Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Жаҳонга машҳур гигант корхона

Жаҳонга машҳур гигант корхона

Вазирлар Маҳкамасининг “Навоий шаҳри ва “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси ташкил топганлигининг 60 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори шаҳар аҳли, айниқса, кончилар томонидан катта қувонч ва шукроналик туйғулари билан кутиб олинди.

Навоий шаҳрининг ташкил топиши Навоий кон-металлургия комбинати бунёд этилиши билан боғлиқ. Комбинат ташкил топган 1958 йили ишчилар учун дастлаб икки қаватли уйлар қурилган. Шаҳарнинг вужудга келиши ва ривожланиши ана шундан бошланган. Сўнгра бошқа саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари қурилиб, аҳоли сони кун сайин ортиб борди. Ўтган даврда комбинат нафақат республикамиз, балки бутун дунёга машҳур гигант корхоналардан бирига айланди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Навоий кон-металлургия комбинатини 2026 йилгача ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурга мувофиқ умумий қиймати 3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ эвазига 27 та инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда. Мазкур истиқболли лойиҳалар комбинатнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, илғор технологияларни жорий этиш, 30 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш асосида корхонани янги ривожланиш босқичига кўтариш имконини беради.

Техник ва технологик янгиланишлар

XX асрнинг ўрталарига келиб, Қизилқумнинг бепоён ҳудудларида асрлар давомида ўзлаштирилмай ётган ерости бойликларини тадқиқ қилиш ва қазиб олиш ишлари бошлаб юборилди. Ҳудуд ерости бойликларини излаб топиш ва кончилик соҳасининг ривожида Ҳ. Абдуллаев, Х. Тўлаганов, И. Ҳамрабоев каби машҳур ўзбек геолог олимларининг хизматлари беқиёс. Бу тадқиқотлар натижасида 1958 йили Учқудуқда топилган уран захираларини қазиб олиш ва қайта ишлаш учун Навоий кон-металлургия комбинати ташкил этилди.

Комбинатнинг барпо қилиниши, ривожланиши ва улкан корхонага айланиши матонатли, энг мураккаб муҳандислик-техникавий ва ижтимоий масалаларни ҳал этишга қодир, фидойи кишилар меҳнатининг самарасидир. Қизилқум бағрида Навоий, Зарафшон, Учқудуқ сингари шаҳарларнинг бунёд этилишида уларнинг меҳнатини таъкидлаб ўтиш жоиз. Йирик корхона бугунги кунда давлатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлашда муҳим ўрин эгаллаяпти.

Мустақиллик йилларида комбинатнинг юқори малакали ходимлари саъй-ҳаракати ҳамда унинг бўлинмаларида техник қайта жиҳозлашнинг илмий асосланган стратегияси амалга оширилиши натижасида ерости бойликларини қазиб чиқариш, қайта ишлаш кўпайди, маҳсулот сифати ҳамда экспорт ҳаж­ми ошди. Навоий кон-металлургия комбинати олтин ва уран ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи компаниялар ўнталигидан жой олди.

Истиқлол йилларида ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш учун кенг имкониятлар очилди. Айниқса, кейинги ўнйилликда комбинатда жаҳон стандартларига мос, ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган, илғор технологиялар билан жиҳозланган корхоналар барпо этилди. Жумладан, учинчи гидрометаллургия заводида сульфидли маъданларни бактериал оксидлаш усулида қайта ишлаш технологияси муваффақиятли жорий этилди. Марказий кон бошқармасида олтинни уюмда ишқорлаш цехи ва “Мурунтов” конида эмульсион портловчи моддалар заводи, Жанубий кон бошқармасида тўртинчи гидрометаллургия заводи, “Мурунтов” конида қуввати бўйича жаҳонда ягона бўлган Тик-қия конвейери ишга туширилди.

Давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлаши билан комбинатда янги ишлаб чиқариш корхоналарини қуриш, уларни илғор технологиялар билан жиҳозлаш, инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ишлари кўлами янада кенгаймоқда. Бу эса таркибида олтин бўлган маъданлар ва уранни қазиб олиш ҳамда уларни қайта ишлаш ҳажмининг ўсишини таъминлаяпти. Хусусан, комбинатнинг Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилда тамал тоши қўйиб берилган 5-гидрометаллургия заводини барпо этиш ишлари жадал давом эттирилмоқда.

