Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЖАР ЁҚАСИДАГИ ОЛИШУВ

ЖАР ЁҚАСИДАГИ ОЛИШУВ

 

 

Муносабатларнинг чигаллашуви сабаби

Бугунги кунда ниҳоятда чиррсиллаб турган халқаро можаролар, аслида, жорий йил 4 март куни аланга олди, десак хато бўлмайди. Ўшанда Англия жанубидаги Солсбери шаҳрида Буюк Британия фойдасига ишлаган россиялик собиқ жосус Сергей Скрипал ва унинг қизи Юлий Скрипал ҳушсиз ҳолда топилди.  Бу масалага ҳали батафсил ойдинлик киритилгани йўқ. Лондон улар Россияда ишлаб чиқарилган асаб тизимини фалажловчи “Новичок” моддаси билан заҳарланганини, бу суиқасд ортида Россия турганини иддао қилди ва Россиядан изоҳ беришни талаб қила бошлади. Россия томони эса, бу сўровни эътиборсиз қолдирганидан кейин Буюк Британия Россияни ўз ҳудудида кимёвий қурол қўллаганликда айблаб, 23 нафар дипломатни ўз ҳудудидан чиқариб юборди. Айнан шу масала мултфилмлардаги уйқуда ётган баджаҳл мушукни уйғотиб юборди гўё.

Март ойи охирида “Скрипал иши” доирасида АҚШ томони ҳам 60 нафар россиялик дипломатни мамлакатдан чиқариб юбориш қарорини қабул қилди. Шунингдек, Россиянинг Сиетл шаҳридаги бош консулхонаси ёпилди.

Янги низо нимадан бошланди?

Сурияда 2011 йилда бошланган фуқаролар уруши мамлакатни бир неча қисмларга бўлиб ташлаганидан хабарингиз бор. Сурия ҳукумати, ИШИД, курдлар ва бошқа турли жангари гуруҳлар ўртасидаги қуролли тўқнашувлар ҳамон давом этмоқда.

Суриянинг Дума шаҳридаги кимёвий ҳужумни  “Жайш ал-Ислом” гуруҳи назорат қилаётганини жаҳон матбуоти ёза бошлади. 7 апрел кунги маълумотларга кўра, зарин ёки  хлорли бомбаларни Сурия ҳарбий ҳаво кучлари вертолётлардан ташлагани оқибатида 60 киши ҳалок бўлган ва бир мингга яқин киши жароҳат олган деган хабарлар шусиз ҳам гулханга ёғ сепгандек бўлди. АҚШ бу қуролларни ишлатишда  Башар Асад режимини айблади. АҚШ президенти Доналд Трамп Сурия лидерини қўллаб-қувватлаб турган Россия ва Эронни катта тўловга тушади, деб қўрқитди. Оқ уй раҳбари Дума воқеасига қарши равишда барча вариантлар кўриб чиқилаётганини маълум қилди. Шундай қилиб, совуқ уруш ҳуружи янада авжланди.

Ўшанда Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги ва Сурия ҳукумати Думада кимёвий ҳужумлар қўлланганини рад этиб, буни бўҳтон, деб аташганди. ўарб мамлакатлари раҳбарлари бу иддаога ишонишмади. Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсон Россиянинг Сурияни кимёвий қурол билан таъминламаслик ва бу ҳудудда уни бутунлай йўқ қилишга оид  2013 йилдаги мажбуриятини бажармаганликда айблади. Бир кун ўтиб, 8 апрелда  Хомс  провинциясида “Тифор” (Т4) ҳукумат  аеродроми ўққа тутилди. Россия ҳарбийлари авиаҳужумни Исроил ҳарбий ҳаво кучлари амалга оширди, деб баёнот берди. 10 апрел куни кечаси БМТ Хавфсизлик кенгаши Думадаги фавқулодда вазият юзасидан шошилинч мажлисини чақирди. АҚШнинг БМТдаги Доимий вакили Никки Хейли ҳолатга баҳо берар экан,  Вашингтон ҳужумга нисбатан қарши чоралар кўражагини эслатиб ўтди. Шунингдек, Трамп Франция, Буюк Британия лидерлари билан шу масалада келишгани ҳам уқтириб ўтилди.

10 апрел куниёқ Американинг “Томагавк” учувчи ракеталари билан жиҳозланган ҳарбий кемалари Сурия қирғоқларига яқин жойга келиб жойлашди. Шуни айтиш керакки, роппа-роса бир йил муқаддам, 2017 йил апрел ойи бошида ҳам АҚШ Идлиб провинциясида кимёвий қуролни ишлатганликда айблаб, Суриянинг Шайрат авиабазасини бомбардимон қилганди. Ўшанда аниқ далиллар топилмаган эди. 

