Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ишчи гуруҳлар ишлаяпти, сизлар-чи?

Ишчи гуруҳлар ишлаяпти, сизлар-чи?
Ўн беш кун аввал O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиямиз ҳудудий ташкилотлари ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар аҳолининг талаб ва истакларини ўрганиш баробарида амалий ёрдам 
кўрсатиш, Президентимизнинг вилоятларга ташрифи чоғида белгилаб берилган вазифалар ижросига кўмаклашиш ва зиммаларига юклатилган бошқа муҳим вазифаларни амалга ошириш мақсадида яна ҳудудларга чиқишди. Газетамизнинг ўтган сонида шу ҳақда мақолалар чоп этилганди. Ушбу сонда ҳам долзарб мавзу давом этади.
 
Муҳим масалаларга жойида ечим топилди
Хоразм вилоятида бўлиб ўтган учрашувлар жараёнида партиямиз ишчи гуруҳи аъзолари “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастурлари доирасида ҳар бир туман ва шаҳарда 400 тадан хонадонга кириб боришди.  Аниқланган муаммолар атрофлича ўрганилиб, туман ва вилоят даражасида ҳал этилиши мумкин бўлган масалаларнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари иштирокида  ҳал этилиши чоралари кўрилди. Шунингдек, ўрганишлар давомида ҳар бир туман, шаҳарда 20 тадан корхона ва ташкилотларга кириб борилди. Бунда асосий эътибор турли қийинчиликларга дуч келаётган тадбиркорлик субъектларига қаратилди. Ишчи гуруҳи томонидан маҳаллий кенгаш депутатларига бириктирилган инвестиция лойиҳаларнинг бажарилиши, бу жараёнда депутатлар томонидан амалга оширилган ишларга холисона баҳо берилди. Шунинг баробарида Президентимизнинг вилоятларга ташрифи чоғида белгилаб берилган вазифалар ижроси ҳамда ёшлар сиёсатига доир 5 та муҳим ташаббуснинг ҳудудлардаги ижроси юзасидан депутатлик назоратини юритиш ҳолати таҳлилий-танқидий нуқтаи назардан сарҳисоб қилинди. Бу борада аниқланган камчиликларни бартараф этиш масалаларини ўз ичига олган аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. 
Боғот туманидаги “Обод маҳалла” Давлат дастурига киритилган “Қалажиқ қалъа” МФЙ ҳудудида 904 та хонадон бўлиб, уларда 4653 фуқаро истиқомат қиляпти. Мулоқотлар мобайнида одамлар бир қанча муаммоларни тилга олдилар. Масалан, Орифжон Рўзметов ўзи яшайдиган Истиқлол кўчасида электр кучланиши мудом пастлиги туфайли муайян қийинчиликлар юзага келаётганини, ушбу муаммони янги трансформатор ўрнатиш орқали ҳал қилиш мумкинлигини маълум қилди. Ўрикзор кўчасида яшовчи Юсуфбой Матниёзов эса ишчи гуруҳ аъзолари эътиборини маҳаллада мактабгача таълим муассасаси йўқлигига қаратди. Шунингдек, мулоқотлар мобайнида ишсизлик, банкдан кредит олиш, ички йўлларнинг носозлиги билан боғлиқ масалалар ҳам ўртага ташланди. Уларнинг айримлари учрашувда иштирок этаётган мутасаддилар билан биргаликда жойида ҳал қилинди. Қолганлари юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови йўлланишига келишиб олинди. 
Хонқа туманининг “Таянч” маҳалласида ташкил этилган учрашувда мутасадди ташкилот масъуллари, маҳаллий бошқарув органлари раҳбарлари, тадбиркор ва фермерлар иштирок этишди. Унда, асосан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиш имкониятлари хусусида атрофлича сўз юритилди. Шунингдек, аҳоли вакиллари томонидан ўртага ташланган уй-жой, коммунал, тиббий хизмат ҳамда таълим соҳаларида учраётган муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва самарали ечими масалалари атрофлича муҳокама этилди. Натижада қайд қилинган жабҳалар бўйича  9 та масала шу жойнинг ўзида ижобий ечим топди. 
