Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Ишончни суиистеъмол қилманг!

Ишончни суиистеъмол қилманг!

Халқимиз характери қизиқ: йиқилганни турғизмоқ учун доим шай. Вақти келса, эгнидагини ечиб, муҳтожга кийдиради. Унинг оёққа туриб кетишини чин дилдан истайди. Юртимизда бундай саховатпеша инсонлар истаганча топилади. Буни қандай билдингиз, демоқчимисиз?

           Яқинда ижтимоий тармоқлар орқали бир аёл оғир дардга чалиниб, шифохонада ётганини, унинг даволаниши учун жуда катта миқдорда пул зарурлигини айтди. Зумда ундан ҳол-аҳвол сўраб, чўнтак кўтарганча, ёрдам бериш истагини билдирганлар кўпайди. Шу тобда “Мана шу ҳисоб рақамим”, дея у банкдаги ҳисоб номерини берди...

            Беморнинг “Борингизга шукр, азиз юртдошлар”, “Раҳмат, сизларни Аллоҳим қўлласин!”, деган гап­лари аста-секин кўпая борганидан сездимки, у ўша керакли маблағни тўплай борган. Ачинарлиси, орадан тўрт-беш кун ўтса-да, халқнинг меҳри ийиб, бемор ҳисобига пул жўнатар, аммо унинг “Бўлди, шу маб­лағ етарли”, деган саси чиқмасди.  

           Қатра-қатра йиғилиб, дарё бўлур, деганидек сахийларнинг кўмаги билан у аёл даволанди. Ортган пулга машина олди. Қолганини эса қўяверинг! Бир нарса ўйлантиради, наҳотки, харажатдан ортганини қайтаришнинг, ёки бева-бечораларга беришнинг имкони йўқ?

            – Энди, бу одамлар фақат ўзини алдаяпти, дейиш қийин, – дей­ди пахтачилик Рўзимурод бобо Бозоров. – Элни, бизни, ёш-қарини алдаяпти-да. Бизнинг давримизда эл ёрдамга кўчиб чиқарди, бир гап бўлса. Ҳозир пул беради, бўлди. Энг ёмони, неччи марта алдаш мумкин?! Кўпчиликнинг ихлоси қайтади, бундай найрангларни кўриб... кейин ишонмай қўяди. Улуснинг жонкуярлиги шунақа ғирромликлар, ўйинлар, нафс балосини деб суст кетади. Аммо буни ҳалол йўлга сарфлаб, одамларни алдамаётганлар ҳам кўплаб топилади. Мен интернетдан фойдаланмасам-да, бу ҳақда кўп эшитиб тураман...  

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси, машҳур блогерлардан бири шундай хабар қолдирганди:

           “Шу йил(2017)нинг Рамазон ойи­да қўрқинчли бир дардга чалинганимдан кўпчиликнинг хабари бор, албатта. Муолажага имконим етмагани туфайли фейсбук орқали хайрия тадбири уюштирилган эди. Ўша пайтда касалхонада даволанаётган эдим. Кейин Омонхонага бориб келдим. Ҳозиргача даволанишни тўхтатганим йўқ.

           Беморлигимдан хабар топганлар кўча-кўйда кўрганда юзларида хавотир билан, айримлари қимтиниб саломатлигим ҳақида сўрашади. Яна кўп фейсбукдаги ғойибона дўстларим саломатлигимни сўраб туради. Оғир ботмасин, деб сўролмай юрганлар қанчадир. Шу боис анчадан бери қўймоқчи бўлиб юрган постимни ниҳоят ёзаяпман.

           Аллоҳга беадад шукурлар бўлсинки, тузалиш йўлига ўтдим. Шу йилнинг ёзида ўнг биқинимда оғриқ кучли безовта қила бошлагач ва баданимга жигар тусидаги ҳоллар тошиб кетгач, текширувлардан ўтгандим...

          Таҳлиллардан сўнг қаттиқ тушкунликка тушиб қолгандим. Аслида, беморлигимдан кўра, 5-юқумли касалликлар шифохонасидаги шифокорнинг менга далда бераман, деб айтган сўзлари мени тушкунликка тушириб қўйганди. У цирроздан хавотир олмаслигим кераклиги, бошланғич даражасида 2,5-3 минг доллар билан бу касалликдан буткул қутулиб кетишим мумкинлиги, кўп беморлари Германия ва ҳоказо давлатлардан олиб келинадиган қиммат препаратлардан кўрмагандай бўлиб кетганини айтганди.

          Дўхтирнинг тасалли ўлароқ айтган сўзлари менга акс таъсир қилди. Чунки бола-чақам, квартирам, рўзғор харажатларим олаётган ойлигим билан учма-уч бўлар, шуниям 3 та жойда ишлаб етказар эдим. Шу боис кўз олдим қоронғилашиб, бир неча кун уйда тарки дунё қилиб ётдим. Яқинларим телефон қилиб, кўнглимни кўтаришди. Бир яқин танишим беморлигимдан хабар топган кўплаб танишларим ёрдам қўлини чўзишга тайёрлигини айтиб, хайрия пости қўйишимга рухсат сўради. “Ўйлаб кўрай”, дедим.

          Фейсбукда беморлар учун кўп хайрия қилинганини ўзим кузатганман. Аммо ўз бошингизга тушса ёмон бўларкан. Одамлар нима дей­ди, таниш-билишлар орасида ким деган одам бўламан. Ахийри, ноилож пост қўйилди.

