Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЖАЛАҚУДУҚДА ТЕНДЕР САВДОСИ ҚАЧОН БЎЛАДИ?!

ЖАЛАҚУДУҚДА ТЕНДЕР  САВДОСИ ҚАЧОН БЎЛАДИ?! Тадбиркорки бор етти ўлчаб, бир кесади. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас: ахир бирор ишга сармоя тикаётган одам зарар кўришни хоҳламайди-да. Шунга қарамай, тадбиркорлик – катта таваккалчилик дегани ҳам. Зеро, шиддат билан ўзгараётган замон эҳтимолий синовлар тақдим этиши ҳеч гапмас.  Чўт-у чамадаги хиёл янглишиш кутилмаган муаммолар туғдириши мумкин. Шундан келиб чиқилса, тадбиркор фойда кўрса, бундан элга манфаат, давлатга манфааат. Зарари эса унинг ўзига, чўнтагига!

Маҳфуза Турғунова ҳам тадбиркорлик бошини тутганлардан бири. Катта-кичик лавозимларда ишлади, етарли тажриба, кўникмага эга бўлди. Топган-тутганларининг чўғини чамалаб, етмаса кредит кўтариб, камида 15-20 киши доимий  банд бўладиган  ишга қўл уришни режалаб юрганди. Иттифоқо, қўшни тумандаги бўш турган бинонинг тендерга қўйилиши тўғрисидаги хабарга кўзи тушди. Айни муддао!

Тендерга қўйилган Жалақудуқ туманидаги 14-сон мактабгача таълим муассасаси мукаммал таъмирланса, яхшигина боғча бўлади. Маҳфуза Турғунова дарҳол ўша ҳудуд аҳолиси билан суҳбатлашди. Ҳақиқатан ҳам маҳаллий аҳолига замонавий мактабгача таълим муассасаси керак экан. Демак, ортиқча ўй-хаёлга ҳожат йўқ: имкониятдан унумли фойдаланиб қолиш лозим!

Маҳфуза Турғунова тақдим этган бизнес-режа  ҳам чаккимас: қаровсиз  бинода замонавий 100 ўринлик боғча, қўшимчаси яна 2 та иссиқхона ташкил этилади, натижада 31 та янги иш ўрни яратилади,  бунинг учун талаб этиладиган 1,165 миллиард сўмлик инвестиция  нақд!

Бу таклиф талабдан анча юқори. Давлат тендер комиссиясининг шарти эса 500 миллион сўм инвестиция, 30 нафар янги иш ўрни яратиш, холос. Кўринадики, шарт қилинган инвестиция миқдоридан таклиф қилинаётган сармоя миқдори уч баробар кўп!

Бундай таклифдан мутасаддилар мамнун,  камига “Қани, олға,  ёрдам керак бўлса, биз тайёр!” дейиш­гандир ҳойнаҳой? Қаёқда!

Алқисса, тендерга сунъий равишда тушов қўйиляпти.

Тафсилотлари эса мана бундай:

Андижон вилояти ҳудудий танлов комиссиясининг 2018 йил 16 февралдаги 3-сонли ва 23 февралдаги 4-сонли йиғилиш баённомаларига асосан вилоят ҳудудий танлов комиссиясининг аъзолари тўлиқ йиғилмаганлиги сабабли аризаларни кўриб чиқиш қолдирилган. Бундай масала тезроқ ижро этилмасдан, турли сабабларга кўра  “қолдирилиши” қизиқ!  Ҳолбуки, мазкур  объект инвестиция киритиш шарти билан “ноль” харид қийматида сотилиши белгиланган давлат мулки сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 31 майдаги “Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 154-сонли қарорининг 4-иловасига киритилган! Ҳукумат қарорига киритилган объектни  тезроқ мулкдорларга бериб, унинг ижроси таъминланишини наҳот мутасаддилар хоҳлашмайди?!

Бундай сунъий тушовлар қўйилишидан кўзланган мақсад нима? Унинг замирида қандай “ўйинлар”  ўйналяпти-ю “актёр”-у “режиссёри” ким?  Ёки бу “сирли ўйинлардан” мақсад  “сендан угина, мендан бугина”микан?

Ҳар ҳолда, аччиқ ичакдек чўзилаётган тендер савдосини кутиб, шундай хаёлларга борасан-да киши.

Бундан ҳам ажабланарлиси, мазкур бинога талабгор фақат опахонгина эмас. Бошқаларнинг ҳам ҳамёни қўлтиғида.  Гап шундаки, ўзга талабгорларнинг бири бу ерда ёғоч буюмларга ишлов бериш, яна бири трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни режалаётган бўлса, яна бири бошқа нимадир қилмоқчи...

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил февралдаги таълим муассасаларининг мол-мулки, бино ва иншоотлари ҳамда ер майдонларидан самарали фойдаланишни тартибга солишга оид фармойиши талаблари эса алоҳида масала.

Бунисига нима дейсиз?

Юқоридаги саволлар мутасаддилар қандай изоҳ беришаркин?

Кутамиз.

Зилола РАҲМОНОВА,
“XXI asr” мухбири