Улкан корхонада олиб борилган техник ва технологик янгиланишлар туфайли республикамизда олтин, кумуш ва уран ишлаб чиқариш қарийб икки баробар ошди. Комбинатнинг “999,9” пробали олтин қуймалари жаҳоннинг қимматбаҳо металлар биржаларида Ўзбекис­тон брендига айланди.

Инновацион тараққиёт йўлидан

Бозор иқтисодиёти шароитида ҳар бир корхона инновация бўйича аниқ стратегиясига эга бўлиши шарт. Ишлаб чиқаришни инновацион технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Комбинатда кейинги йилларда пухта ўйланган, узоқ муддатга мўлжалланган стратегия асосида соҳани инновацион тараққий эттириш бўйича илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда, ресурс ва энергия тежамкор технологияларга асосланган ишлаб чиқариш қувватлари яратилмоқда. Энг муҳими, замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини инновацион технологиялар асосида бошқара оладиган билимли ва шижоатли маҳаллий кадрлар тайёрланди.

2018 йили комбинатда илмий-тадқиқот ишлари ва инновацион фаолиятни ривожлантириш мақсадида Инновация маркази ташкил этилди ҳамда “Навоий кон-металлургия комбинатини 2026 йилгача инновацион ривож­лантириш дастури” қабул қилинди. Дастурдаги 105 та инновацион лойиҳанинг ишлаб чиқаришга жорий этилиши олтин таркибли рудалар ва уранни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш самарадорлигини ошириш, маҳсулот таннархини камайтириш, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар сонини кенгайтиришга катта замин яратади.

Комбинатда инновацион ғояларнинг жорий этилиши ишлаб чиқариш суръатининг юқори бўлишини таъминламоқда. Малакали кадрлар ва илмий-техник салоҳият, илмий-тадқиқот лабораториялари ва ўқув базаларининг мавжудлиги комбинатнинг инновацион имкониятларини янада кенгайтирмоқда. Комбинатнинг Марказий илмий-тадқиқот лабораториясида мавжуд ва янги технологиялар бўйича тажриба-синов ишлари узлуксиз олиб борилиши натижасида руда, технологиялар ва тайёр маҳсулотларни таҳлил қилишнинг юзлаб усуллари ишлаб чиқилиб, уларнинг самарадорлиги давлат стандартлаштириш идораси сертификатлари билан тасдиқланди. Комбинат тизимида, шунингдек, Марказий конструкторлик бюроси, Марказий лойиҳалаш бюроси, Шимолий кон бошқармасининг Марказий физик-кимёвий лабораторияси, иккинчи ва учинчи гидрометаллургия заводларининг Марказий завод лабораториялари фаолият кўрсатмоқда. Уларда инновацион, ишлаб чиқариш ва маркетинг фаолиятининг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш тизими яратилган.

Комбинатда бугунги кунда ўн мингдан ортиқ олий маълумотли ходим, шу жумладан, 31 нафар фан номзоди ва 7 нафар фан доктори меҳнат қилмоқда. Ўзбекистон кон-металлургия саноати тарихида биринчи марта 2017 йили Навоий кон-металлургия комбинати ва Навоий давлат кончилик институтининг бир гуруҳ олим ва мутахассислари мураккаб таркибли рудалардан олтинни ажратиб олиш технологиясини яратганликлари учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг “Энг яхши ихтирочи” олтин медали билан тақдирланди. Бу юртимиз илм-фанига берилган юксак баҳо бўлди.

Комбинатда ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш ва муқобил энергетикани ривожлантириш устувор йўналишлардан ҳисобланади. 2011 йили 3-гидрометаллургия заводида кўмирни сорбциялаш билан биооксидланиш маҳсулотларини металлургик қайта ишлашнинг такомиллашган технологияси жорий этилди. Комбинатда маҳсулот таннархини пасайтириш ва сарфланаётган энергия ҳажмини камайтирадиган замонавий самарадор ва тежамкор технологиялар, яъни гелиоколлекторлар ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Корхонада 2013 йилдан биогаз қурилмалари ёрдамида чорвачилик фермалари ва паррандачилик фабрикаларида органик чиқиндиларни утилизация қилиш технологиялари жорий қилинди. Шимолий кон бошқармасида 2016 йили “Иккиламчи энергия ресурсларидан фойдаланган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳисобига сульфат кислотаси ишлаб чиқаришнинг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида буғ турбинаси ишга туширилди. Натижада илгари атмосферага чиқариб ташланган ортиқча иссиқлик энергиясидан электр энергияси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шу сингари инновацион технологиялар корхонада доимий равишда татбиқ этилмоқда.

