Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

“ИШБИЛАРМОН АЁЛ” – ШИЖОАТ, ТАШАББУС ВА МАҲОРАТ МАЙДОНИ

“ИШБИЛАРМОН АЁЛ” – ШИЖОАТ, ТАШАББУС ВА МАҲОРАТ МАЙДОНИ

Дунёда аёл тимсолини мукаммал ифодалаган асар йўқ. Унинг тавсифу тасвири муфассал баёнига етган эмас!

Шу боиски, бу хилқатнинг инжа туйғуларию гўзаллигини, дарёдек тошган истеъдодини тас­вирламоқ илинжида мусаввирлар минг бир буёқни  ишга солурлар, адибу шоирлар қаламларини бедор этарлар, меъморлар улкан обидаларга тарх чизарлар...

Сабабки, аёлнинг меҳри ва меҳнати берилмаган бирор соҳа ва тараққиёт йўқ жаҳонда! Ана шу жонфидолик у ҳақда ёзишга ва тасвирлашга мудом ундайверади.

O‘zLiDeP ташаббуси билан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг республика босқичини кузата туриб, бунга яна бир бор амин бўлдик.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам ХАИТОВ жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган мазкур мусобақани очиб берар экан, жумладан шундай деди:

– Тадбиркорлик – бу ҳар бир оила ва жамият фаровонлиги, барқарор ривожланиши ҳамда мустаҳкамлиги гаровидир. Шу муносабат билан партиямиз томонидан хотин-қизларни оилавий тадбиркорликка, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерликкка жалб этиш ҳамда бандлигига кўмаклашиш орқали оилаларни мус­таҳкамлаш, иқтидорларини рўёбга чиқариш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жойларда, айниқса энг чекка ҳудудларда, хотин-қизларга томорқадан даромад олиш усулларини ўргатиш, оилавий тадбиркорликни ва ҳунармандчиликни ривожлантириш, “Ҳар бир оила тадбиркор”, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга йўналтирилган мақсадли партиявий лойиҳалар йўлга қўйилган. Бунда барча тадбирлар партия “Аёллар қаноти” фаоллари, депутатлар, тажрибали тадбиркорлар иштирокида “Маҳалла” жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалик­лари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилмоқда. Ушбу “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови ана шундай лойиҳалар сирасига киради.

Сўнгги йилларда эркин ва фаровон жамият қуриш, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллиги, давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни, мавқеини ошириш, оила институтини мус­таҳкамлаш борасида мисли кўрилмаган тизимли ишлар ҳаётга татбиқ этилмоқда, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси азоси Дилором ФАЙЗИЕВА.

– Энг асосийси, бундай эътибор натижасида мамлакат иқтисодиётининг таянч устунларидан бири бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда ҳам масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр хотин-қизларимиз етишиб чиқди. Зеро, партиямиз ана шундай фидойи хотин-қизларнинг яратувчанлиги, бунёдкорлиги, меҳнатларини улуғлаш, жамоат ишларидаги ўрни ва мавқеини юксалтиришни ўзининг асосий вазифаларидан бири, деб билади. Шундан келиб чиқиб, ташкил этилган кўрик-танловдан кўзланган асосий мақсад ҳам юрт тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида фаол иштирок қилаётган тадбиркор ва фермер аёлларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш, касбий маҳорат ва билим даражасини ошириш учун зарурий шарт-шароит яратиш, энг муҳими, партия дастури ҳамда 2017-2021 йилларда мамлакатимизни янада ривожлантиришга қаратилган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган тамойилларни амалга оширишдан иборатдир.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган танловнинг бу йилги туман, шаҳар ва вилоят босқичларида 10 минг нафардан зиёд тадбиркор, ишбилармон ва фермер аёллар иштирок этди. Вилоят босқичида фаол иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган 52 нафар тадбиркор ва фермер аёллар республика босқичигача етиб келди.

Очилиш маросимидан сўнг тадбиркор ва фермер аёллар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Ушбу танловни ҳар йили яқиндан кузатиб бораётганимиз учун бир нарсага амин бўлдикки, намойиш этилаётган маҳсулотлар йилдан йилга сифат жиҳатидан юқорилаб бормоқда. Хизмат турларини айтмайсизми? Буларнинг бари ушбу мусобақа жараёнида рақобат майдони кенгаяётгани ва кучаяётганидан дарак. Айниқса, энг кераксиз маҳсулотлардан тайёрланган болалар ўйинчоқлари, мева ва сабзавот, дуккакли ўсимликлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, трикотаж кийим-кечаклар, бежирим миллий либослар иштирокчиларда миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, мустақилликка бўлган шукроналик ҳиссини уйғотди. Ҳамкор ташкилотлар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоларидан иборат ҳакамлар ҳайъати тақдим этилган ишлар билан яқиндан танишиб, адолатли баҳолаб боришди.

