Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

"Истеъмол саватчаси". У нима?

Президентимиз Ш.Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида "Биз илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича "истеъмол саватчаси" тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратишимиз лозим", деб таъкидлади. Бу ҳақда "Zarafshon" нашри ёзди.

         Хўш, "истеъмол саватчаси" нима ўзи? Унинг мезони қандай меъёрлар асосида ўлчанади?

       "Истеъмол саватчаси" деганда бир киши ёки оиланинг меъёр даражаси бўйича истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва ноозиқ-овқат товарларининг жорий нархлардаги қиймати тушунилади. Буларга нон ва нон маҳсулотлари, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, шакар, картошка каби 13 турдаги гуруҳлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари киради. Шунингдек, оиладаги маиший техникалар (музлаткич, телевизор, чангютгич, кир ювиш машиналари кабилар), уй-жойлар, автоуловлар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳам "истеъмол саватчаси"нинг асосий манбасини ташкил этади. Оилалар даромадларини ҳисоблаганда, томорқадан олинадиган натурал кўринишдаги маҳсулотлар, чорвачилик маҳсулотлари қиймати ҳамда чет элда ишлаб топилган, норасмий бандлик (ресторанларда, қурилишларда) даромадлари ҳам ҳисобга олинади. "Истеъмол саватчаси"га киритилган товарлар меъёрларини амалда уларнинг жорий нархларига кўпайтирсак, унинг қиймати келиб чиқади. Бу қиймат инсоннинг яшаш минимуми қийматини ташкил этади.


        Демак, "истеъмол саватчаси" аҳоли оладиган даромадлар, харажатлари, нарх-наво, уй-жой билан таъминланганлиги ва шу каби бошқа жиҳатлар билан ўлчанади. Аҳоли ҳаёт даражаси қандайлиги эса ана шу "истеъмол саватчаси" асосида ўрганилади. 
"Истеъмол саватчаси"ни мамлакатлараро таққослашда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми қабул қилинган. Халқаро валюта фонди маълумотларига кўра, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ҳажми бўйича Ўзбекистон дунё рейтингида 187 мамлакат ўртасида 134-ўринда туради. Лекин аҳолининг ҳаёт даражасини яхшилаш бўйича мамлакатимизда жуда катта ишлар қилинмоқда. Меҳнат ҳақи оширилмоқда, томорқадан самарали фойдаланиш йўлга қўйилмоқда, намунавий лойиҳалар бўйича уй-жойлар қурилмоқда, йўллар таъмирланмоқда, коммунал соҳа хизматлари яхшиланмоқда. 
Аммо бугунги кунда "истеъмол саватчаси" қийматига қараб минимал иш ҳақи миқдори, кам таъминланган оилалар аниқланиб, уларга нафақа ва турли имтиёзлар белгиланиши лозим. Шунинг учун жойларда ҳокимликларнинг иқтисодий масалалар билан шуғулланадиган ходимлари ўз ҳудудида "истеъмол саватчаси" қийматини ҳисоблаб чиқсалар, шунга кўра кам таъминланган оилаларга турли имтиёзлар қўлланса, маъқул бўлади. 


Умар ХУДОЙБЕРДИЕВ,
СамИСИ доценти.