Мазкур маҳалла фаолларидан бири Зулфия Каримованинг туман марказидан олисда яшовчи коллеж ўқувчиларига қулайлик яратиш учун айрим йўналишларга автобуслар қатновини йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифи жуда ўринли, деб топилди. Айни таклиф ижроси юзасидан реал ишлар  бошлаб юборилди. Шунингдек, ичимлик суви етишмовчилиги масаласи ҳам эътибордан четда қолмади.
“Нуробод” маҳалласида жойлашган 31-сонли мактабгача таълим муассасасида партиямизнинг тарғибот тадбири ўтказилди. Учрашув якунида муассаса ишчи-ходимларининг 30 нафари партиямизга аъзоликка қабул қилинди. 
Ишчи гуруҳ аъзолари, шунингдек, маҳалладаги муҳтож оилаларда, ногиронлар яшайдиган хонадонларда ҳам бўлиб, партиямиз совғаларини топширдилар. 
– Бу учрашувлар, ўрганишлардан муайян хулосалар чиқардик, – дейди ишчи гуруҳ аъзоси, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходими Хайрулла Абдуллаев. – Аввало, юртдошларимизнинг тадбиркорликка иштиёқи кучаяётганини англадик. Уларни қўллаб-қувватлаш учун бутун салоҳиятимизни ишга солишимиз зарур. Таҳлиллардан шу ҳам маълум бўлдики, баъзи ҳудудларда халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши кераклиги хусусидаги тамойилга риоя қилинмаяпти. Бундай ҳолатларга барҳам бериш учун партия ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда кенг қамровли, тизимли иш олиб бориши, хусусан, қонунлар мазмун-моҳиятини тарғиб қилишга эътиборни янада кучайтириши керак. Таъкидлашни истардимки,  одамлар билан бевосита мулоқот қилиш, жойлардаги ижтимоий-иқтисодий  муаммолар бартараф этилишига кўмаклашиш бундан кейин ҳам партиямиз фаолиятининг энг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолаверади. 
 
Энди ваъда эмас, натижа керак
Сирдарё вилоятида ҳам ишчи гуруҳ томонидан партиянинг туман ва шаҳар кенгашлари фаолияти танқидий йўсинда кўриб чиқилди. Партия маҳаллий кенгашларининг моддий-техник аҳволини яхшилаш, партия аъзолари сафини кенгайтириш, бошланғич партия ташкилотларини  кўпайтириш, уларни тарғибот материаллари билан таъминлаш, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари фаоллигини ошириш борасида қилинаётган ишлар атрофлича ўрганилди. Шу масалаларга бағишланган йиғилишлар ўтказилиб, партия фаолларининг таклифлари асосида бажарилиши зарур вазифалар белгилаб олинди.
О‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши ижроия қўмитаси масъул ходими  Самидулло Маҳмудов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан  ҳар бир туманда 400 тадан хонадонларга кириш режаси белгилаб олинган эди. Партиямиз вакиллари дастлаб Сардоба, Сирдарё туманларида бўлди. Улар маҳаллалардаги хонадонларга кириб, одамларнинг турмуш шароити билан танишдилар. Жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар атрофлича ўрганилди. Коммунал ва уй-жой, янги маҳаллаларга трансформатор ўрнатиш, ички йўлларни таъмирлаш, Ўзбекистон Респуб­ликаси фуқаролигини олиш, тоза ичимлик суви муаммоси, бандлик масалалари муҳокама қилиниб, уларнинг имкони борича ижобий ечимини топиш борасидаги ишлар бошланди. Шу ўринда баъзи рақамларга диққат қаратиш жоиз.  Ишчи гуруҳ вилоятдаги фаолияти давомида  3806 та хонадонга кириб борди. Юзма-юз мулоқотлар асносида 3647 та муаммо аниқланиб, уларнинг 1355 таси жойида ҳал этилди. Қолган масалалар ечимини топиш борасидаги ишлар маҳаллий кенгашлардаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари ва тегишли ташкилотлар томонидан назоратга олинди. Шунингдек, партиямиз вакиллари 187 та тадбиркорлик субъектида мулоқотлар ўтказди. Хусусий сектор вакиллари томонидан 76 та муаммо тилга олинди. 38 та масала депутатларимиз кўмагида ижобий ечим топгани эътиборга молик.  
