Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ИССИҚ ЖОН ИСИТМАСИЗ БЎЛМАС

ИССИҚ ЖОН ИСИТМАСИЗ БЎЛМАС
Бу нақл бежиз айтилмаган. Тан олайлик, иш, рўзғор, бола-чақа ташвиши билан андармон бўлиб, кўпда соғлиғимиз қадрига етавермаймиз. Қачонки, бош ёстиққа теккач, дармон излаб, табиб-у касалхонага чопамиз. Қиммат бўлса-да, хорижнинг фалон дорисини сотиб оламиз. Бироқ, дард борки, даво ҳам бор. Кўпгина ҳолларда касалликнинг шифоси яқинимизда – кўз ўнгимизда турганига аҳамият бермаймиз. Ҳа, шундай: малҳам шундоқ олдимизда, таъбир жоиз бўлса, оёғимиз остида бўлади. Буни кўриш, улардан оқилона фойдаланиш учун ўқув керак, уқув керак, холос.
Президентимиз томонидан шу йилнинг 3 май куни имзоланган ““Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, ”Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони кўз олдимиздаги саломатлик учун муҳим бўлган неъматлардан фойдаланишга имконият яратади.
Таъкидлаш жоизки, дунё саноатида 8500 турдаги дори-дармон воситалари ишлаб чиқарилаётган бўлса, уларнинг 6300 таси халқимиз эҳтиёжлари учун импорт қилинмоқда.
Шу ўринда яна рақамларга мурожаат қилсак. 2016 йил якунлари бўйича мамлакатимиз фармацевтика бозорида маҳаллий дори-дармон воситаларининг улуши 55 фоизни ташкил этмоқда. Диёримизнинг шифобахш наботот оламига бойлигидан келиб чиқиб, маҳаллий ўсимликлардан дори воситаларини ишлаб чиқариш юртимиз фармацевтика саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Ҳозирда 120 дан зиёд корхона бундай ўсимликларни етиштириш, йиғиш ва қайта ишлаш билан шуғулланади.
– Зомин нафақат наботот олами, балки такрорланмас табиати, арчазор ўрмонлари, зилол сувли тоғлари билан ҳам довруғ таратган. Ўсимлик ҳидига тўйган ҳавосидан нафас олган кишининг бағри дили яйрайди. Ўзингизда тетиклик сезасиз, – дейди O‘zLiDeP Зомин туман Кенгаши раисининг ўринбосари,  Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Исоқ ака Азимов. – Бундай ўзига хос масканлар мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кўп. Давлатимиз раҳбари томонидан фармацевтика саноатини ривожлантиришга, аҳолини Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган арзон, сифатли, юқори самарали ва хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлашга жиддий эътибор қаратилаётганини алоҳида қайд этиш лозим. Яқинда мазкур фармон мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш мақсадида “Мамлакатимиз иқтисодиётида саноатнинг улушини янада оширишда фармацевтика саноати ривожланишининг бугунги ҳолати ва истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
– Дарҳақиқат, ушбу ҳуқуқий ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Зомин туманида бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда, – дея ҳамсуҳбатимизнинг фикрини давом эттиради туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари  бўйича ўринбосари Шероз Жўраев. – Жумладан, “Зомин-фарм” МЧЖга 100 гектар сувли экин ва 1,5 гектар бошқа ер майдони доривор ўсимликлар асосида дори-дармон воситалари ва биологик фаол моддалар хомашё захирасини яратиш учун 10 йил муддатга ажратиб берилди.
Албатта, бу йўналишда қилиниши лозим бўлган ишлар ҳали анчагина. Фармонда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши доривор ўсимликлар хомашёсини қайта ишлаш ва дори дармон воситалари, тиббиёт буюмлари, ёрдамчи ва қадоқлаш материаллари ишлаб чиқариш бўйича янги замонавий қувватларни ташкил этишга, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштиришга имкон беради.
Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,
“XXI asr”   мухбири