Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Ишбилармон аёл: "Ғолиблик чегара эмас, синовлар энди бошланяпти"

Ишбилармон аёл: O‘zLiDeP ташаббуси билан ўтказилган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг республика босқичи биринчи ўрин соҳибаси, Жиззах вилоятидаги “Ложувард асалари” кўп тармоқли фермер хўжалиги ҳамда “Тўфон текстиль” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муҳаббат Оманова билан яқиндан танишамиз.

– Пойтахтдан ғолиблик сурури ила уйга қайтарканман, кўз олдимдан шу пайтгача босиб ўтган машаққатли умр йўлларим, қувончу ташвишлар, орзу-армонлар, хуллас, бари-бари кино тасмасидек ўтди, – дейди Муҳаббат опа оғир хўрсиниб. – Нега десангиз, ҳаёт деганлари мураккаб синов, бу синовлар ҳар кимни ҳар хил синайди. Ўзимдан қиёс: кўп қийинчиликларни кўрдим. Тақдир экан, икки фарзандимни кипригим остида асраб-авайлаб, отасиз вояга етказдим. Худойимга шукр, нолимайман, ҳаммасига сабр қилдим, мушкулликларни мардона енгиб ўтяпман.

Тадбиркорликни бундан ўн бир йил аввал маҳалламиз қизларига тикувчилик касбини ўргатиш ҳамда ушбу йўналишда аҳолига хизмат кўрсатишдан бошлагандим. Ишимиз бошида жуда қийин бўлган. Фаолиятимни дурустроқ йўлга қўйишга улгурмасдан иш орқага кетган вазиятлар ҳам бўлди. Яхши натижаларни қўлга киритиш учун вилоятимиздаги бозорларни айланиб, аҳолининг қандай кийим-кечакка эҳтиёжи юқорилиги, улар кўпроқ нимани харид қилиши ва асосан маҳсулотнинг қайси жиҳатларига эътибор қаратишини ўрганиб чиқдим.  Ирода, иштиёқ ҳамда интилишда гап кўп экан. Орадан кўп вақт ўтмай, биз тиккан кўрпача ва чойшабларни сўровчилар кўпайди. Ҳозирда 35 турдаги маҳсулотларимиз билан аҳолига хизмат кўрсатяпмиз.

“Ҳисобини билмаган ҳамёнидан айрилур” нақли бежиз айтилмаган. Бухгалтерия иши буйича коллежни тамомлаган Муҳаббат Омановага бу касбга иштиёқ аслида узоқ йиллар нуфузли ташкилотларда бош ҳисобчи бўлиб фаолият юритган отаси Ўктам Омановдан юққан, десак адашмаймиз. Ўқувчилик вақтида модалар бўйича курсларга қатнаб, дизайн модельер бўлишни ҳам кўнглига туккан Муҳаббат опа йиллар ва йўллар чиғириғида тобланди.

Нафақат тадбиркор, балки ҳар бир инсон ўз олдига қўйган мақсадларини аниқ режа асосида юритмас экан, бирор натижадан умид қилиб бўлмайди. Гоҳо-гоҳо “Кимдир корхона очибди, аммо ишлари юришмай, ёпилибди”, деган гаплар ҳам қулоққа чалиниб туради. Бундай вақтларда ўзи ишини пухта режалаштирилмагани ва ҳисоб-китоб масаласига юзаки қарагани панд берган бўлса керак, деб ўйлайман. Чунки бундай синовларга ўзим ҳам кўп дуч келганман. Шиорим – тадбиркорлик қиламан деган киши ҳар томонлама тадбирли бўлиши ва сал нарсадан кўнгли ранжиб ишини ташлаб қўймаслиги керак. 

Ўз бизнесини кенгайтириш мақсадида тиниб-тинчимаган қаҳрамонимиз 2013 йил енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш учун банкдан 20 миллион сўм кредит олиб, 10 дан зиёд хотин-қизларни тикиш-бичиш ишларига жалб этди. 