Хусусан, сафдошларимиз Гулистон туманидаги “Орол неъматлари” кўп тармоқли фермер хўжалигида ҳам бўлишди. 60 нафардан зиёд ишчи меҳнат  қилаётган мазкур хўжалик паррандачилик, йилқичилик, балиқчилик, пахта ва ғаллачилик, узумчилик соҳасида салмоқли ютуқларга эришяпти. Пахта ва ғалла бўйича режалар кўп йиллардан буён мунтазам  равишда 140-150 фоизга  уддалаб келинмоқда. Бу ерда ишчи гуруҳ томонидан уюшмаган ёшлар, ўз бизнесини йўлга қўйиш истагидаги йигит-қизлар учун кўргазмали семинарлар ташкил қилинди. 
Қишлоқ мулкдорининг туркиялик ҳамкорлар билан  ташкил қилган тўқимачилик корхонасида 500 нафардан зиёд хотин-қизлар бандлиги таъминланган. Корхонада буюртма асосида ишлаб чиқарилаётган пайпоқнинг бир қисми ички бозорга чиқарилаётган бўлса, қолгани экспортга йўналтириляпти. Тадбиркор томонидан ишга туширилган “Зиннур” лак-бўёқ ишлаб чиқариш корхонасининг фаолияти ҳақида ҳам илиқ фикрлар билдириш мумкин. 
Ишчи гуруҳ  тумандаги “Олтин водий”, “Фурқат”, Соҳилобод”, “Дўстлик”, “Боёвут , “Бирлашган” маҳаллаларидаги хонадонларда ҳам бўлиб, томорқа ер майдонларини кўздан кечиришди.  Бир йилда икки маротаба ҳосил олиб, эл маъмурчилигига муносиб ҳисса қўшаётган ҳамюртларимиз ишлари таҳсинга лойиқ.
– Ҳудудимиздаги “Навоий” маҳалласи хонадонлари яқин яқингача ўз томорқаларига фақат маккажўхори экишарди, – дейди O‘zLiDeP Гулис­тон туман Кенгаши аппарати раҳбари Муҳаббат Бўронова. – Аммо партиямиз томонидан олиб борилган тизимли тарғибот ишлари туфайли бу ерда истиқомат қилувчи аҳолининг ерга бўлган муносабати тамомила ўзгарди. Бугунги кунда ўз томорқаларидан йилига икки маротаба ҳосил етиштириб, мўмай даромад олаётган хонадонлар сони кўпайиб боряпти. Шу йилнинг ўзида тумандаги 5 та оила фаолларимиз кўмагида 30 миллион сўмдан кредит олиб иссиқхона ташкил қилди. Шу билан бирга  “Обод қишлоқ” дастурига тушган “Боёвут”, “Бирлашган”, “Оқ олтин” МФЙ ҳудудидаги хонадонлардаги экинлар, боғ-роғлар кўзни яшнатяпти. 
Партия Сирдарё вилоят ташкилоти билан биргаликда Оқолтин, Сардоба туманларида томорқа хўжаликларидан самарали фойдаланаётганлар тажрибасини оммалаштириш бўйича тадбирлар ташкил қилиниб, вилоят ва марказий телевидение каналларида ёритилди. 
