Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Жанубий Корея тараққиётининг сири нимада?

Жанубий Корея тараққиётининг сири нимада?
Ахборот-коммуникация технологиялари ривожида!
 
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Янги технологиялар илмий-ахборот маркази ходимларидан иборат делегация Корея Республикасида бўлиб, солиқ маъмурчилиги жараёнларига замонавий ахборот коммуникация технологияларини татбиқ этиш, маълумотларни қайта ишлаш марказини модернизациялаш, шунингдек, коворкинг марказлари фаолиятини ташкил этиш бўйича илғор тажрибалар билан танишди.

Делегация аъзолари ташриф давомида “Plan I” компанияси, Миллий ахборот-тадқиқот, Тэджон ишланмалар ва иқтисодий инновациялар, Сеул глобал стартаплар марказлари, бошқа ташкилот ва идораларга ташриф буюрди.
 
Жанубий Корея Ички ишлар ва хавфсизлик вазирлигининг Миллий ахборот-тадқиқот хизматида ўтган учрашувда мамлакатимиз делегацияси аъзолари идоралараро маълумотларни қайта ишлаш ягона маркази фаолияти, солиқ маъмурчилигини автоматлаштириш, шунингдек, бошқа ахборот тизимларининг ўзаро ахборот алмашиш жараёнлари билан танишди.
 
Таъкидлаш жоизки, Жанубий Корея Осиёда ва умуман, бутун дунёда иқтисодиётга ва ижтимоий соҳага ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишда етакчилик қилиб келмоқда. Кореянинг иқтисодий тараққиёти рақамли технологиялар ривожи билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, АКТ соҳасидаги дунёдаги етакчи Samsung, LG, SK ва KT каби компанияларнинг мамлакат бозорида муҳим ўрин эгаллангани бунинг исботидир.
 
Жанубий кореялик экспертлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ахборот-коммуникация технологиялари тизимини такомиллаштириш ва электрон тижоратни ривожлантиришга оид ишларга юқори баҳо берди. 
 
Ўзбекистонлик мутахассислар Миллий ахборот-тадқиқот маркази фаолияти билан қизиқди. Марказда 44 та вазирлик ва идоралар, жумладан, Миллий солиқ хизматининг маълумотлари йиғилган. Марказ давлат органлари ва идораларига кечаю кундуз хизмат кўрсатиб, кунига ўртача 30 Тб маълумотни қайта ишлайди.

Барча вазирлик ва идоралар маълумотларининг бундай марказлаштирилиши йиғилган ахборотлардан самарали фойдаланиш имконини беради. Вазирлик ва идоралар ўртасидаги ўзаро алоқа тезлиги бир неча баробар ошади. Шу билан бирга, марказ фаолияти йилдан-йилга кенгайиб, унинг таркибий бўлимлари сони ҳам ошиб бормоқда. Марказда 1058 ходим ишлайди, шундан 800 нафари муҳандис ва ихтисослашган техник мутахассислардир.
 
Марказнинг янги йўналишларидан бири G-Cloud (“давлат булути”) лойиҳасидир. G-Cloud – барча замонавий талабларга жавоб берувчи, сертификатланган, кучли ҳимояланган маълумотлар йиғиш хизмати бўлиб, IaaS (“хизмат сифатидаги инфратузилма”) тоифасидаги хизматлар кўрсатади.
 
G-Сloud лойиҳаси дастурий таъминотга сарфланадиган бюджет маблағларини қисқартиришга олиб келувчи миллий платформа экани билан ҳам эътиборлидир. Ушбу платформа ахборот технологиялари инфратузилмасини бошқариш соҳасида замонавий усуллардан фойдаланиш имконини беради. G-Сloud ёрдамида мамлакат учун муҳим бўлган ижтимоий лойиҳалар – жамоат хавфсизлиги мониторинги, энергия ресурслари, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълимни бошқариш бўйича мониторинг тизимлари яратилган.
 
Давлат ва хусусий секторларда коворкинг марказларни ташкил этиш билан шуғулланадиган қатор компаниялар ва махсус марказларга ташриф чоғида ўзбекистонлик ва кореялик мутахассислар мазкур соҳада фикрлар алмашди. Хусусан, “Plan I” компанияси билан учрашувда коворкинг марказлар инфратузилмаси ва улар фаолиятига доир маълумотлар олинди. 
 
Коворкинг марказлари – бу янги ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари, якка тартибда фаолият юритаётган турли соҳа вакиллари учун биргаликда иш жойи вазифасини ўтовчи махсус ихтисослашган офисдир. Марказ хоналари замонавий идорага хос жиҳозланган бўлиб, у ерда интернет хизматлари, идора анжомларидан (компьютер, принтер, сканер) фойдаланиш, учрашувлар хонасида ҳамкорлар билан йиғилишлар ўтказиш мумкин. Бу одатдаги ижарага жой олгандан ёки бино қуриб, жиҳозлагандан анча қулай. 
 
Музокаралар натижасида муҳандислар ва дастурчиларнинг малакасини ошириш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида келишувга эришилди, шунингдек, Ўзбекистонда Жанубий Корея инвестицияларини жалб этган ҳолда коворкинг марказ тузишга келишилди.
 
Корея Республикаси вакиллари АКТ соҳасида Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро тадбирларда иштирок этиш истагида эканини, юртимиз мутахассисларига стажировкалар ўтказиш ва уларнинг малакасини оширишда яқиндан ёрдам беришга тайёр эканликларини билдирдилар.
 
Ҳаётжон Насруллоев,
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги
Янги технологиялар илмий-ахборот маркази директори.

"ЎзА"дан олинди.