Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Жиззахда йиллик қуввати 70 минг тонна чиқиндини қайта ишлайдиган корхона ишга тушади

Жиззахда йиллик қуввати 70 минг тонна чиқиндини қайта ишлайдиган корхона ишга тушади

          Бугунги кунда сайёрамизда беш миллиард тоннадан зиёд чиқинди йиғилиб қолган. Уларнинг бор-йўғи ўттиз фоизигина қайта ишланади, деб ёзади бу ҳақда журналист Наргиз Қосимова “Facebook”ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали.
          Биргина Ўзбекистонда 186 та чиқинди полигонлари мавжуд бўлиб, уларга 33,4 млн.тонна чиқиндилар кўмилган. Бундан ташқари 2016 йилда 566 та санкцияланмаган чиқиндихоналар рўйхатга олиниб, уларга кунига 15,3 минг тоннага яқин чиқинди ташланади. Мазкур муаммони ҳал этишда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори экология ва санитария муҳитини янада яхшилаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва ташиб кетишни тартибга солишда олдинга ташланган қадам бўлди. Ҳозирда чиқинди муаммосини бартараф этиш бўйича республикамизнинг барча вилоятларида чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг марказий қисмида жойлашган Жиззах вилоятида 10 та чиқиндихоналар мавжуд бўлиб, уларнинг деярли барчаси талабга жавоб бермайди. Шулардан 4 тасидагина таъмирлаш ишлари бошланган.

           -Ҳозирги кунда чиқиндилар Вазирлар Маҳкамасининг 315-сонли қарори талабига асосан туманларда ободонлаштириш бошқармалари, шаҳар ҳудудларида санитар тозалашга ихтисослашган корхоналар томондан амалга ошириш кўзда тутилган эди. Аммо қарор талабларининг тўлиқ бажарилмаганлиги, яъни чиқиндилар ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаслиги сабабли ноқонуний чиқиндихоналар сони шаҳар ва туманларнинг ҳудудларида кўпайиб борди. Мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида вилоятларда Президентимизнинг 2916-сонли қарори билан “Тоза ҳудуд” ДУК Экология ва атроф муҳит муҳофазаси вилоят бошқармалари тассаруфида ташкил этилмоқда. Корхонанинг асосий вазифаси ободонлаштиришдаги чиқинди секторидаги техникани ўз балансига олади ва аҳоли ҳамда юридик шахсларни тўлиқ қамраб олган ҳолда кунлик чиқиндиларни чиқинди полигонларига олиб бориб, жойлаштриш вазифаси юклатилган, дейди Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси вилоят бошқармаcининг мутахассиси Бунёд Эгамов. –Айни пайтда Жиззах вилоятида 5 та чиқиндини қайта ишлаш корхонаси рўйхатдан ўтган. Шулардан бири Ғаллаорол туманида ишдан чиққан автошиналарни қайта ишлаш “Алишер савдо инвест” корхонаси технологик жараёнининг носозлиги туфайли вақтинча ишламаяпти. “Европласт” бакалашкаларни қайта ишлаш корхонаси ўз фаолиятини қайта тиклаяпти. Иккиламчи қоғозга топширилган қоғоз чиқиндиларини қайта ишлаш корхонаси вилоятда йўқ, улар қайта ишлаш учун Тошкентга олиб кетилади. Бундан ташқари “Жиззах Авантаж плюс” корхонаси томонидан ишлатиб бўлмайдиган кўмир кукунидан эса кўмир брикети чиқарилмоқда. Ишлаб чиқаришдаги кимёвий моддалар эса Жиззах вилоятида “Жиззах агрокимёҳимоя” ҳудудий акциядорлик жамиятига қарашли Фориш тумани Эгизбулоқ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан 6 км. узоқликда заҳарли моддалар қабрстонига кўмилади. Ҳозир у ерда реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Умумий майдони 5 гектардир. Тез кунларда у янгиланган ҳолда ўз фаолиятини бошлайди. Барча кимёвий моддалар, кимёвий моддалар сақланган идишлар хандақлар қазилиб, деворлари бетонланган ҳолда кўмилади.

            Чиқиндихонага олиб бориладиган чиқиндилар морфологиясини кўрадиган бўлсак, асосан маиший чиқиндилардир. Вилоятда маиший чиқиндиларни қайта ишлаш корхонаси мавжуд эмас. Мазкур муаммони бартараф этиш учун бугун Жиззах вилояти хокимининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2916-сонли қарори асосида 2017 йил 6 майда 227-сонли қарори қабул қилиниб, қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш мақсадида Жиззах шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Temurbek elegant” МЧЖ томонидан таклиф этилаётган “Чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш” лойиҳаси ташкил этиш жараёнида. Корхона ишга тушганидан сўнг, йиллик қуввати 70 минг тонна чиқинди қайта ишланади. Лойиҳа доирасида 49 дона чиқиндини ташиш ва утилизация қилиш техникаси, 170 та чиқинди тўплаш учун контейнерлар харид қилиш ва ўрнатиш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.

             Аммо корхонанинг қачон ишга тушиши ҳали аниқ эмас. Айни пайтда барча маиший чиқиндилар Жиззах шаҳридан 24 км. узоқликдаги 21,2 гектар майдонда жойлашган чиқинди полигонига олиб келиб, кўмилади. Аксарият ҳолатларда чиқиндиларнинг турли сабабларга кўра ўт олиши натижасида улардан чиқаётган ёқимсиз ҳидли тутун эса шамолнинг йўналишига қараб атрофда жойлашган аҳоли уйлари томон йўналади.

            Жиззах шаҳар ободонлаштириш бошқармаси чиқинди қабул қилиш пункти ходими Абдували Нурматовнинг айтишича, полигонда чиқиндилар сараланмайди. Бизнинг асосий вазифамиз атрофни тозалаш, чиқинди олиб келинадиган техникани бошқаришдир, дейди у.- Аксарият ҳолатларда чиқинди куннинг қизиганида газлар ажралиб чиқиши оқибатида ёниб кетади, кўп ҳолатларда шаҳар ва туманлардаги чойхоналардан маиший чиқиндилар билан қўшиб келтирилган, ўчмаган чўғлар чиқиндихонада ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлади.