Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Жонли эфирдасиз, чалғиманг!

Жонли эфирдасиз, чалғиманг!
Авваллари кўникмаганимиз учунми, телевидениедаги “жонли” (балки “Тўғридан тўғри” десак афзалдир) узатилаётган кўрсатувларни кўриб, кузатиб, гоҳ кўнгил тўляпти, гоҳ...
Бу табиий, айниқса, телестудияда иштирокчиларни танланган мавзуга йўналтириш осон кечмаётганини “Ўзбекистон-24”, “Муносабат” ва бошқа тезкор кўрсатувлар орқали кузатяп­миз. Бири тоғдан, бири боғдан айтилаётган савол-жавобларниям эшитяпмиз. Асосийси, одамлар бундай чиқишларга ташна эканлиги қувонарли ҳол. Лекин...
Кимлигимиздан қатъи назар, у телестудияда бўладими ёки бирор йиғин-машваратдами, барибир, сергак бўлишимиз кераклигини унутмайлик. Чунки кўряпмиз-да, нуфузли йиғилиш­ларда бемалол ухлаётган ёки телефонда ўйин ўйнаб, интернетда ёзишиб ўтирган тепса теб­ранмасларни.
Огоҳ бўлайлик, ҳаммамиз “жонли эфир”дан ташқари, ҳаёт йўлларида ҳам чалғимайлик!
 
“Нега Тошкентда
таймерли светофорлар кам?”
– Алло, таҳририятми?
– Худди шундай, эшитамиз.
– Бир саволим бор эди.
– Марҳамат!
– Жондор туманида яшайман, исмим Бахтиёр, ўқитувчиман.Ўғлим Миллий университетга тест топширувди. Шу баҳона оиламиз билан пойтахтни бир томоша қилиб келамиз деб бордик. Сешанба куни биз учун ҳам унутилмас байрам бўлиб кетди ўзиям. Бу ёғини сўрасангиз, уч йилдан бери ўқишга киролмаётган фарзандим грант асосида ўқишга кирди.
– Табриклаймиз!
– Раҳмат. Мен сизларга бошқа бир масалада қўнғироқ қиляпман.
– Хўш, хўш!
– Ўз  машинамда уч кунча айландим. Тошкентдай катта бир шаҳарда рақамли светофорлар йўқлиги мени ҳайрон қолдирди. Бизни Бухорога боринглар, ҳар бир чорраҳада замонавий светофорлар кечаю кундуз ишлаб ётибди. Пиёдагаям қулай, ҳайдовчигаям, қоиданиям бузмайсиз.  Бунисиям майли, ишонсангиз, бу ёқда ўнта жойда кузатдим, авваллари “яшил”дан “қизил”га ўтишда тўрт марта огоҳлантирувчи чироқ ёниб ўчарди. Бу ёқда санадим, учинчисига ўтар-ўтмас, “қизил” ёниб қоляпти. Салгина тез келаётган шофёр улгуролмайди, ахир, яна денг, камера кузатиб турибди.
– Бу борада таклифингиз борми?
– Шунинг учун телефон қиляпман-да. Йил бошларида эди шекилли, худди шу масала юзасидан   Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси вакиллари  пойтахтда рақамли таблоси бўлган светофорларни ўрнатиб бўлмаслигини айрим сабаблар билан изоҳлашган ва кўп вақт ўтмасдан ушбу муаммога ойдинлик киритилиб, илк синов тариқасида бундай светофор иккита чорраҳада ўрнатилганини маълум қилишган эди. Мен ушбу тест режимида ишлаётган светофорлар ўзини оқлашига ишонаман. Нега десангиз, ҳозир техника асри, мамлакатимизнинг турли вилоятлари марказларида кўпдан бери вақт белгиланган йўл чироқлари намунали тарзда ишлаяпти-ку!
Менинг таклифим, энг аввало, ўз юртдошларимиз, қолаверса, хориждан
Ўзбекистонни бир кўрмоқ умидида оқиб келаётган меҳмону зиёратчиларнинг ҳаракатланишига қулайлик яратиш учун таймерли светофорларни кўпайтириш вақти келди. Ана шунда дуч келган жойда “хато қилишимизни кутаётган” ЙПХ ходимларига эҳтиёж қолмасмиди?
 
“ТЕРМИНАЛ  ИШЛАЙДИ”
деб ёзиш шартми?