           Шу пайтгача хайрия постларга беэътибор эдим, очиғи. Балки бунга имконим етмагани учундир, балки ростдан танаси бошқа дард билмас қабилида иш тутгандирман. Хуллас, бировга бу масалада ёрдам қилганимни эслолмайман. Аммо бошимга тушгач, халқнинг тантилиги, танимаган-кўрмаган одамига ёрдам қўлини чўзишидан беҳад мутаассир бўлдим.

           Шифохонада ётган куйи ҳисобимга тушаётган пулларни кузатиб борардим (пайдар-пай смс келиб турарди-да). Икки юз минг, беш юз минг, бир миллион, ундан ҳам кўп пул ўтказганлар, шифохонага келиб закотим ҳисобидан, деб атаганини ўзимга шахсан бериб кетганлар ҳам бўлди. Юртдошларимиз ёрдамидан кўра, кўпроқ плас­тигимга тушаётган 5000, 5500, 6000, 7500, 8900, 11000, 13600 каби пуллар кўпроқ мутаассир қилди. Бу пулларни мен каби топганини рўзғорига учма-уч етказиб юрганлар пластигимга ташлаган, деб ўйлайман. Улар болалари, оиласидан қийиб қурби етганича ёрдам қўлини чўзишга ошиқди, мен ҳўнг-ҳўнг йиғлардим. Мана, ҳозир ҳам ушбу сатрларни кўзда ёш билан ёзмоқдаман. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин!

           Бошимга тушган дард – ­Аллоҳимнинг синови мени ҳаётга бошқача қарашга ўргатди. Энди мен ижтимоий тармоқларда кўзим тушган хайрия постларига бефарқ эмасман, уларни кўрсам кўз олдимдан тушкунликка тушган кунларим ўтаверади.

           Гапнинг индаллоси, бир шифокор мени ҳам табиий, ҳам Германия, Исроилдан келтирилган дорилар билан даволаяпти. Агар вируслар сони шу тезликда ўсиб борганида сурункали вирусли гепатитим В дан Д га айланар, бу эса даволаниш имкониятларини пасайтириб юборар ва цирроз авж олиб кетган бўларди. Ёрдам қўлини чўзган яхшилардан бир умр миннатдорман”.

          “Facebook” фойдаланувчисининг изоҳидан ҳам уни барча қўллаб-қувватлаганини англаш қийин эмас. Лекин ҳаммани ҳам виждонли, саховат учун жўнатилган сўмни тежаб-тергаб ишлатади, дегани эмас.   

             – Бир томондан хайрия қилишнинг бу усули яхши, бир томондан шубҳали, – дейди яна бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Ойдин Жўрақулова. – Нега десангиз, ортиқча вақт ва пул, йўл ҳақи сарфламайсиз, ўша жойнинг ўзида тўлаш имкони бор. Боз устига бу хайрия аниқ манзилли. Иккинчи томондан, пулни қабул қилувчилар ўтказилган маблағни ўзини даволатиш учун сарфлайдими? Буни сўраб-суриштириб ўтирмаймиз. Масалан, бугун пластик карточкалар оммалашгани ҳолда у аниқ бир кишига бориб тушаётгани ҳам маълум. Фақат одамларнинг муносабатини, меҳру саховатини суиистеъмол қилмаётган бўлса, бас. Баъзилар хайру саховат панасида ўзларининг моддий эҳтиёжларини қондиришлари ҳам мумкин. Бу жуда уятли ҳолатдир...

            Қадимдан бировнинг уйи ёниб кетса, йил қурғоқчил келса, қозони қайнамай қолса, одамлар кенгашиб ёрдамга боришган. Лекин оммавий равишда бу ҳолат кенг тарқалмаган. Бугун биз муҳокама қилаётган мавзу – халқимизнинг хайр-саховатлилигини суиистеъмол қилаётган шундай тоифалар ҳам пайдо бўляптики, бундан огоҳ бўлмоғимиз керак. Ахборот асрида маълумотлар жуда тез тарқалади, лекин фақат моддий ёрдам сўраб қилинаётган мурожаатлар кишини сергак торттиради.

           – Атайин моддий ёрдам олиш учун банкдан ҳисоб рақами очишга рухсат берилмайди, – дейди ҳуқуқшунос Муқаддас Ғайбуллаева. – Лекин бемор-мижоз ўз ҳисоб рақамига тушаётган пуллар аниқлигини текшириш учун банкдан талаб қилиш ҳуқуқига эга. Аввало, у пластик карточкасининг бугунги кундаги замонавий пул ўтказиш тармоқлари – “click”, “payme”га уланганини яхшилаб текшириб олиши зарур. Бундан ташқари, агар у чет элда бўлса, 16 та рақамли транзит карта кодини тўғри қайд этиши мақсадга мувофиқ. Шу маънода банк моддий кўмак сўраб аҳолига мурожаат қилган одамнинг маблағи назорати билан шуғулланмайди.  

           Ҳақиқатан ҳам муҳтож одамга ёрдам қўлини чўзиш, саховат кўрсатиш халқимизнинг асрлар силсиласида синовдан ўтган энг улуғ қадриятларидан бири десак муболаға қилмаймиз. Узоқ йиллар давомида ана шу мўътабар бойликнинг асраб-авайлаб келингани боиси – одамларнинг бир-бирига ишончи ва унга хиёнат қилмаганида. Шундай экан, одамлар қалби билан ҳазиллашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

                                                                                                                              Олим ЖУМАБОЕВ,

                                                                                                                        “XXI asr” мухбири