–  Зомин туманидаги мавжуд суғорилмайдиган ерлардан унумли фойдаланиш мақсадида 40 гектар лалми майдонда фермер хўжалиги ташкил қилиб, масхар, арпа, зиғир каби дон маҳсулотларини етиштиришни йўлга қўйганмиз, – дея суҳбатни давом эттиради Муҳаббат опа. – Бундан икки йилча бурун суғориладиган экин майдонида 10 гектар боғ ҳам барпо қилган эдик. Унинг атрофида қўшимча равишда сабзавот ва полиз экинлари экамиз. Озроқ ерда гулзоримиз ҳам бор.  Барчасини ҳисоблаб айтсам, 10 дан ортиқ тадбиркорлик йўналишида иш олиб боряпман. Ҳозирда 30 та доимий, 50 дан кўпроқ мавсумий ишчиларимиз бор. Меҳнатимиз самараси сифатида ўтган йили айланма даромадимиз 300 миллион сўмга етди. Айни дамдаги ишларимиз эса нисбатан анча юқори. Аччиқ ва булғори қалампирни экспорт қилиш учун хорижий давлатлар билан шартнома имзолаганмиз. Шу кунгача шартноманинг 70 фоизини бажаришга эришдик. Йил бошида 250 миллион сўм кредит олган эдим. Мақсад – экспортни янада юқори даражага кўтариш ва кўпроқ иш ўрни яратиш.

Ота-онам ёшлигимда “Ҳар бир натижага ўз меҳнатинг билан эришсанг тотли бўлади”, дея такрор-такрор уқтирар эди. Улар берган насиҳатларга амал қилиб кам бўлганим йўқ. Истиқболда барча замонавий талабларга жавоб берадиган болалар боғчаси қуришни мўлжаллаб турибмиз. Ушбу қурилиш лойиҳасига 3 миллиард сўм сарфланиши кўзда тутилмоқда, шундан 2 миллиарди кредит ҳисобидан қоп­ланади. Чорвачилик йўналишимизни ҳам ривожлантириш мақсадида ем-хашак тайёрлаш техникасини хориждан инвестиция эвазига олиб келишни кўзлаяпмиз. Бу ишимиз амалга ошса, қўшимча равишда 50 киши иш билан таъминланади.

– Муҳаббат опа, сўнгги саволим, айтинг-чи, “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг мамлакат миқёсидаги босқичида ғолиб бўламан, деб ўйлаганмидингиз?

– Мен табиатан таваккалчиман, ука, ҳар қандай ишни бошлашдан аввал обдон ўйлаб кўраман, фойда-зарар ҳақида хомаки ҳисоб-китоблар қилиб чўтга ташлайман. Ҳозир санаб ўтган ишларим битта аёлнинг қўлидан келади, деб ўйлайсизми? Менинг ўзим бир жонман, ахир, ёнимда, аввало, фарзандларим, азиз жигаргўшаларим, атрофимда қўллаб-қувватлаб турган дўст-қадрдонларим борлиги учун шундай даражага етиб келдим. Қолаверса, мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий тараққиётида етакчи куч ҳисобланган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳар қадамда руҳлантириб, кўмак бериб турибди.

Ғолиб бўламан, совриндор бўламан деб ўйлаганим йўқ, лекин ич-­ичимдан шунча чекилган машаққатли меҳнатимнинг ҳам қадр-қиммати бор-ку, албатта, эзгу ишлар ҳеч қачон беиз кетмаслигига ишонардим. Зоминга қайтаяпман-у, йўл-йўлакай ўйлаб келдим: хўш, энди ғолиб бўлдинг, Муҳаббат, шундай катта эътирофга муносиб яна қандай савобли ишларни кўзлаяпсан? Ортингда шунча одамлар кўз тикиб турибди, қанча оилалар, қоракўзларнинг сендан умиди катта, уларнинг орзу-­ниятларини рўёбга чиқармоқ учун ўн карра, керак бўлса юз карра куч-қувват билан ишлашинг керак, деб ўзим билан ўзим сўйлашдим. Демак, ғолиблик – энг жиддий масъулият ва синовдир, шу ишончни оқлашим керак! Ана шундагина кўнглим хотиржам бўлади!

Элбек ШОЙИМҚУЛОВ,

“XXI asr”  мухбири