Бироқ, сўнгги фавқулодда ҳолат, асосан, “Скрипал иши” бўйича Россия билан АҚШ  муносабатлари инқирози кучайган даврга тўғри келгани учун янги поғонага кўтарилди, дейиш мумкин.

БМТда нима содир бўлмоқда?

АҚШ вакили  жаҳон жамоатчилигини Суриянинг Дума шаҳридаги ҳужумга нисбатан қатъий чоралар кўришни чақирмоқда. Бунинг учун Кимёвий қуролларни таъқиқлаш ташкилоти  (ОЗХО —Организатсии по запрещэнию химического оружия) механизмларини ишга солишни кўзлаб, 2013 йилда Дамашқ шаҳарчаларида рўй берган шундай воқеаларни текширмоқчи эди. Бироқ, 2017 йилда Россия бу ишларнинг давом этилишига қарши  вето қўйганди.

Ўзаро можаро авж олган апрел ойида бу масалага яна қайтилди. БМТнинг Сурия бўйича бош котиби Стефан де Мистура 9 апрел куни нодавлат ташкилотлари маълумотига кўра, 6 апрелда Думадаги юзлаб одамларда кимёвий қуроллар, ҳатто асаб тизимини ишдан чиқарувчи воситалар қўллангани тиббий симптомлари аниқланганини эълон қилди. Махсус вакил фикрича,  далиллар ишончлилигини текшириб кўриш учун шароит йўқ. Швеция ва Россия таклифига биноан, ОЗХО экспертлари Сурияга бориб ўрганиб,  хулосаларини  чоп этиши керак эди. Сурия тарафдори бўлган Россия Вашингтон таклиф этган резолюция шартларига кўнмасдан, унга қарши чиққанидан  кейин АҚШнинг доимий вакили Никки Хейли Хавфсизлик кенгаши аъзоларини Россия вариантига қарши  ёки бетараф позицияда бўлишга чақирди.

Глобализм, бу – америка гегемонлигими?

Мураккаб глобаллашув шароитида ким ҳақлигини тўғридан-тўғри айтиш қийин.  БМТнинг иккита резолюция лойиҳаси ҳам рад қилинди. Аслида, бу лойиҳалар кескин муаммони бирданига ҳал қилиши ишонарли эмас. Масаланинг илдизи чуқур: эсингизда бўлса, Горбачев-Рейган келишув тандеми туфайли 1991 йилда СССР парчалангандан кейин дунё бўйлаб Вашингтон консенсуси моделини қабул қилдириш жараёни бошланганди. Ўшанда америкалик таниқли жамоат арбоби З.Бзежинскийнинг қайд этишича, Шарқ мамлакатлари жамиятлари ҳаётида ғарблаштириш сиёсати янада кучаяди, яъни демократиялаш ва модернизациялашнинг  устуворлиги ошади. Айни вақтда  ўарб давлатларида ишлаб турган стратегик тадқиқот институтлари, махсус телерадиоканал, ўн минглаб ижтимоий сайтлар, мобил телефонлари уларнинг глобал вазифалари учун  хизмат қилаверади. АҚШнинг олдин Форс кўрфазини, кейин Евроосиёни “бошқариш” мақсади унинг бутун дунёдаги ҳозирги мавқеини сақлаб қолишнинг ҳал қилувчи омилига айланади. Хориж олимлари “глобализм, бу – америка гегемонлиги”, деган эди. Давлат арбоби Г.Киссенжер 1999 йилдаёқ “асосий таҳдид шундаки, “глобаллашув” деб аталувчи ҳодиса, аслини олганда, Қўшма Штатлар ҳукмронлик ролининг бошқача номидир”, деган эди. АҚШ маъмурияти СССРнинг парчаланиб кетишини “глобал демократик инқилобнинг ғалабаси”, деб  қабул қилган эди.  1991 йилдан кейин Яқин Шарқнинг бир қатор давлатлари ва  постсовет республикаларида “рангли инқилоблар”, жумладан, Грузияда “атиргул инқилоби”, Украинада “зарғалдоқ инқилоби”, Ироқда “қирмизи инқилоб”, Ливанда “кедр инқилоби” ҳамда  Тунис, Миср,  Ливия, Украинада  давлат тўнтаришлари содир этилди.

