Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАРАҚҚИЁТИНИ ТАЪМИНЛАЙДИ

ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАРАҚҚИЁТИНИ ТАЪМИНЛАЙДИ          Нукус шаҳрида бўлиб ўтган йиғилиш Президентимизнинг ушбу ҳудудга қилган ташрифи юзасидан o‘zlidep олдида турган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланди.

         Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда асосий эътибор Президентимизнинг жорий йил 15-16 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида белгилаб берилган устувор вазифаларга қаратилди.

       Тадбирда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Бахтиёр Якубов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташрифидан келиб чиқувчи долзарб йўналишлар партия зиммасига катта масъулият юклашини ҳамда бу борада O‘zLiDeP ва унинг депутатлик гуруҳлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган амалий саъй-ҳаракатлар, белгилаб олиниши зарур бўлган истиқболдаги лойиҳалар хусусида тўхталиб ўтди.

      – Белгиланган режага биноан 2018-2019 йилларда мева-сабзавот ва гўштни қайта ишлаш, совутгичлар қуриш билан боғлиқ 70 лойиҳа ишга тушишини эшитиб, беҳад қувондик, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, “Тайимбет” фермер хўжалиги раҳбари Сарсенбай Сеитназаров. –  Айниқса, чорвачилик ва паррандачилик ривожи йўлида 250 лойиҳа орқали 730 дан ортиқ иш ўрни яратилиши таҳсинга сазовор. Бу эса халқимизнинг турмуши фаровон, дастурхони янада тўкин бўлишини кафолатлашга хизмат қилади.

      – Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга ташрифини  бизнинг Чимбой туманидан бошлагани барчамизга катта қувонч бахш этди, – дейди Халқ депутатлари Чимбой туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Азатжан Қудайбергенова. – Президентимизнинг ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама етук инсон бўлиб вояга етишишида, даставвал, мактабгача таълим сифатини ошириш, бу муассасалар фаолиятини тубдан яхшилашга алоҳида эътибор қаратаётгани мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Хусусан, Юртбошимиз туманимизга ташрифини ҳам айнан болалар боғчасидан бошлади. Учрашув мобайнида Шавкат Мирзиёев ёшлар тарбиясига бугундан эътибор бермасак, эртага кеч бўлишини алоҳида таъкидладилар.

       – Туманимизни 2017-2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича махсус қарор асосида 52 миллиард сўмлик 72  та лойиҳани амалга ошириш ва халқимиз учун янги иш ўринларини яратиш вазифалари белгиланди, – дейди O‘zLiDeP Мўйноқ туман Кенгаши раисининг ўринбосари Абдужаббор Тлеуов.  – Жорий йил 1 июль куни “Қўнғирот-Мўйноқ магистраль сув тармоғи” орқали аҳолимиз тоза ичимлик суви билан таъминланди. Шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 20,5 гектар майдонда “Мўйноқ” кичик саноат зонасини ташкиллаштириш ишлари давом этмоқда.

        – Қорақалпоқ диёрида юз бераётган кенг кўламли ўзгариш­лар, улкан бунёдкорлик ишлари навқирон авлод вакилларини янада руҳлантириб юборди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари Бибижон Оролбоева. – Энг муҳими, янгидан фаолиятини бошлаган тадбиркорлик субъектларининг аксариятини ёшлар бошқармоқда. Эътиборлиси, давлатимиз раҳбарининг чет элларда таълим олаётган, илм-фан, банк-молия, ахборот-коммуникация соҳаларида меҳнат қилаётган ватандош­ларимизни Ўзбекистонга қайтиб, мамлакатимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшишга қилган даъватлари ҳам бесамар кетмади. Айни пайтда ана шу даъватдан руҳланиб, Қорақалпоғистонда иш бошлаган бундай юртдошларимиз катта-катта лойиҳалар остонасида турибди. Импорт ўрнини босувчи, маҳаллий хом­ашёга асосланган юқори технологик лойиҳа – полипропилен, полиэтилен ва кальций карбонатдан юмшоқ юк контейнерлари, ҳар хил турдаги полиэтилен қоплар ва сумкалар ишлаб чиқаришга мўлжалланиши кутилаётган ва бу борада Марказий Осиёда биринчи корхона ана шулар жумласидандир.   

        Давлатимиз раҳбари ташрифи давомида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш, янги тадбиркорлик субъектлари, саноат корхоналарини барпо этиш ва шу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратганлиги партиямиз депутатлик гуруҳлари олдида ҳам катта вазифалар турганлиги ва уларнинг ижросини таъминлашда фаоллик кўрсатишимизни талаб қилади. Ҳар биримиз давлатимиз раҳбари олиб бораётган бунёдкорлик ишларига кўмакдош бўлиб, юртимиз равнақига ҳисса қўшишни энг олий мақсадимиз деб билмоғимиз лозим.

        – Президентимиз бу галги ташрифида ҳам тадбиркорларга алоҳида эътибор қаратганлиги бизни ниҳоятда қувонтирди, – дейди Нукус шаҳридаги “Муратбек мебель” хусусий корхонаси раҳбари, O‘zLiDeP фаоли Муратбек Танирбергенов. – Бу борада  Қорақалпоғистон Республикасида ишсизлик даражаси юқори бўлган аҳоли пунктлари рўйхатини шакллантириб, кичик лойиҳалар ташкил этиш учун тадбиркорларга 100 миллиард сўмлик кафолатли кредитлар бериш механизмини ишлаб чиқиш ва жорий этиш лозимлиги таъкидланди. Президентимиз Қорақалпоғистон Республикаси фаоллари билан учрашувда қуйидаги фикрларни алоҳида таъкидлаб ўтганида теран маъно мужассам: “Энг муҳими, мен бу гапни қайта-қайта айтишдан чарчамайман, амалга ошираётган ишларимизнинг натижасини фуқароларимиз амалда, ўзларининг кундалик ҳаётида албатта сезиши керак. Нега деганда, одамлар эртага эмас, узоқ келажакда эмас, бугун яхши яшашни истайди ва бундай истак табиий, албатта”. Биз, билдирилган юксак ишонч ва имкониятларга жавобан албатта, халқимиз истакларини қондириш ва муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашдек эзгу ишларни сидқидилдан амалга оширамиз.

         Тадбир сўнгида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

         Йиғилиш доирасида Нукус шаҳри ва туманида, шунинг­дек, Хўжайли туманида O’zLiDeP Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Кенгаши томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да одамлар билан кўпроқ мулоқот қилиш, уларнинг фикр ва таклифларини ўрганиш, аҳолининг мурожаат ва муаммоларини бартараф этиш мақсадида сайёр учрашув ташкил этилди. Унда O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Бахтиёр Якубов, O’zLiDeP Қоракалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Соғиндиқ Турманов, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси ва туман кенгаши ходимлари, мутасадди ташкилот вакиллари ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Сайёр қабулда аҳоли вакиллари билан бир қаторда тадбиркорлик субъектлари ҳамда фермер хўжаликлари фаолияти билан ҳам танишилди.

Ўз мухбиримиз