Комбинат ишчи-ходимлари ва муҳандисларининг рационализаторлик таклифлари доимий равишда амалиётга жорий этилиши жаҳон стандартлари талабларига мос маҳсулотлар ишлаб чиқариш, саноатга замонавий технологияларни жадал олиб киришни таъминламоқда.

Кадрлар сиёсати – бош стратегия

Юртимизда кон-металлургия саноати корхоналари учун зарур муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Комбинат кадрлар сиёсатининг бош стратегияси – корхонанинг амалдаги ва янги ишга тушириладиган объектларини малакали мутахассислар, ишчилар билан ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, етук мутахассислар тайёрлашдан иборат. Комбинатда кадрлар сиёсатига тизимли ёндашиш, ходимларнинг касбий ўсишини таъминлаш, захирасини ташкил этиш, малакасини ошириш ва маҳоратини ривожлантириш энг муҳим вазифалардан бири бўлган, шундай бўлиб қолади.

Комбинатнинг олтита ўқув марказида ёш мутахассислар ва юқори малакали ишчи-ходимларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда 60 мингга яқин ишчи-ходимларнинг ўртача ёши 37 ёшни ташкил этади. Уларнинг 93 фоиздан ортиғи ҳамда раҳбарларнинг 90 фоиздан кўпроғи маҳаллий мутахассислардан иборатлиги соҳада зарур муҳандис кадрларни тайёрлаш бўйича олиб борилган тизимли чора-тадбирлар маҳсулидир. Комбинат бундай натижага кейинги ўн йил ичида эришганлиги ҳам алоҳида эътиборга молик.

 Ҳозирги кунда замонавий ва креатив фикр­лайдиган, ҳар қандай вазиятда ҳам масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ғайратли ва шижоатли, интеллектуал салоҳиятли, ватанпарвар ёш кадрларга корхоналар бошқарувида муҳим вазифалар ишониб топширилмоқда. Улар комбинатни ривожлантириш борасидаги барча ишларда ташаббускор, ҳар бир масалага янгича ёндашувлари билан ажралиб туради.

Кон-металлургия соҳаси учун зарур мутахассислар, малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Комбинатни мутахассислар билан таъминлайдиган асосий олий ўқув юртларидан бири бўлган Навоий давлат кончилик институтининг замонавий янги ўқув биноси бунёд этилди. Институт энг замонавий лаборатория жиҳозлари билан таъминланди. Бугунги кунда институтда 14 нафар фан доктори, 46 нафар фан номзоди талабаларга илм сирларини ўргатишмоқда. Институтда асосан вилоятдаги йирик саноат корхоналари учун малакали муҳандис-техник кадрлар, кончилар, металлурглар, механиклар ва энергетиклар тайёрланмоқда.

Инсон манфаатлари доимо диққат марказида

Комбинатда ишчи-ходимларни ижтимоий муҳофаза қилиш энг муҳим йўналишлардан саналади. Бу соҳадаги барча саъй-ҳаракатлар ишчи-ходимларнинг иш шароитларини яхшилаш, уларни соғломлаштириш, дам олиши ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилмоқда.

Бугунги кунда комбинатда ишчи-ходимлар саломатлигини мустаҳкамлашга катта эътибор берилмоқда. Тиббий-санитария бўлими ва унинг жойлардаги бешта бўлинмасида ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Комбинатда ишчи-ходимлар, айниқса, ёшлар ўртасида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтириш, уларнинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш мақсадида китобхонлик маданиятини оширишга эътибор қаратилмоқда. Ҳозирги вақтда 400 мингдан ортиқ нусхада китоб фондига эга бешта кутубхонадан унумли фойдаланилмоқда.

Ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари дам олиши ҳамда соғлом турмуш тарзига амал қилиши учун барча қулайликларга эга, энг замонавий тиббиёт ускуналар билан жиҳозланган “Металлург”, “Кончи” ва “Нуробод” санаторий-профилакторийлари, “Зарафшон” пансионати, “Тўдакўл” дам олиш базаси фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, Жиззах вилоятининг Зомин туманида 150 ўринга мўлжалланган санаторий ишга туширилмоқда.

