Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ишбилармон аёл 250 млн сўм кредит олиб қўшимча иш ўринлари яратиш ҳаракатида

Ишбилармон аёл 250 млн сўм кредит олиб қўшимча иш ўринлари яратиш  ҳаракатида

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши томонидан “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Танловда лойиҳанинг туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 30 га яқин фаол ишбилармон, тадбиркор, фермер, ҳунарманд хотин-қизлар иштирок этди.

   – Юртимизда аёлларнинг жамиятдаги ўрни, нуфузи ва фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши бўлим мудири М.Раҳимова. – Ҳозир тадбиркор аёллар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ички бозорни таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови ҳам иқтисодиётимизни юксалтиришда янги-янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиб, аҳоли фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган шижоатли, ташаббускор хотин-қизларни кашф этиш орқали замонавий ишбилармон аёллар қиёфасини яратади.


– Тадбиркорлик фаолиятимни 2002 йилда беш турдаги кийим-кечак ишлаб чиқариш билан бошлаганман, –  дейди танлов ғолиби “Файз” хусусий корхонаси раҳбари Шоҳиста Маткаримова.  – Бугунги кунга келиб эса 30 турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқармоқдамиз. Айни чоғда корхонамизда 25 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Маҳсулотларимиз нафақат ички бозорга балки Россия ва Қозоғистон давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда. Шу кунларда яна 250 млн сўм кредит олиб ишчилар сонини 50 нафарга ошириш ҳаракатидамиз.   Бундан ташқари корхонамиз қошида “Дарбанд чевари” текстил фабрикасини ишга тушириб, 100 нафар хотин-қизларни иш билан таьминладик. Бугун юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир аёл ўз имкониятларини юзага чиқариши, билим ва куч-ғайратини намоён қилиши мумкин. Мен ҳам яратилаётган имкониятлардан тўғри ва унумли фойдаланиб келаётган ўзбекнинг бахтли аёлларидан бириман.


Шоҳиста Маткаримовадан ташқари Ш.Назарова ва Ф.Садуллаевалар ҳам танловнинг республика босқичига йўлланма олди.

 Танловда бир қатор қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди. 

                                   

  Мушарраф РАХИМОВА,

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги

ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири