Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ИШБИЛАРМОН АЁЛЛАР САФИ ЯНА КЕНГАЯДИ ёхуд энди навбат республика босқичига

ИШБИЛАРМОН АЁЛЛАР САФИ ЯНА КЕНГАЯДИ ёхуд энди навбат республика босқичига
Иқтидор худди димиқиб турган булоққа ўхшайди. Қандайдир сабаб бўлади-ю кўзи очилиб, унинг чашмаларидан атрофдагилар баҳра олишни бошлайди. Тадбиркор аёлларни ҳам кўзи очилай-очилай, деб турган булоққа ўхшатиш мумкин (таъбир жоиз бўлса, албатта). Бир томони – ўзбекчилик, ҳаё-ибо сабаб аёллар ўзиларидаги иқтидорни намойиш этишга кўпам журъат қилавермайди, иккинчидан, бунга жаҳд қилди ҳам дейлик, уларга тўғри йўл-йўналиш, борингки, рағбат кўрсатувчи ҳадеганда топилавермасди. Буни теран англаган  Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси айни шу бўшлиқни тўлдириш ҳаракатида  қатор лойиҳаларни амалга татбиқ этмоқда. Айни кунларда республикамизнинг турли ҳудудларида вилоят босқичи бўлиб ўтаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови бу борада амалга оширилаётган тадбирларнинг биттаси. Унга мазкур танловнинг туман ва шаҳар босқичлари ғолибларигина иштирок этишади ва энг ишбилармон хотин-қизларга беллашувнинг республика босқичига қатнашиш ҳуқуқи берилади.

САМАРҚАНД
O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллигини, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими томонидан ўтказилган танловда тадбиркорлик фаолиятини юритаётган 48 нафар хотин-қиз ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар билан қатнашди.
Самарқанд шаҳридаги Ҳунармандлар марказида ташкил этилган тадбирда қўли ширин  қандолатчи-ю пишириқчилар,  матога турли шакл бериш усталари,  тилга тушиб улгурган чеварлар иштирок этдики, улар орасида ғолибни танлаш осон бўлса, қани?! Буни O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши  бўлим мудири Марҳаба Чўлиева ҳам тан олди. Бироқ бу ёқимли мураккаблик, ёқимли “бошоғриқ”. Бундай тадбирларни ўтказишдан мақсад ҳам шу-да: аёллари ҳар жабҳада фаол бўлган юртнинг дас­турхони тўкин бўлади.
Алқисса, узоқ мулоҳаза-муҳокама  сўнгида  Каттақўрғон шаҳрида фаолият юритаётган “Шамсиддин – Бибихоним” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Санобар Воҳидова танлов ғолибаси, деб топилди. Ғолиба ҳам ташкилотчиларнинг кўнглидаги гапни айтди: “Бундай тадбирлар ишбилармон хотин-қизларга бир-биридан тажриба алмашиш, янги режалар тузиш имкониятини яратади. Олдин ҳам фаолиятимизга доир тадбирларда, кўрик-танловларда қатнашганмиз. Балки, шу сабаб бўлгандир бугунги кунда 60 нафардан ортиқ иш ўринлари яратдик. Тайёрлаётган қандолат маҳсулотларимизни нафақат ички бозорларга етказиб беряпмиз, балки қўшни давлатларга ҳам экспорт қила бошладик”.
Танловнинг барча совриндорларига  партиянинг “Ишбилармон аёл” махсус мукофоти ва  эсдалик совғалар улашилди.
Бу ўринда гап совға ёки мукофотнинг қувватида эмас. Гап рағбатда.
 

СУРХОНДАРЁ

Вилоят маркази – Термиз шаҳрида ўтган тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, иқтидорини рўёбга чиқариш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерликкка кенг жалб этиш ҳамда бандлигига кўмаклашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фидойи қиз-жувонларнинг яратувчан, бунёдкорлигини улуғлаш, жамоат ишларидаги ўрни ва мавқеини юксалтиришни асосий вазифаларидан бири деб билади.
Танловнинг туман, шаҳар босқичларида 100 дан ошиқ тадбиркор, ишбилармон ва фермер аёл иштирок этиб, 14 нафар ғолибалар вилоят босқичига етиб келди. Улар ишлаб чиқарган маҳсулотлар кўргазмаси йиғилганларда миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, мус­тақиллигимизга шукроналик ҳиссини уйғотди. Шунингдек, тадбир низомига мувофиқ, иштирокчиларнинг хотин-қизлар учун қўшимча янги иш ўрни яратгани, фаолият туридан келиб чиқиб, экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, аҳолига кўрсатилаётган сифатли хизмат турларини ўз  фаолиятига тадбиқ этиб келаётган янги инновацион ғоялари ҳам баҳолашда алоҳида эътиборга олинди.
Натижаларга кўра, 1-ўринни узунлик тадбиркор, “Шуҳрат – 1” хусусий корхонаси раҳбари Рисолат Пардаева, 2-ўринни “Салоҳиддин – Сардорбек ширинликлари” хусусий корхонаси раҳбари, шўрчилик Дилнавоз Қурбонова, 3-ўринни Термиз шаҳридаги “Покиза” корхонаси раҳбари Пардахол Алимназарова эгаллади.
– Бугунги тадбирда мен корхонам томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси билан иштирок этдим, – дейди Рисолат Пардаева. – Тадбиркор  ва фермер хотин-қизлар учун O‘zLiDeP ташкил этган “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови менинг фаолиятимда  янги ғоя ва йўналишларни очиб берди. Яқин кунларда тасарруфимдаги ёғ ва пардоз маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Садо чеҳра” хусусий савдо корхонаси иш бошлаш арафасида. Бу режани амалга оширишда албатта, партиямиз “Аёллар қаноти” ўз ёрдамини беришига ишонаман.
Тадбир якунида фаол иштирок этган 14 нафар ишбилармон ва тадбиркор партиянинг истиқболли кадрлар захирасига олинди.

 НАВОИЙ

Навоий шаҳридаги 8-сонли мусиқа ва санъат мактабида ҳам кўрик танловнинг туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 15 нафар тадбиркор ва фермер хотин-қизлар янада пухта тайёргарлик кўрган ҳолда жам бўлишди.
Кўрик-танлов низомига асосан ҳакамлар ҳайъати аъзолари иштирокчилар тақдим этган ҳужжатлар тўплами ва ишлаб чиқариш фаолияти билан яқиндан танишишди, савол-жавоб орқали уларнинг ҳуқуқий билимларини аниқлашди. Хуллас, синчков саралашдан сўнг “Ишбилармон аёл” кўрик танловининг Навоий  вилоят босқичи ғолиблиги учун олий ўрин – Учқудуқ туман ҳунармандлар уюшмаси раиси, тадбиркор Зебинисо Шариповага берилди. Биринчи ўринни “BOBUR NAVOIY +” хусусий корхонаси раҳбари Маҳфуза Қаюмова, иккинчи ўринни “Karmana DASD” ҳусусий корхонаси раҳбари Дилором Астанова қўлга киритди.
Бундан ташқари, яна бошқа номинациялар бўйича ҳам ғолибалар аниқланди.
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
Асхор ИСТАМОВ,
Муҳаббат РАВШАНОВА,
“XXI asr” мухбирлари