Қайд этиш зарурки, Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройи, “Алишер Навоий”, “Ўзбекистон” кинотеатрлари қурилишида комбинатнинг муносиб ҳиссаси бор.

 Кейинги йилларда Зарафшон шаҳрида “Нептун” сув ҳавзаси капитал таъмирланди, Навоий шаҳридаги “Сўғдиёна” стадиони реконструкция қилинди, Зафаробод қўрғонида “Янги ҳаёт” спорт мажмуаси ва ёпиқ сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди. Учқудуқда барпо этилган “Орзу” истироҳат боғи бугун шаҳарликларнинг дам олиш масканига айланди. Ёшларнинг дам олиши, эҳтиёжи, қизиқиш ва интилишлари ҳисобга олиниб, Учқудуқда “Келажак” ёшлар маркази ишга туширилди. Зарафшон ва Зармитанда болалар аквапарки, Навоий ва Зарафшон шаҳарлари ҳамда Зафаробод қўрғонида барпо этилган бир-биридан гўзал мусиқали фавворалар барчага завқ бағишламоқда. 2018 йили Нуробод шаҳрида “Кўзмунчоқ” болалар боғчаси капитал реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Бугунги кунда комбинат тизимида 9 та маданият муассасаси, шунингдек, болалар ижодиёт уйи фаолият кўрсатмоқда. Уларда бир юз етмишдан ортиқ бадиий ҳаваскорлик жамоалари ва тўгараклар фаолият олиб бормоқда. “Фарҳод” маданият саройининг “Бахтли болалик”, “Ширин”, “Марварид”, “Соната” эстрада-рақс ансамбллари, “Садо” доирачилар ансамбли, Зарафшондаги “Олтин водий” маданият саройининг “Атлас” студияси ҳамда “Афсона” рақс ансамбли, Учқудуқдаги “Учқудуқ” маданият уйининг “Елес” вокал гуруҳи, “Ритм”, “Ситора” рақс ансамбллари, Зафарободдаги “Ёшлик” маданият уйининг “Зебо” ва “Шок”, Нурободдаги “Нуробод” маданият саройининг “Дебют” ва “Офарин” рақс гуруҳлари машҳур. Комбинат маданият муассасалари ижодий жамоалари орасида ҳар йили “Қизилқум санъат ғунчалари”, “Қизилқум овози”, “Қизилқум оҳанглари” танловлари ўтказилиб келинади. Барча маданий тадбирлар комбинатнинг ижодий жамоалари томонидан ташкил этилади.

Комбинат маъмурияти ва касаба уюшмаси кенгаши ишчи-ходимлар ва оила аъзолари орасида спортни оммалаштиришга доимий эътибор беряпти. Комбинат ихтиёрида бешта стадион, бешта бассейн, елканли спорт базаси, 80 дан ортиқ спорт заллари ва майдончалари мавжуд. Алоҳида спорт турларига ихтисослашган жисмоний тарбия-­соғломлаштириш клублари ривож­ланган, чунончи, Навоийда “Сўғдиёна”, Зарафшонда “Алпомиш”, Зафарободда “Ёшлик”, Нурободда “Меҳнат”, Учқудуқда “Лочин”, Маржонбулоқ ва Заркент қўрғонларида “Ёшлик” спорт маж­муалари фаолият кўрсатмоқда.

Комбинат спортчилари баскетбол, бадиий гимнастика, волейбол, сузиш, оғир атлетика, қиличбозлик, пауэрлифтинг, таэк­вондо, шахмат, футбол, кураш, юнон-рум кураши, эркин кураш, дзюдо, ўзбек жанг санъати ва самбо каби спорт турлари бўйи­ча халқаро ва республика миқёсидаги мусобақалар, турнирларда муносиб иштирок этиб келмоқдалар. Навоий шаҳридаги “Олтин сув” сузиш марказидан Олимпиада иштирокчилари, Жаҳон кубоги, Осиё ўйинлари ва чемпионатларининг ғолиб ва совриндорлари етишиб чиққан.

Мухтасар айтганда, бугунги кунда халқимиз манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга навоийлик кончилар ҳам муносиб ҳисса қўшиб, қутлуғ санага катта ютуқлар билан бормоқда.

Қувондиқ САНАҚУЛОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
Олий Мажлис Сенати аъзоси,
“Навоий кон-металлургия комбинати”
давлат корхонаси бош директори