Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ИТТИФОҚ ВА ИШТИЁҚ

ИТТИФОҚ ВА ИШТИЁҚ
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тўрткўл туман Кенгаши ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг маҳаллий ташкилоти биргаликда мақтовга лойиқ ишларни амалга оширмоқдалар.
O’zLiDeP туман Кенгаши раиси ўринбосари – аппарат раҳбари Йўлдош Маткаримов ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси Умид Оллоберганов Тўрткўл шаҳридаги “Ёшлик” маданият ва истироҳат боғи раҳбари Давронбек Сейитниёзов билан навбатдаги тадбир тадориги хусусида суҳбатлашаётган эди. Шу пайт боғнинг гужумлар соя солган серфайз йўлагидан саксон ёш остонасига тетик қадам ташлаётган нуроний отахонлар – Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими Абдуллажон Юсупов ҳамда Ўзбекистон халқ таълими аълочиси Ёвқоч Рўзимбетов келиб қолишди. Илиқ сўрашишдан кейин Абдуллажон ака Умидбекка юзланиб:
– Хўш, Тўрткўл ёшларининг сардори, ҳорманг энди! Мен бундан қирқ беш йил муқаддам Қорақалпоғистон ёшлар қўмитаси котиби эдим. Шунинг учун Ёшлар иттифоқи деганда юрагим “жиз” этади. Сиз эҳтимол “Мендан туманда 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган қанча ўғил-қиз бор?” деб ўсмоқчилайди деган хаёлдасиз. Статистика ҳам керак. Аммо мен бошқа нарса, ана шу иттифоққа бирлашган ёшларда давлатимиз раҳбари даъват этган эзгу ишларни рўёбга чиқаришга бўлган иштиёқ ҳақида сўрамоқчиман.
– Бор, Абдуллажон ота, бор – жавоб беради У. Оллоберганов. – Ёшлар иттифоқининг таъсис қурултойидан буён ўтган қисқа давр ичида 25 минг нафар тўрткўллик ўғил-қиз 93 та бошланғич ташкилотга бирлашдилар, ўзларининг муносиб, ишчан етакчиларини сайлаб олдилар. Туманда 122 163 нафар ўттиз ёшгача бўлган навқирон фуқаролар истиқомат қилса, 15 ёшдан 30 ёшгача бўлганлари 63 минг нафардан ортиқ. Уларнинг ҳаммасида мамлакатимизни илғор мамлакатга, туманни гуллаб-яшнаган, саноати, аграр шўъбаси пешқадам ҳудудга айлантираман, деган иштиёқ бор. Бу борада биз бошқа сиёсий партиялар қатори O‘zLiDePга ҳам суяняпмиз!
– Баракалла! – суҳбатга қўшилди Явқоч оға. – Давримизнинг довруқли куйчиси Ибройим Юсуповнинг “Ҳар кимнинг ўз замони бор” деган шеъри бор. Бизнинг болалигимиз урушдан кейинги машаққатли кунларга тўғри келган эди. Бир бурда нонга, яримта зоғорага зор эдик. Мактабга яланг­оёқ қатнардик. Лекин кўнглимизда яшашга, илм олишга, ишлашга, касб эгаллашга бўлган сўнмас эътиқод бор эди. Яхшими, ёмонми, ўттиз йил фирқа фаоли бўлган одам сифатида айта оламанки, сиёсий партиялар ҳам, Ёшлар иттифоқи ҳам навқирон авлодни, энг аввало, метин ғоя билан қуроллантириши шарт. Жаҳолат ва ёт ғоялар жамиятга ўт қўйишга, маънавият ҳаётга зеб беришга қодир. Ғоя билан тоғни талқон қилиш мумкин. O’zLiDeP Тўрткўлда хайрли ишларни бажараётганидан, маҳаллий саноатни модернизация, аграр соҳани диверсификация қилиш, сервисни жадал ривожлантиришда фаоллик кўрсатаётганидан хабардормиз.
– Бугун туманда O’zLiDePнинг 887 нафар аъзоси иқтисодий ислоҳотлар ва маънавий янгиланиш­ларда фаол иштирок этмоқдалар, – деди Й. Маткаримов. – Биз тумандаги партия аъзоларининг ҳар бири ўн нафардан хайрихоҳ, ўн нафардан тадбиркор топиб умумий ишга жалб этсин, деган шиорни ўртага ташлаганмиз. Партиянинг “Ёшлар қаноти” лойиҳалари иштирокчиларининг сони эса соат сайин ошмоқда. Ке­йинги пайтда 126 нафар ёш йигит-қиз тадбиркорлик фаолиятини бошлади. 86 нафари мазкур лойиҳалар доирасида имтиёзли кредитлар олди. Улар орасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзолари кўпчиликни ташкил этади. Иттифоқ аъзоси, Тўрткўл шаҳрининг “Истиқлол” кўчасида истиқомат қиладиган ёш тадбиркор Моҳинур Бердибоева АТ “Агробанк”дан 7,4 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, чорвачилик билан шуғулланмоқда. Албатта буни одатий ҳол деб ҳисоблаш мумкиндир. Аммо ёш тадбиркор Ҳамиджон Ромоновнинг сут маҳсулотларини қайта ишлаш учун “Савдогарбанк”нинг Тўрткўл филиалидан 100 миллион сўм имтиёзли кредит олгани оддий ҳодиса эмас. Демак, тез орада Ҳамиджон товар ишлаб чиқарувчига, иш берувчига, саноатчига, балки хориждан ҳамкор топадиган экспортчига айланади!
Мулоқот чоғида партия ва Ёшлар иттифоқи фаолиятининг кўп қирралари хусусида сўз юритилди. Айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлашни кучайтириш тўғрисида жўяли таклифлар ўртага ташланди.
Айни кунда туманда уларнинг сони 1 231 нафардан иборат. Аксарият қисми “Фидоий ёшлар гуруҳлари”га уюшиб, пахта йиғим-теримида иштирок этмоқдалар. Маълумки, теримда юқори натижаларга эришаётганларга мўмай иш ҳақи бериляпти. Уюшмаган ёшларнинг бир қисми тобора кенг қулоч ёяётган қурилиш ишларига жалб қилиняпти. Аммо кўп жойлардагидек Тўрткўлда ҳам партиянинг туман Кенгаши Ёшлар иттифоқининг қуйи бўғини билан бирга йигит ва қизларнинг кўпроқ мавсумий ишларга эмас, доимий бизнесга, тадбиркорликка, фермерлик ҳаракатига қўшилиши устида иш олиб бормоқда. Туманда партия аъзоларидан 142 нафари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланса, 167 нафари фермер хўжаликларининг ишларини юритмоқда. Халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи, “Аёллар қаноти”, “Ёшлар қаноти” бу борада ташаббускорлик кўрсатмоқда. Нуронийлар билан бўлиб ўтган самимий суҳбат бу ҳаракатга янги куч-қувват бахш этди. Зеро Ёшлар иттифоқига аъзо йигит ва қизларда мамлакатни янада ривожлантиришнинг ҳар томонлама мукаммал стратегияси ижросига салмоқли ҳисса қўшиш иштиёқи кучаймоқда!
 
Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,
“XXI asr” мухбири