Баҳолашда, шунингдек, иштирокчиларнинг лойиҳа низомига мувофиқ, хотин-қизлар учун қўшимча янги иш ўрни яратгани, фаолият туридан келиб чиқиб, экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаргани, аҳолига кўрсатаётган хизмат сифати ҳамда ҳаётга татбиқ этиб келаётган янги инновацион ғоялари ҳам алоҳида эътиборга олинди.

– Бугун хотин-қизларимиз учун ҳақиқий байрам, – дейди O‘zLiDeP Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири Севара МУСЛИМОВА. – Сабаби, инсоннинг ўз меҳнати ва пешона тери билан яратган, қалб қўрини бахшида этган асарлари – маҳсулотларини намойиш этиш бахтига муяссар бўлиши чинакам ғурур ва қувончдир, бу икки туйғу бирлашган дамлар байрамга тенгдир аслида. Иштирокчилар билан суҳбатлашар эканмиз, улар бугун қайсидир ўринни эгаллашдан ҳам кўра, оила, фарзандлар тарбиясидан ортиб, жавлон уриб, ўзларига ёқимли иш билан шуғулланаётгани ва ана шу меҳнатлари маҳсули билан ўзларининг иқтидор ва истеъдодини намоён эта олиш имконига сазовор бўлганликларидан хурсанд. Буларнинг бари юртимизда уларга яратилган шароит ва қўллаб-қувватлашлар туфайлидир.

Шундан сўнг аёлни, Ватанни, истиқлолни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар садоси остида энг ҳаяжонли дақиқалар – тақдирлаш маросими бошланди. Унда ҳакамлар томонидан ишбилармон аёл мақомига муносиб кўрилган иштирокчилар номи эълон қилиниб, “Замонавий тадбиркор аёл портрети”, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантираётган фермер аёл”, “Ташаб­бускор аёл” каби номинациялар бўйича, ҳам ғолиблар аниқланди. Хусусан, “Замин мадад” тайёрлов савдо масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мамлакат Содиқова (Бухоро вилояти), “Ложувард асалари” кўп тармоқли фермер хўжалиги ва “Тўфон текстиль” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муҳаббат Аманова (Жиззах вилояти) ва “Сабина Назар Кутюр” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Сабина Абдуназаровалар (Тошкент вилояти)фахрли биринчи ўринга муносиб топилди. 

“Mega star flowers” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ҳакима Тошматова (Наманган вилояти), “Шўрчи дон омад” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Гулсара Тангирова (Сурхондарё вилояти) ва “Moon light” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шаҳнозахон Сиддиқовалар (Тошкент шаҳри) – иккинчи ўринни забт этишди.

Учинчи ўринни эса Самарқанд вилоятидан келган  “Эко планета” хусусий корхонаси раҳбари Сайёра Салимова, Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманидаги “Файз”хусусий корхонаси бошлиғи Шоҳиста Маткаримова ҳамда пойтахтимиздаги “Germess Stom” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Хадича Имамова эгаллади.

Ғолибларга партия ва ҳамкор ташкилотларнинг диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари тақдим этилди. Тадбир якунида иштирокчилар учун концерт дастури намойиш этилди.

 

                                                                                                               ҒОЛИБЛИК НАШИДАСИ


Мамлакат
СОДИҚОВА,  Бухоро вилоятидаги “Замин Мадад” тайёрлов савдо масъ­улияти чекланган жамияти раҳбари, биринчи ўрин соҳибаси:

– Жудаям ҳаяжондаман. Кузатиб турганингиздек, мазкур танлов кўтаринки руҳда ўтказилди. Бу каби эътибор биз каби тадбиркорларни янада ғайрат билан ишлашимизга катта рағбат бўлиши билан бирга, хотин-қизлар ўртасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш учун дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга асос бўлди.

   Ўзи табиатан бироз камтарин бўлганим сабаблими, ўзимга унчалик ҳам юқори баҳо бермайман. Аммо тадбиркорлик фаолиятимга жудаям талабчанман. Шунинг учун бўлса керак, ўтган  йил “Йил аёли” миллий танлови республика босқичида “Саноатда саодат топган йил аёли” номинацияси ва “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши иннавацион лойиҳаси” кўрик-танловининг республика бўйича ғолиби бўлгандим.

Бугунги муҳим танловда биринчи ўринга муносиб топилганим катта совға бўлиши баробарида келгусида режалаётганимиз – инновацион лойиҳа асосида 400 тонна сиғимга эга бўлган мева сақланадиган технология ўрнатишни тезроқ якунига етказишга ҳам ундайди. Унда тут меваси мураббо ва қуритилган шаклга келтирилиб, таркибидаги 39 та фойдали озуқалари йўқотилмаган ҳолда сақланади. Бу инсон учун ҳақиқий дармон демакдир. Дармони бор одам асло толмайди, соғлом бўлиб фақат олдинга интилади.