 
Жанубда ҳам жиддий муаммолар бор
Партиямиз вакилларининг Сурхондарё вилоятидаги фаолияти ҳам ғоят самарали кечди. Маҳаллий бошқарув органлари, жамоат ташкилотлари ва O‘zLiDeP вакиллари – жами 280 кишидан иборат 56 та ишчи гуруҳи ташкил қилинди. Улар “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурларига киритилган маҳаллалардаги 5600 та хонадонга кириб бориб, аҳолини ўйлантираётган айрим муаммоларни ўрганишди. Газ, электр, ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ 1702 та, ички йўллар таъмирталаблигига тааллуқли 627 та, тиббий хизматга доир 47 та, мактабгача таълим муассасалари мавжуд эмаслиги ва уларни реконструкция қилиш билан боғлиқ 225 та, бандлик бўйича 227 та, банк кредити олиш ва тадбиркорлик фаолиятида учраётган 540 та, кадастр ҳужжатларига доир 164 та ва бошқа йўналишлар бўйича 600 дан ортиқ муаммо ҳисобга олинди. Эътиборлиси, 943 та масала ишчи гуруҳлари саъй-ҳаракатлари туфайли ўз ечимини топди.  Қолганларини ҳал қилиш юзасидан депутатлик назорати йўлга қўйилди.
Масалан, фаоллар Музработ туманидаги “Орият” маҳалласида яшовчи  Тожинор Бердиеванинг 5 нафар хотин-қиз ишлаётган тикув цехи фаолияти билан танишиб, тадбиркорнинг дарду ташвишларига қулоқ тутишди. Гарчи у тегишли ҳужжатларни тақдим қилиб, бир неча бор мурожаат қилган бўлса-да, банкдан кредит ололмаётган экан. Депутат Абдусаид Муҳаммадиев шу масала юзасидан “Халқ банки”нинг Музработ филиалига депутатлик сўрови йўллади. Банкдан 13 миллион сўм атрофида имтиёзли кредит ажратилиши мумкинлиги ҳақида жавоб олинди. 
–   Аҳоли билан мулоқот пайтида ёзиб олинган бирорта масала партия фаоллари назоратидан четда қолмади, – дейди ишчи гуруҳ аъзоси,  O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходими Жасур Раҳмонов. – Бу борада ҳар бир туман, ҳар бир қишлоқ кесимида алоҳида мониторинг юритиляпти. Мақсадимиз аниқ: партия дастурида белгилаб қўйилган устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда электорат ишончини оқлаш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг янада жадал ривожланишига кўмак­лашиш, одамларнинг томорқадан фойдаланиш маданиятини юксалтиришга ҳисса қўшишдир. Бу борада мутахассислар, таниқли ишбилармонлар, тажрибали фермерлар ва ишнинг кўзини биладиган деҳқонлар маслаҳатларига таяняпмиз. 
O‘zLiDeP юртдошларимизда туб ўзгариш­ларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш жараёнида фаол иштирок этяпти. Бунда партиянинг асосан бошланғич ташкилотларга таянаётгани бежиз эмас. Чунки мазкур тузилмалар бевосита электорат ва сайловчилар орасида иш олиб боради. Партия ғоя ва мақсадларини изчил тарғиб этишда сиёсий кучнинг бирор бўғини БПТлардек улкан имкониятларга эга эмас. Бинобарин, таянч тузилмалар сонини кўпайтириш, улар фаолиятини такомиллаштириш, ҳар бир аъзонинг ва етакчининг масъулиятини ошириш масаласи, айниқса, ушбу – сайловлар йилида ниҳоятда долзарб аҳамият касб этаётир. Ишчи гуруҳларнинг  мазкур йўналишда ҳам қизғин иш олиб боргани диққатга сазовор. Партиямиз вакиллари қуйи бўғинлар ташкил қилинмаган хусусий корхоналар, фермер хўжаликлари, турли муассасалар, уюшмаларда бўлиб, сиёсий куч дастурий ғоя ва мақсадлари тарғиботини олиб бордилар, янги бошланғич ташкилотлар тузилишига туртки бердилар.  Айнан ишчи гуруҳлар ташаббуси билан Узун туманидаги иккита балиқчилик хўжалиги ва “Агролидер” агрофирмаси, Сариосиё туманидаги “Сариосиё пайпоқ” фабрикаси, Денов туманидаги “Сайфиддин суж” хусусий корхонаси,  Ангор туманидаги “Ангор текстиль” МЧЖ, “Агрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятининг Ангор филиали, Олтинсой туманидаги “Оқ кўл жозибаси” хусусий корхонасида партиямизнинг янги таянч бўғинлари иш бошлади. Фаоллар уларнинг зарур адабиётлар, кўргазмали воситалар билан таъминланишига,  партия ҳудудий тузилмалари билан алоқаларни йўлга қўйишларига кўмаклашдилар.
Давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус мазмун-моҳиятини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Чунончи, Жарқўрғон ва Денов туманларида ёшлар билан мулоқотлар ўтказилди, турли мусобақалар уюштирилди. 
Ишчи гуруҳлари Ангор туманининг “Улуғбек”, Музработ туманининг “Бодомзор” ва бошқа маҳаллаларда бўлиб, хонадонлардаги томорқаларни кўздан кечирдилар. Тажрибали томорқачиларнинг билим ва маҳоратини оммалаштириш мақсадида семинарлар, маҳорат дарслари ташкил қилинди.   
– Мазкур тадбирларни одамларга имкон қадар наф келтирадиган этиб уюштиришга ҳаракат қилдик, – дейди ишчи гуруҳ аъзоси, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходими Гўзал Ибрагимова. – Бунинг учун ўз шахсий томорқаларидан унумли фойдаланаётган, иссиқхоналар ташкил этиб, шунинг орқасидан даромад топаётган томорқа эгалари фаолияти ўрганиб чиқилди. Минг марта эшитгандан, бир марта кўрган афзал, деганларидек, бу жараёнда иштирокчилар янгича иш усуллари билан танишдилар.
 
 Кейинги сафар ютуқларни санаймиз
Бухоро вилоятида тузилган ишчи гуруҳлари “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурлари доирасида олиб борилаётган ишларни ҳар томонлама ўрганди. Шунинг баробарида сафдошларимиз фуқаролар билан мулоқотлар асносида ўртага ташланган ҳар бир мурожаатни чуқур ўрганиб, туман ва вилоят даражасида ҳал этилиши мумкин бўлган масалаларни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари иштирокида жойида ҳал этиш чораларини кўрди. Бошқача айтганда, партиямиз вакиллари жами 4 минг 441 та хонадонга кириб борди. Турли соҳаларга тааллуқли 575 та муаммо аниқланиб,  194 та масаланинг жойида ҳал қилинишига эришилди.   
Хусусан, Қоракўл туманидаги Дўрман қиш­лоғида ўтказилган юзма-юз мулоқотларда одамлар бир қанча муаммоларни тилга олдилар. 14-ўрта умумтаълим мактабини таъмирлаш ва қўшимча бино қуриш, болалар боғчасини ва қишлоқ врачлик пункти биносини таъмирдан чиқариш, 2 км. узунликдаги йўлни янгитдан барпо қилиш, 8 км.лик йўлга шағал ётқизиш, электр тармоқларини янгилаш, симёғочлар ва 3 та янги трансформатор ўрнатиш масалалари анчадан буён ечимини кутиб турибди.  Кўпчиликни ўйлантираётган яна бир  муаммо борки, у ҳам бўлса оқар сув билан боғлиқ мушкулотдир. Қиш­лоқда 5 та фермер хўжалиги бўлиб, улар тасарруфида 200 гектар ер бор. Бундан ташқари, 110 гектар томорқа ерлари мавжуд. Насослар орқали икки босқичда келтирилаётган сув бир пайтнинг ўзида томорқачилар ва фермерлар эҳтиёжига етмаяпти. Шу боис фермерлар ва томорқачилар ўртасида келишмовчиликлар юзага келяпти. Бу муаммонинг ечими Сайёт канали бўйида катта қувватга эга насос станцияси бунёд этишдир. Ишчи гуруҳ фаолияти давомида мазкур муаммолар ҳал қилиниши юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, улар амалга татбиқ қилинмоқда.        
