Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ИҚТИСОДИЁТ ЛИБЕРАЛЛАШУВИДА МУҲИМ БОСҚИЧ

ИҚТИСОДИЁТ ЛИБЕРАЛЛАШУВИДА МУҲИМ БОСҚИЧ
Сир эмас, партиямиз асосий электорат иштирокида қанча очиқ мулоқот, юзма-юз учрашувлар ташкил қилган бўлса, уларнинг деярли ҳаммасида, албатта, валюта конвертацияси муаммоси ҳам тилга олинарди. Мутасаддилар эса мазкур масалага оид саволларга жўяли жавоб беролмасдилар. Бу оғриқли вазият анчадан буён кўплаб тадбиркорларни безовта қилгани, толиқтиргани бор гап. Ниҳоят, мулкдорлар интиқиб кутган ислоҳотлар бошланди – ўтган ҳафтада Президентимиз “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Юртдошларимиз, айниқса, хусусий сектор вакиллари мазкур ҳужжатни нечоғли мамнуният билан қабул қилганликлари O‘zLiDeP Сиё­сий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан фармон мазмун-моҳиятига бағишлаб ўтказилган давра суҳбатида ҳам яққол кўзга ташланди. “Чуқур ўйланган валюта ислоҳотлари бизнес муҳитини янада яхшилашнинг муҳим омили сифатида” деб номланган ушбу тадбирда депутатлар, вазирлик ва идоралар, банклар вакиллари, экспертлар, ишбилармонлар қатнашди.
Давра суҳбатини O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Бахтиёр Якубов олиб борди.
– Партиямиз мамлакатимизда валюта сиёсатини либераллаштириш борасида бошланган янги ислоҳотларга миллий валютамизнинг барқарорлигини таъминлаш, юртимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишини жадаллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини ошириш йўлида қўйилган муҳим қадам сифатида қараяпти, – деди ўз сўзида Б. Якубов. – Фармонда белгиланган чора-тадбирлар юртимизда ишбилармонлик ва инвес­тиция муҳитини тубдан яхшилаш, реал маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқлари ривожланиши учун мустаҳкам замин яратади. Бинобарин, O‘zLiDeP ушбу ҳужжатни тўла қўллаб-қувватлаб, унда баён этилган вазифалар рўёбга чиқишига амалий саъй-ҳаракатлар билан кўмаклашади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари фармон ижроси устидан қатъий депутатлик назорати ўрнатилиши зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги  қонуни янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишда фаол қатнашиш­ларини алоҳида қайд этдилар.
Ўзбекистон банк-молия академияси ректори Адҳам Бекмуродов, Тошкент молия институти профессори Рустам Ҳасанов, Марказий банк бошқарма бошлиғи Жасур Файзуллахўжаев ва бошқалар валюта муносабатларини эркинлаштиришнинг ижобий жиҳатлари хусусида атрофлича сўз юритдилар. Жумладан, хорижий валю­танинг ноқонуний айланиши, хусусан, унинг банк тизимидан ташқарида айланишига чек қўйилиши,  юридик ва жисмоний шахсларнинг валютага бўлган эҳтиёжи қондирилиши, сўмнинг бошқа валюталарга нисбатан барқарорлиги таъминланиши, чет эл инвестицияларининг янада кўпроқ жалб этилишига имконият туғилиши  ва бошқа кўплаб афзалликлар тилга олинди. Мутахассислар валюта муносабатларини эркинлаштириш жараёнининг кейинги босқичларида эътибор берилиши лозим масалалар бўйича ўз нуқтаи назарларини ҳам баён этдилар.      
Мулоқотда иштирок этган тадбиркорлар Президентнинг бу фармони ҳам хусусий бизнес учун улкан имкониятлар эшигини очаётганини, улар валюта сиёсатидаги туб ўзгаришларни ҳам хурсандчилик билан қарши олаётганликларини маълум қилишди. Шу билан бирга бу борадаги янгиланишлар туфайли юзага келиши мумкин бўлган айрим масалаларни ўртага ташладилар. Масалан, илгари валютада кредит олган ишбилармонлар қарзи миқдори ошиб кетиши эҳтимоли, экспорт билан шуғулланувчи  корхоналар маҳсулотлари, хизматлари  нархлари ўзгариши билан боғлиқ саволлар берилди.  Тегишли идоралар вакиллари уларга жавоб қайтариб, барча салбий таъсирларнинг олдини олиш бўйича муайян чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётгани тўғрисида маълумотлар беришди.   
Беҳзод ИСРОИЛОВ,
“XXI asr” мухбири