Фикрлар исботи шуки, Америка кемалари эндиликда Сурияга етиб келди. Россия ҳам Суриядан ўз қўшинларини тўлиқ олиб чиқмаган. Дарвоқе, 49 йил давомида Хмеймимдаги ҳарбий базасига мустаҳкам жойлашди. Дунё ҳамжамияти эса воқеалар қандай тугашини сабрсизлик билан кутмоқда. Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя: “Бизнинг резолюциямиз қабул қилинмагани, бу, афсуски,  лакмус қоғози бўлса-да, кўп нарсадан далолат беради. АҚШнинг хатти-ҳаракатлари катта хавф-хатарни туғдиради”.

Марказий разведка бошқармаси собиқ директори, АҚШнинг янги давлат котиби Майк Помпео Россия билан юмшоқ муносабатлар олиб бориш сиёсати ўтмишда қолганини маълум қилди. У Россия билан муносабатларда қўлланадиган санкцияларни келтирар экан: дипломатларни чиқариб юбориш, Америка армиясини кучайтириш, ядровий ривожланиш, шунингдек, Украина ва Грузия ҳудудида Россия экспансиясига қарши қаршилик кўрсата оладиган кишиларни қуроллантириш каби жиҳатларга тўхталиб, иккала томон ҳам бир-бирини таҳдидчи сифатида кўраётганини таъкидлаган.

Сурия можаросига муносабат ҳам турлича. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Хуа Чуниннинг маълум қилишича, ХХР раҳбарияти доимо халқаро муносабатларда куч қўлланилишига қарши чиқади, бошқа давлатлар суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чақиради. Россия президенти Владимир Путин бу ҳаракатларни қоралаб чиқди. АҚШ ўз иттифоқчилари билан Суриядаги ҳарбий ва фуқаролик обЪектларига БМТ Хавфсизлик Кенгаши санкциясисиз авиазарбалар бериб, БМТ низоми ва халқаро ҳуқуқ нормаларини бузди, деди у.

Эрон Олий етакчиси оятуллоҳ Али Хоманаий АҚШ, Буюк Британия ва Франция қуролли кучларининг Сурияга зарбасини жиноят, деб атади. Унинг сўзларига кўра, АҚШ, Франция ва Буюк Британия етакчиси Доналд Трамп, Эммануел Макрон ҳамда Тереза Мей бу “жиноятда” айбдордир. Еврокенгаш раҳбари Доналд Туск АҚШнинг Сурияга зарбалари бўйича изоҳ бераётиб, ЕИ иттифоқчиларини қўллаб-қувватлаши ва улар билан “адолат томонида” бирга бўлишини маълум қилди. Туркия ҳам Суриядаги вазиятга бошқача муносабат билдирди. Кимёвий ҳужумни жазосиз қолдириб бўлмайди. Суриядаги режим сўнгги вақтларда мухолифатга барча йўллар билан ҳужум бошлаб, нафақат кимёвий, балки оддий қурол билан ҳам одамларни ўлдирмоқда. Оддий қурол туфайли кимёвийга қараганда кўпроқ инсонлар ҳалок бўлмоқда, деб баёнот берди Р.Эрдўған. Аммо Сурия билан боғлиқ бир бўлажак муаммони эсдан чиқармаслик керак: ЕИ ҳудуди учун ҳозирда ҳам “ноқулай” мигрантларнинг янги тўлқини кўпаяди.

Лидерлар бир масалада ҳақ: БМТ санкцияларига эга бўлмаган ҳамда барча халқаро нормаларга амал қилмай туриб, Сурияда ҳам, бошқа мамлакатларда ҳам  ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш оғир жиноятдир. Вақти келганда, тарих бу ҳаракатларга ҳаққоний баҳони беради. Модомики, масала шу тахлитда қўйилаётган экан, Вашингтон ҳам Югославия, Ироқ, Ливиядаги қонли ҳаракатлар учун дунё халқлари олдида жавобгар ҳисобланади.

Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШ, Германия, Буюк Британия, Франция,   2014 йилги Қрим воқеасидан Россия томонига босимни кучайтириш, иқтисодий санкцияларни қўллаш чорасини ҳануз пасайтирмади.  Хуллас, икки кучли держава жаҳонга гегемонлик қилиш устида очиқ кураш олиб бораётгани кўпчиликка сир бўлмай қолди.

Эндиликда барча дипломатик ва сиёсий ечим ҳақида гапирмоқда, бу эса нимадир ўзгариши кераклигига доир ҳақиқий белгидир.

Бахтиёр ОМОНОВ,

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети дотсенти, сиёсий фанлар номзоди

"ҲУРРИЯТ" газетасидан олинди.