Ўрганишлар жараёнида ҳар бир туман, шаҳарда 20 тадан корхона ва ташкилотларга кириб борилди. Бунда асосий эътибор муайян қийинчиликларга дуч келаётган тадбиркорлик субъектларига қаратилди. Ишчи гуруҳлар фаолиятининг  яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки,  маҳаллий кенгаш депутатларига бириктирилган 45 та инвестиция лойиҳасининг бажарилиши, бу борада депутатлар томонидан амалга оширилган ишлар ҳам холисона сарҳисоб қилинди. Шу билан бирга Президентимизнинг вилоятга ташрифлари чоғида белгилаб берилган вазифалар ижроси ҳамда ёшлар сиёсатига доир 5 та муҳим ташаббуснинг ҳудудлардаги ижроси юзасидан депутатлик назоратини юритиш ҳолати таҳлилий-танқидий нуқтаи назардан сарҳисоб қилинди. Бу борада аниқланган камчиликларни бартараф этиш масалаларини ўз ичига олган аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.
 
Бу йил сайловлар йили эканлиги инобатга олиниб, навбатдаги чиқишлар давомида ишчи гуруҳлари томонидан партиянинг туман ва шаҳар кенгашлари  фаолиятига таҳлилий-танқидий баҳо берилди. Аввало, уларнинг моддий техник базасини яхшилаш, партия аъзолари ҳамда бошланғич партия ташкилотлари сонини кўпайтириш, уларни тарғибот материаллари билан таъминлаш, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари фаоллигини ошириш борасида қилинаётган ишлар атрофлича кўриб чиқилди. Мазкур масалаларга бағишланган йиғилишлар ўтказилиб, партия фаолларининг таклифлари асосида бажарилиши зарур вазифалар белгилаб олинди.
Вилоятдаги 33 та қишлоқ ва 6 та маҳаллада “O‘zLiDeP – амалий ишлар партияси” мавзуида тарғбот ишлари олиб борилгани ва партия бошланғич ташкилотлари тузилмаган маҳаллаларда қуйи бўғинлар ташкил қилиш ишлари амалга оширилганини қайд этиш керак. Изчил саъй-ҳаракатлар бесамар бўлмади: 80 нафар МФЙ раиси партия сафига кирди. Эндиликда вилоятдаги 544 та маҳалла раисининг 60 фоизи партиямиз аъзоларидан иборат. Шунингдек, балиқчилик, асаларичилик, ёнғоқчилик, ипакчилик ва бошқа уюшмалар раҳбарларидан 40 киши партиямизга аъзо бўлди.   26 та хусусий корхона ҳамда фермер хўжаликлари, давлат ва нодав­лат ташкилотларида 35 та янги БПТ тузилгани ҳам эътиборга молик.    
–  Бугунги давр нафақат электорат, балки аҳолининг барча қатламлари билан фаол иш олиб боришни тақозо қилмоқда, – дейди Бухоро вилоятида фаолият юритган ишчи гуруҳлари раҳбари, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Сиёсий таълим маркази раҳбари Насимжон Алимов. –  Кенг омма билан узлуксиз мулоқот ўрнатмаган ҳар қандай сиёсий институт охир-оқибат мавқеини йўқотиши аниқ.   O‘zLiDeP ўзининг жамиятдаги мавқеи ва масъулиятидан келиб чиқиб, халқ билан мулоқотни ўз фаолиятининг устувор йўналиши деб билмоқда. 
Саҳифани O‘zLiDeP ҳудудий 
ташкилотлари матбуот хизматлари 
маълумотлари асосида 
Беҳзод ИСРОИЛОВ тайёрлади