Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЖАМИЯТНИНГ ҲАҚИҚИЙ КЎЗГУСИ

ЖАМИЯТНИНГ ҲАҚИҚИЙ КЎЗГУСИ
Парламент қуйи палатасида “Мустақиллик ва миллий парламентаризмнинг шаклланиши ва ривожланиши” мавзуида конференция бўлиб ўтди. Тадбирда парламент аъзолари, Тошкент вилояти ҳамда пойтахтимиз Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги депутутлик гуруҳлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда истиқлол йилларида асос солинган икки палатали парламент ҳокимият бошқаруви тизимида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимини шакллантириш, қонун ижодкорлигининг сифатини жиддий равишда ошириш, умумдавлат ва ҳудудий манфаатларнинг мутаносиблигига эришишга хизмат қилди. Эътиборли жиҳати, юртимизда демократик ўзгаришларнинг чуқурлашиши, қолаверса, аҳолининг ҳуқуқий маданияти юксалиши, сиёсий фаоллиги ортиши билан парламентимизни янада ислоҳ қилиш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу сабабли ҳам 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида демократик ислоҳотларни ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис, сиёсий партияларнинг ролини яна кучайтириш масаласига алоҳида аҳамият қаратилган. Жумладан, давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш, ижро ҳокимияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш ҳамда қабул қилинаётган қонунларнинг амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳамда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтиришга йўналтирган ҳолда қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш, шунингдек, сиёсий тизимни ривожлантириш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
– Мустақиллик йилларида халқимизнинг миллий ва азалий қадриятлари, турмуш тарзини қабул қилинаётган қонунлар нормаларида акс эттириш қонун ижодкорлиги жараёнида парламент аъзоларининг асосий диққат марказида бўлди, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодав­лат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов. –  Натижада Олий Мажлис давлат ҳокимияти тизимида мустаҳкам ўрин эгаллаб, жамиятимизда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланди. Шу йилнинг 12 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузаси миллий парламент ривожида янги босқични бош­лаб берди.
Конференцияда давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган танқидий-таҳлилий фикрлардан келиб чиққан ҳолда бугунги кунда Олий Мажлис палаталари фаолиятида, хусусан, қонун ижодкорлиги соҳасида сифат жиҳатидан муҳим ўзгариш, янгиланишлар юз бераётгани алоҳида эътироф этилди. Хусусан, сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари давлатимиз раҳбарининг юқоридаги маърузасида сиёсий партиялар фаолиятидаги айрим муаммо ва камчиликлар хусусида билдирган фикрларидан сўнг партиялар ва фракциялар ишида жонланиш рўй бераётгани, янги ташаббуслар илгари сурилаётгани хусусида тўхталишди.
 

 
– Фуқароларимиз қонун ижодкорлиги жараёнида фаол қатнашяпти, – деди ўз сўзида O‘zLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция­си аъзоси Ойбек ЖУМАЕВ. – Парламент назоратининг жаҳон парламентлари амалиётида учрамайдиган янги механизм – ҳар ойда депутатлар муайян тумандаги реал аҳволни ўрганиши ва унинг якунларини Халқ депутатлари туман Кенгашида парламент палаталари раҳбарлари иштирокида муҳокама этилиши ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича амалий қарорлар қабул қилинаётгани ўзининг ҳаётийлигини кўрсатди. Мазкур механизм қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалий ижросини жойларда ҳаққоний ўрганиш учун шароит яратаётган бўлса, айни пайтда халқимизнинг хоҳиш-иродасини қонунлар ва давлат дастурларида акс эттириш имкониятини бермоқда. Энг муҳими, халқ вакилларининг бевосита ўз сайловчилари билан амалий мулоқотлари халқнинг парламентга ва юртимизда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларга ишончини оширмоқда.
Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ташаббуси билан  ташкил этилган мазкур анжуманда депутат ва сенаторлар қонунчилик, назорат-таҳлил тадбирларининг самарадорлигини ошириш, бу жараёнда аҳоли, жамоат ташкилотлари билан бамаслаҳат иш тутиш, сайловчилар билан доимий мулоқотда бўлиш орқали парламентимизни ҳақиқий демократия мактабига айлантириш, улар ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши кераклиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.
 Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
“XXI asr”  мухбири