 

Гулсара ТАНГИРОВА, Сурхондарё вилоятидаги “Шўрчи дон омад” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, иккинчи ўрин соҳибаси:

– Ўз имкониятимиздан келиб чиқиб, 5 та йўналишда иш олиб борамиз. Айни вақтда корхонамизда 52 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади. Натижамиз ёмон эмас. Даромадимиз кундан кунга ошиб бормоқда. Бугунги кунда маҳсулотларимиз нафақат ички бозорда харидоргир, балки Россия ва бошқа давлатларга ҳам экспорт қиляпмиз. Ғолиб бўлганимни эшитиб, саҳнага қадам қўяр чоғимда болалик хотиралари кўз олдимда яшин тезлигида ўта бошлади. У вақтларда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидорини рўёбга чиқариш деган тушунчалар негадир қулоғимизга бегона сўз бўлган экан. Бугунги ўзгариш ва янгиланиш жараёнида фаол иштирок этиш баробарида, ўзининг интеллектуал салоҳияти, профессионал малакаси ва маҳорати билан кўпчиликда қизиқиш уйғотаётган мазкур танловнинг ўтказилиши эса албатта, мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътиборни янада кучайтиради.

Мукофот олганимга бир неча дақиқалар бўлди, аммо унинг овозаси бир пасда мен учун қадрдон бўлган яқин инсонларим ва дўстларимга етиб борибди. Таассуротларимни айтиб улгурмаяпман. Бу шунчаки баландпарвоз гап эмас. Очиғи, ишбилармон аёлларни рағбатлантиришга қаратилган бу каби танловлар бизни жудаям тўлқинлантириб юборди. Ўзаро дўстлик ва тажриба майдонига айланган ушбу тадбирнинг истиқлолни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар жўрлигида давом этиши ташкилотчиларнинг аъло даражада тайёргарлик кўрганини ҳам исботлади.

 

Шоҳиста МАТКАРИМОВА,  Хоразм  вилоятидаги “Файз” хусусий корхонаси раҳбари, учинчи ўрин соҳибаси:   

– Ҳайъат аъзоларининг баҳолаш жараёни холис ўтди. Энг юқори ўринга муносиб эмаслигимни кўнглим сезган эди. Аммо ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш борасида илгари сураётган инновацион лойиҳаларим ҳамда фаолиятимдаги ютуқларимни ҳисобга олиб, 3-ўринга лойиқ топилганимдан жуда бахтиёрман.

Бизнинг корхонамиз 2007 йилда ташкил этилган. Иш жараёнимизда кўрпа-ёстиқ, чойшаб ҳамда 50 турдан ортиқ кийим-кечак ишлаб чиқарамиз. Дастлаб 5 нафар ишчи билан иш бошлаган эдим. Ҳозирда уларнинг сони 125 га етди. Тармоғимизни янада кенгайтириш мақсадида O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши ёрдами билан банкдан 200 миллион сўм кредит олган эдик, ушбу имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда Қозоғистон ва Россия давлатларига 600 мингдан ортиқ чойшаб экспорт қилдик. Навбатдаги режаларимиз партиямиз билан ҳамкорликда кредит олиб, замонавий урфда кўрпа-ёстиқ тикадиган Хитой технологиясини олиб келиш.

  

Гулдана АҲМЕТОВА, Қорақалпоғистон Республикасидаги “Дана текстиль пром” масъулияти чекланган  жамияти раҳбари, рағбатлантирувчи мукофот соҳибаси: 

– Дастлаб фаолиятимни икки нафар ишчи билан бошлаган эдим. Тиббиёт коллежини тамомлаганим сабабли дўстларим ҳамда қариндошларим: “Бу сени соҳанг эмас, барибир эплай олмайсан”, дейишарди. Кўнглимдаги истак жуда кучли бўлганидан бўлса керак, олдимга қўйган режаларни навбати билан амалга ошириб келмоқдаман. Жорий йилда 10 нафардан ортиқ коллеж битирувчисини иш билан таъминладим. Тадбиркор аёлларни рағбатлантиришга қаратилган бу каби танловлар кучимизга куч қўшди. Айниқса, ушбу тадбирга оналари билан бирга келган ёш сингилчаларимизни катта қизиқиш билдираётганини кўриб, ўзимни анча улғайгандай ҳис этдим.

Танлов шартидан келиб чиқиб, энг чекка, олис туманлардаги тадбиркор ва фермер хотин-қизларнинг қамраб олиниши, барча тадбиркорлар учун аҳамиятли бўлиб, бир-биримиз билан тажриба алмашишга яхши имконият бўлди.

 

P.S.: Газетамизнинг навбатдаги сонларида “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг республика босқичида қатнашиш бахтига сазовор бўлган опа-сингилларимизнинг фаолияти акс этган туркум мақолаларни чоп этиб борамиз.

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
Элбек ШОЙИМҚУЛОВ,
Солижон ЗОИРОВ
(фотолар)
“XXI asr” мухбирлари