллар ва жамоатчилик вакиллари мураббий сифатида бириктирилди ва якка тартибда ишлаш тизими йўлга қўйилди. Натижада мазкур жиноятлар (3 287 та) аввалги йилга (5 184 та) нисбатан 37 фоизга камайди.

Маълумотларга таянилса, ҳудудларда 48 892 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қиз бўлиб, уларнинг 16 176 нафарини (33,2 фоизи) ногиронлар, 18 421 нафарини (37,6 фоизи) кам таъминланганлар ҳамда 14 295 нафарини (29,2 фоизи) ишсизлар ташкил этади. Оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларнинг манзилли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида уларнинг 1 246 нафари арзон уй-жой билан таъминланди, 9 833 нафари ишга жойлаштирилди, шунингдек, 13 819 нафарига 11 миллиард сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.

Жорий йилда ногиронлиги бўлган, кам таъминланган хотин-қизларга жами 3 000 та уй берилиши режалаштирилган эди. Ҳозиргача 1 641 нафарининг эҳтиёжи қондирилди.  Шу билан бирга, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди орқали жорий йилнинг август ойида 570 нафар уй-жойга муҳтож, оғир турмуш шароитидаги ва ногиронлиги бўлган хотин-қизлар учун жами 23,3 миллиард сўмлик бошланғич тўлов миқдори тўлаб берилди.

Оилавий-маиший зўравонлик қурбонлари бўлганларга ёрдам бериш мақсадида жойларда аёллар ижтимоий мослашув марказлари ташкил этилмоқда. Шу кунга қадар 130 та ана шундай  марказ фаолият бошлади. Тошкент шаҳрида ҳам яқин кунларда шундай мослашув маркази иш бошлайди.

Албатта, хотин-қизлар жиноятчилигининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларимизда маълум натижаларга эришяп­миз. Бироқ булар ҳозирги кун талабига тўла жавоб беради, дегани эмас.

Муросаи мадора зарур

– Етишмовчилик, турмуш ташвишлари ҳамма замонларда бўлган, – дейди 80 ёшли Зулайҳо момо Темирова.  – Аммо бу унсурлар Оила аталмиш муқаддас даргоҳни бузиш, эр-хотин ўртасидаги жанжал –  айтишга тил бормайди – қотилликка олиб борувчи сабаб бўла олмайди. Ўлдиришга маънавиятсизлик, тарбиясизлик, ақли пастлик боисдир. Биз уруш йиллари, очарчилик даврлариниям кўрдик. Дастурхонимизда тўрт дона олхўри билан нонушта қилган пайтларимиз кўп бўлди. Тушликда жўхори қайнатиб ердик. Ҳозиргидек турли туман тансиқ ноз-неъматлар қайда эди. Отиниям билмасдик. Қорним очлигида сен айбдорсан, деб эрнинг ёқасидан олган аёл бўлмаган у пайтлар. Ҳар қандай катта уруш-жанжаллар ҳам майда-чуйда олди-қочдилардан бошланади, битта гапдан қолмасликдан бошланади. Биз ундан кўра, ҳеч бўлмаса бир дона тўн тикиб бўлсаям оила бюджетига ҳисса қўшишга ҳаракат қилардик...

Айтмоқчи бўлганим, қуш уясида кўрганини қилади. Жиноятнинг  олдини олиш учун тарбияни оиладан бошлаш керак. Йигит ҳам, қиз ҳам оилада тўғри тарбия олмас экан, у бир куни хатога йўл қўяди. Ўнг юзингни урганга чап юзингни тут, дейилади. Энди фарзандларининг отасини, умр йўлдошини ўлдиришгача бориш бу соғлом аёлнинг иши эмас...

Оила дегани мисоли сабр-қаноат, муросаи мадорадан қад кўтарадиган қўрғондир, қўрғон мустаҳкам бўлсагина фаровонлик, шоду хуррамлик бўлади. Эндигина янги ҳаёт остонасига қадам қўяётганлар шу оддий ҳаёт ҳақиқатини билмас экан, уруш-жанжалдан боши чиқмайди, алалоқибат эса бошда айтганимиздек...

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
“XXI asr”  мухбири