Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Иссиқхоналар учун янги тежамкор иситиш тармоғи яратилди

Иссиқхоналар учун янги тежамкор иситиш тармоғи яратилди

              Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти докторанти Хайрулла Давлановнинг яратган пиролиз қурилмаси иссиқхоналарни автоном иситишга мўлжалланган бўлиб, ёқилғи сарфини тежаш, иситишда юқори самарадорликка эришиш имконини яратади.

              Қурилмадан бир неча босқичда иссиқлик олиш мумкин. Ичига 100 килограммгача биомасса, яъни ўтин, мол тезаги, хазон, ёғоч қириндиси, ғўзапоя ва бошқалар солиниб, тагидан ўт ёқиб қиздирилади. Шунда биомассадан биогаз ажралиб чиқади. Биогаз 2-конденсат қурилмада совитилгач, бионефт ҳосил бўлади. Қолган биогаз махсус идишда тўпланади. Ундан бошқа эҳтиёжлар учун фойдаланиш мумкин. Бундан ташқари, пиролиз қурилманинг сиртига қопланган идишдаги сув 100 ҳароратгача қизийди ва у бутун иссиқхонани иситиш учун етарли ҳароратни таъминлайди. Қурилманинг энергия самарадорлиги шундаки, пиролиз жараёнида олинадиган барча (биогаз, бионефт ва кўмир) ёқилғилар тўлиқ фойдага қолади.

             – Қиш ойларида бозорларимизнинг сабзавот маҳсулотлари билан тўкислиги иссиқхоналар фаолиятини самарали йўлга қўйиш билан боғлиқ, – дейди Хайрулла Давланов. – Қишки мавсумда ташқи ҳарорат ўзгариб туриши туфайли иссиқхоналарни иситишга эҳтиёж ортади. Бугун воҳамизда асосан ўтин ва кўмирдан фойдаланилмоқда. Кунлар қаттиқ совиб кетган кезлари ёқилғи таъминотининг чеклангани боис бир кечадаёқ бир йиллик меҳнат кўкка соврилиб, ҳосилни совуқ уриб кетиш ҳоллари ҳам учрайди. Устозим, техника фанлари доктори Ғулом Узоқов раҳбарлигида мазкур пиролиз қурилмани ихтиро этиб, амалиётда синаб ҳам кўрдик. Бугун янада такомиллаштириш борасида изланяпмиз. Пиролиз қурилмамизнинг бош­қа иситиш тармоқларидан бир неча афзалликлари бор. Унинг ёрдамида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига мансуб органик чиқиндилардан ёқилғи олиниб, иссиқхоналар узлуксиз энергия ресурси билан таъминланади. Чиқиндини қайта ишлаш орқали юзага келган суюқ маҳсулот ҳам ёқилғи, ҳам иситиш қувурида сув ўрнида ишлатилади. Одатий биологик қурилмаларда 17-20 кунда ёқилғи олиш мумкин бўлса, бизнинг пиролиз қурилмада 3-4 соат ичида шундай натижага эришиш мумкин. Бирданига 2 та реактор қурилма ишлаб туради. Қуёш батарея­лари иссиқхонадаги вентиляторлар, насослар ва томчилатиб суғориш ускунасини зарур электр энергияси билан таъминлайди.

               Мазкур тадқиқот доирасида бир қанча амалий ишлар бажарилиб, самарадорлиги исботланган. Институт базасидаги “Энергия тежамкорлик ва қайта тикланувчи энергия манбалари” илмий лабораториясида ташкил этилган 100 метр квадрат бўлган полиэтилен қопламали иссиқхонада олиб борилган тажрибалар жараёнида Қашқадарё шароитида мазкур қурилма қўлланилганда анъанавий иситиш тизимларига нисбатан бир кеча-кундузда ўртача 45 метр куб табиий газ ёки 54 килограмм кўмир ёқилғисини тежаш имконини бериши аниқланди. Пировардида пиролиз қурилмали қуёш иссиқхоналарида қуёш ва биомасса энергиясидан биргаликда фойдаланиш натижасида йилига 90-120 килограмм шартли ёқилғи ёки 630 000–840 000 ккал /метр кв. иссиқлик энергияси тежалишига эришилади.

             – Қишлоқлардаги деярли ҳар бир хонадонда чорва моли боқилади, чиқинди ва дарахт хазонлари истаганча топилади, – дейди Хайрулла Давланов. – Пиролиз қурилма ана ўшалар ҳисобида ишлайди. 100 килограмм биомассадан 20 фоиз биогаз, 65 фоиз суюқ биоёқилғи, 15 фоиз кўмир олинади.

             Устозу шогирд бугун пиролиз қурилманинг 500, 100 ва 25 килограмм ҳажмдаги намуналарини яратган. Яқин кунларда ушбу қурилма талабга кўра кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли хонадонларида ташкил этиладиган иссиқхоналарга ҳам ўрнатиб бериш кўзда тутиляпти.

                                                                                                                                                       Сайфулла ИКРОМОВ,

                                                                                                                                                                “XXI asr” мухбири