Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Жамоатчилик тузилмалари аъзоларининг махсус кийимлари фақат қарордагина қоладими?

Жамоатчилик тузилмалари аъзоларининг махсус кийимлари фақат қарордагина қоладими?
Халқ осойишталигини асраш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда маҳалла фуқаролар йиғинлардаги “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси фаолияти такомиллаштирилмоқда.
 
Шу ўринда савол туғилади, самарали фаолият юритишда шу каби жамоатчилик тузилмаларининг моддий-техник аҳволи бугунги кунда қай даражада? 
 
Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, 2018 йилда 9022 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ташкил қилинган бўлиб, 
9002 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмалари фаолият олиб борган. 
 
Мазкур жамоатчилик тузилмалари таркибида 59636 нафар посбонлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига яқиндан ёрдам бериб келган. 
 
Қолаверса, 2018 йилнинг ўзида 142.522 та ҳуқуқбузарлик ва 3571 та жиноят бевосита “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси аъзолари хабарлари асосида аниқланган. 
 
Бироқ, бугунги кунда посбонларнинг хизмат олиб боришида хизмат кийимлари билан боғлиқ муаммо борлиги кўзга ташланмоқда. Жумладан, жиноятчиликка қарши курашишда посбонларни хизмат кийимлари билан таъминлашга эътибор берилмаяпти. Бу эса уларни оддий фуқаролардан ажратиш борасида қийинчиликларни келтириб чиқаришига ва жиноятчиликни олдини олишда фойдаланмасдан келаётган куч сифатида қолиб кетишига олиб келмоқда.
Бу муаммони ҳал қилинмасдан қолишига сабаб сифатида биз посбонлар фаолиятига бевосита дахлдор бўлган 2018 йил 3 июлдаги Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролар йиғинининг “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш ҳақида”ги 497-сонли Қарорнинг тегишли бандлари талаблари ижроси тўлиқ бажарилмасдан қолишини келтиришимиз мумкин.
Ушбу қарорнинг 2-бандига кўра, фуқаролар йиғинининг “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси аъзоларининг хизмат кийимларини тайёрлаш ва етказиб бериш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган.
 
Лекин, бугунги кунда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳам, Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ривожлантириш жамғармаси ҳам жамоатчилик тузилмаси аъзоларини хизмат кийимлари билан таъминлашга талаб даражасида эътибор бермаяпти.
 
Бунга асосий омил сифатида 2018 йил 3-июлдаги Вазирлар Маҳкамасининг 497-сонли қароридаги ўзига хос камчилик ҳисобланади. Хусусан, қарорда кўрсатилган ... жамоатчилик тузилмаси аъзоларининг хизмат кийимлари билан таъминлаш талаблари, умумий характерга эга.
Яъни, Фуқаролар йиғинининг “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси аъзоларининг хизмат кийимларини тайёрлаш ва етказиб бериш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган бўлиб, муддати ва қайси ташкилот томонидан қанча миқдорида молиялаштиришнинг аниқ механизмлари кўрсатилмаган.
 
Натижада қарорда кўрсатилган муассасаларнинг қарорнинг ижро этиш борасидаги сусткашлигига олиб келмоқда.
 
Бу эса, давлат раҳбариятини мазкур жамоатчилик тузилмаси борасидаги танқидий фикрлари келиб чиқишига ҳамда жиноятчиликнинг олдини олишда ушбу тузилмани ўрни сезилмасдан қолиб кетишига сабаб бўлмоқда. 
 
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда давлат раҳбари томонидан бир қатор халқаро спорт мусобақалари ва турли иқтисодий форумлар ўтказиш бўйича ташаббус илгари суриб келмоқда. 
 
Шундан келиб чиқадиган бўлсак, халқаро спорт ва бошқа тадбирларга мезбонлик қилиш бўйича истиқболли режа ишлаб чиқилганда мазкур жамоатчилик тузилмаларини ҳам ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ бўлади. 
 
Хулоса қилиб айтганда,Ўзбекистон Республикасида жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этишда жамоатчилик тузилмаларидаги молиявий-иқтисодий муаммонинг мавжудлиги уларнинг етарли даражада фаолият кўрсатишига тўсиқ бўлаётган асосий омил бўлиб қолмоқда. 
 
Р. Исамутдинов

ЎзАдан олинди.